Хотин-қизлар масаласи доимий эътиборда

 

Бугун кунда Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо хотин-қизлар Жиззах вилоятида 7436 нафарни ташкил этади. Халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари депутатларининг 28 фоизи эса партиямиздан сайланган аёл сиёсатчилардан иборат. Бу эса ўз навбатида мамлакатимизда кечаётган сиёсий жараёнларда хотин-қизларимиз фаол эканлигидан далолат беради.

Партия вилоят Кенгаши томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ, манфаатларини таъминлаш, уларни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш чораларини кўриш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганишда депутатлар иштироки” лойиҳасида депутатлик гуруҳи тузилиб, “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларнинг муоммаларини ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланмоқда.

Хотин-қизларни бандлигини таъминлаш, шу орқали уларга доимий даромад олиш имконини яратиш ҳам партиямиз олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Шу мақсадда, партия Жиззах вилоят кенгашининг саъй-ҳаракати билан 140 га яқин хотин-қизлар Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида касбга ўқитилди ва тадбиркорлар, ҳунармандларга шогирдликка бириктирилди.

Мазкур йўналишда Ўзбекистон ХДП томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган “Аёлларга кўмак” лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даврида лойиҳа доирасида вилоят миқёсида ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркаларида 120 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланди, 64 нафар хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга амалий ёрдам кўрсатилган бўлса, аёл ва қизларимиздан 132 нафари ҳунар ўрганиш учун шогирдликка бириктирилди.

Халқ депутатлари Ғаллаорол туман Кенгаши депутати Бувхол Ғозиеванинг ташаббуси билан эса хотин-қизлардан 40 нафари тумандаги “Бахт барака чеварлари” тикувчилик фабрикасига ишга жойлаштирилди. “Аёллар дафтарига” киритилган ушбу туманда яшовчи Мадина Тўйчибоева партия ёрдами билан тижорат банкидан 15 млн сўм кредит олиб тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди ва бугунги кунда самарали фаолият олиб бормоқда.

Партиянинг яна бир ташаббуси “Аёллар соғлиги - жамият бойлиги” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар хотин-қизлар саломатлигини муҳофаза қилиш, улар ўртасида спортни оммалаштиришда ижобий натижалар бермоқда. Хусусан, “Хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий маданиятини ошириш” мавзусидаги тиббий кўрик акциясида 1596 нафар хотин-қиз, 615 нафар бола шифокорлар кўригидан ўтказилди ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан аёллар учун мўлжалланган 10 турдаги бепул дори-дармонлар, санитария-гигиена воситалари билан таъминланди, 331 нафар хотин-қизга даволанишлари учун йўлланмалар берилди.

Шуниси эътиборлики, партия томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг муаммоларни манзилли ўрганишга алоҳида эътибор қаратилиб, депутатлар яшаш шароити оғир бўлган хотин-қизларнинг уйларига бориб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганмоқда. Эҳтиёжманд хотин-қизларга керакли ёрдамлар кўрсатилмоқда. Мутасадди ташкилотлар ва ҳомийлар кўмагида ногиронлиги бўлган 35 нафар фуқарога махсус аравачалар, 46 нафарига эшитиш мосламаси ажратилди ва 68 нафарига уй-жойини таъмирлашда амалий кўрсатилди.

Албатта, электорат манфаатини ҳимоя қилиш, сайловчиларимизнинг ишончига муносиб бўлиш доимий эътиборимиздаги масала ҳисобланади. Партиямиз томонидан белгилаб олинган дастурий мақсад ва ташаббуслар ижросини таъминлаш, бу борада олдимизга қўйган улкан режа ва мақсадларимизнинг амалга ошишига хизмат қилади.

 

Жамила Ядгарова,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят КЕНГАШИ сектор мудири.

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш