Тараққиёт стратегиясида инсон омили биринчи

Жорий йилнинг 24 октябрида халқаро сайлов стандартларига мос тарзда қонуний ва ҳаққоний бўлиб ўтган Президент сайлови том маънода, мамлакатимизнинг ўзи танланган демократик тараққиёт йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигини яна бир бор исботлаб берди. Буни сайлов жараёнини холис кузатиб борган халқаро кузатувчилар ва экспертлар, ОАВ томонидан берилган юксак баҳолар ва ижобий фикрлар мисолида кўриш мумкин.

Cўнгги беш йилда Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар сиёсати натижасида мамлакат иқтисодий жиҳатдан анча эркинлашди, сармоядорлар ҳамда минтақавий ва халқаро миқёсда ҳамкорлик қилувчи шериклар учун очилди. Сайлов натижалари Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёнининг халқ томонидан кенг қўллаб-қувватланишининг ёрқин тасдиғи бўлиб, жамият ҳаётида яққол сезилмоқда, ҳолбуки, мамлакат аҳолисининг нурафшон келажакка бўлган қатъий ишончини ўзида мужассам этди. Аҳамиятлиси, ислоҳотлар жараёнида амалий самарадорлик ва инсон манфаатлари биринчи ўринга қўйилмоқда. Бунда айниқса, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракаатлар стратегиясининг ўрни катта бўлди. Унинг асосида мамлакатда ижтимоий йўналтирилган кўплаб дастурлар амалга оширилди. Фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, оммавий ахборот воситалари ва спортни ривожлантиришга катта эътибор қаратилди.

Навбатдаги Президентлик лавозимини ижро этишга киришар экан Юртбошимиз томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг етти йўналишини эълон қилди. Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналиши  эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонага кўтарилиши этиб белгиланди. Бу борада, миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг, бутун халқимизнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди. Аслида шу пайтгача ҳам халқ манфаати биринчи ўринга қўйилган. Энди бу борадаги ҳаракатларни янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсад қилинган. Бунинг учун маҳаллий бошқарув органларининг жойларда муаммоларни ҳал этишдаги роли ва масъулиятини янада кучайтириш мақсад қилинган. Бунинг учун келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилади.

Демакки, маҳалланинг жамиятдаги роли янада оширилади. Чунки маҳалла оддий одамларнинг ҳолидан хабардор, уларнинг иссиқ совуғидан хабар оладиган ноёб бўғин.  Шундай экан, Президентимиз жамият бошқарувининг таянч бўғини, ислоҳотлар самараси бевосита акс этадиган маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилишини таъкидлади. Ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади. Маҳалла раиси эса маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакллантиришга жавоб беради. Шу билан бирга, маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлигининг вакили ҳам бўлади.

Марказий идораларнинг ҳудудий тузилмалар билан ишлаш жараёнига янгича ёндашувларни жорий этиб, эскирган бюрократик усуллардан воз кечиладиган бўлди. Бу усул ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик билан мустақил ҳал этишга имкон беради.  

Президентимиз ҳар доим халқ дарди, муаммолари билан бирга яшайдиган фидойи раҳбар. Айнан уларнинг ташаббуси билан Халқ қабулхоналари ташкил этилган. Энди Халқ қабулхоналари янаям халқ овозини, жамоатчилик фикрини ифода этадиган тузилмага айланиши учун қўшимча ҳуқуқий асослар яратилади.

Мамлакатимиз келажаги кадрларга боғлиқ. Айни вақтда кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш жараёнига янгича, замонавий ёндашувлар жорий этилади. Кадрлар давлат хизматига танлов асосида қабул қилинади, улар учун узлуксиз малака ошириш, натижадорликни баҳолаш ва лавозим бўйича кўтарилиш мезонлари белгиланади.

Энг муҳими, Тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси ҳар биримизга,  шу жумладан, халқ вакиллари бўлган биз депутатлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди. Зеро, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтириш депутатларга боғлиқ.  Қолаверса, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш борасидаги ишларни ҳам жадаллаштиришимиз зарур. 

                                                                     Дилором Имомова,

                                                    Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, 

                                                         ЎзХДП фракцияси аъзоси

 

 
← Рўйхатга қайтиш