Аёл ва эркак илм олишда тенг ҳуқуқли

 

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг «Менинг юртим» телеканалига берган интервьюси ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама этилмоқда. Унда вазир  аёл ва эркакларнинг тенг ҳуқуқли билим олиши ва бунинг жамиятга таъсири хусусида сўз юритган.  «Бу жамиятимизга фақат фойда келтиради. Мактабларимизда ўғил бола ҳам, қиз бола ҳам бир хил ҳуқуқда ўқишига эътибор берамиз. Қизларни ўқитишнинг жамиятга фойдаси жуда кўп. Ҳаётда мана бу қиз ўз жонига қасд қилибди ёки оилада зўравонликка учрабди каби бошқа хабарларни эшитиб қоламиз. Буларнинг таги, ҳаммаси – билимсизликдан. Эртага оилавий можаро бўлиши ҳам, қизнинг чиқолмайдиган боши берк кўчага кириб қолиши ҳам, бошқа нарсаларнинг олдини оладиган нарса – илм, таълим.

Халқ таълими вазирининг фикрига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Билимсизлик, илмсизлик қандай хунук оқибатларга олиб келишини айрим давлатлар тажрибаси кўрсатиб турибди. Юртимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этаётган эканмиз, бизга замонавий билимларни эгаллаган йигит ва қизлар керак.  Вазир ахборот технологиялари соҳаси қизлар учун кенг имкониятлар беришини айтиб ўтди. «Ахборот технология соҳасига, афсуски, қизларимиз кам топширарди. Аслида бу соҳа қизларга кўпроқ имконият очади”. Дарҳақиқат, аёл ахборот технологиялар бобида билимга эга бўлса, уйда ўтириб ҳам бемалол аутсорсингга хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Қўшимча даромад топаверади.  

Фарзандларга илм бериш ўрнига бугун ортиқча дабдаба, серхаражат тўйлар ҳақида бош қотираяпмиз. Шерзод Шерматов жамиятнинг тўйлар борасидаги дунёқарашини ўзгартириш кераклиги ҳақида ҳам ўз фикрларини билдирди. «Ўзимизнинг қайсидир одатларимизни секин-секин тўғрилашимиз керак. Масалан, бутун умр фақат тўй учун яшаш керак эмас. Аксарият одамларимиз бутун умр тўй учун яшайди. Йиғганини бир ҳафталик тўйда сочвориши керак деб ҳисоблайди. Қиз узатишда ҳам бутун умр йиққанини қизга сарпо қилиш, ош бериш билан «йўқ қилиб юборади».  Шунинг учун бутун жамият дунёқарашини ўзгартиришимиз керак. Энг яхши мерос бу – берилган таълим-тарбия. Бошқа меросларнинг ҳаммаси йўқ бўлиб кетади. Ёш оилада кўп жанжаллар нимадан чиқади? Рўзғордаги етишмовчиликдан чиқади», - деди вазир. У олий таълимда контракт асосида ўқишга кирган қизларни ҳам ўқитиш кераклиги, бунинг учун давлат томонидан берилаётган имкониятларга тўхталди. Президентимизнинг қизлар учун алоҳида грант ажратганлари тагида мана шу маъно ётибди.  Афсуски, бу фикрларга эътироз билдирадиганлар, Ўзбекистон таълим тизимига салбий баҳо берадиганлар  ҳам жамиятда учраб туради.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фикрича, хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимиз барча ислоҳотларда фаол иштирок этмоқдалар. Аҳолининг деярли тенг ярмини ташкил этадиган оналаримиз, опа-сингилларимизга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий қисми бўлиб қолаверади. Партиямиз бундан кейин ҳам хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, қизларни билимли ва соғлом этиб тарбиялаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги амалий ишларни қўллаб-қувватлайверади. Эътироф этиш керакки, бугунги кунда давлат томонидан ўғил ва қиз болаларнинг тенг ҳуқуқли таълим олиши учун барча имкониятлар яратилган, деб ҳисоблайди.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш