Халқ демократик партиясининг муҳим сиёсий вазифаси

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи миллий давлатчиликни демократик жиҳатдан янада ислоҳ этишда, янги тараққиёт даражасига кўтаришда тарихий аҳамиятга эга бўлади.

Давлатимиз раҳбари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини илгари сурди. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари”, деган тамойилдан келиб чиқиб, стратегиянинг асосий еттита йўналиши белгилаб берилди. Халқ демократик партияси нутқда илгари сурилган ғоя ва вазифаларни дастурий мақсадлари, электорат манфаатлари нуқтаи назаридан атрофлича ўрганмоқда, таҳлилдан ўтказмоқда. Бу масала бўйича партиямиз Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси қўшма йиғилишида депутатлар, партия фаоллари томонидан Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси бўйича кўзда тутилган ташаббуслар дастурий мақсадларимизни амалга ошириш, электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилишда долзарб аҳамият касб этиши ҳақида кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Давлат бошқарувини демократик ислоҳ этишни изчил давом эттириш, иқтисодиётни юксалтириш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиётга эътиборни кучайтириш, ижтимоий ҳимояни такомиллаштириш масалалари Халқ демократик партияси учун принципиал сиёсий аҳамиятга эгадир.

Фуқароларни ўйлантираётган ижтимоий масалалар қай даражада самара ва натижа бераётгани маҳаллаларда яққол, аниқ кўринади. Қонунлар, қарор, дастурлар ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг ижроси, яъни рўёби оилалар, хонадонларда сезилиши зарур. Президентимиз бутун давлат ва жамият бошқаруви тизими имкониятларини мана шу эзгу мақсадга катта куч ҳамда иштиёқ билан сафарбар этмоқдалар. Бу тамойил нафақат жойлардаги ижтимоий муаммоларни тизимли ҳал этишга, энг асосийси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига реал шароит яратишга хизмат қилади.

Тараққиёт стратегиясининг биринчи йўналишида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш назарда тутилган.

Кучли фуқаролик жамияти қуриш ҳақида гап кетганда, Халқ демократик партияси ҳокимлар ваколатини қайта кўриб чиқиш орқали маҳаллий Кенгашларнинг таъсир доирасини кенгайтириш тарафдори бўлиб келганини таъкидлаш керак. Чунки бизнинг электорат манфаатлари билан боғлиқ аксарият масалаларнинг тақдири ҳудудларда ҳал бўлади. Ҳокимларнинг депутатлар корпуси олдидаги ҳисобдорлиги, маҳаллий вакиллик органлари томонидан жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши қонунлар, қарорлар, давлат дастурлари ижроси таъминланишида муҳим аҳамиятга эгадир. Ранг-баранг масалаларни ҳал этиш, ресурсларни тасарруф этишда кўпнинг хулосаси, албатта, аҳоли вакили бўлган депутатларнинг қарори асос бўлиши ижтимоий адолат ҳамда демократия нуқтаи назаридан тўғридир.

Партиямиз халқ депутатлари Кенгашларида 1600 нафардан ортиқ депутатлик ўрнига эга экани бу йўналишда ҳам имконият беради, ҳам масъулиятимизни икки ҳисса оширади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда. Бу жуда катта ва тарихий аҳамиятга эга марра. Бу натижага эришилиши мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарали амалга оширилишини ҳам англатади. Яъни, камбағаллик икки баробар қисқариши жуда кўплаб соҳаларда ҳақиқий ўсиш бўлганининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Партиямиз Тараққиёт стратегиясидаги уй-жой масаласини ҳал этиш, аҳолига қулай яшаш шароитларини яратиш, қишлоқ жойлардаги аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга эришиш мақсадларини ҳам фаол қўллаб-қувватлайди. Боиси, бу йўналишда кейинги йилларда амалга оширилган улкан лойиҳалардан биринчи навбатда бизнинг электорат, эҳтиёжманд қатлам манфаатдор ва миннатдор бўлди.

 Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, замонавий йўл ва коммуникация тармоқларини барпо этиш, жамоат транспорти ҳамда ҳудудлараро мунтазам автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатновини яхшилаш бўйича йирик лойиҳалар ҳам электоратимиз манфаатларига хизмат қилади.

Ногиронлиги бўлган фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларни кафолатли иш ўрни ва даромад манбаи билан таъминлаш, уларга аниқ квоталар белгилаш бўйича амалдаги қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритиш кўзда тутилмоқда. Бу ногиронлиги бор шахслар ўзини жамиятнинг бир бўлаги сифатида ҳис қилишига имкон беради. Партиямиз ва унинг фракцияси ҳам соҳадаги қонунчилоикни такомиллаштириш нуқтаи назаридан ўз таклиф ва тавсияларини беради.

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастур қабул қилиниши кўзда тутилган. Дастурни тайёрлашда партиямиз фаоллари ўз таклифлари билан фаол иштирок этади.

Тараққиёт стратегияси, унда илгари сурилган таклиф-ташаббусларнинг тарихий аҳамияти ҳақида узоқ фикр юритиш мумкин. Бирламчи вазифа – Президент нутқидаги ғоя ва вазифаларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга, партиямиз аъзолари ва электорат вакилларига етказишимиз, уни рўёбга чиқаришда ҳар биримиз масъул эканимизни тушунтириб беришимиз зарур.

Шунинг учун Халқ демократик партиясининг ҳудудий ташкилотлари, барча депутатлик бирлашмалари, 10 мингга яқин бошланғич ташкилотлари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг аҳамиятини очиб беришга қаратилган очиқ мулоқот ва эркин суҳбат шаклидаги тадбирларни барча ҳудудларда ўтказмоқда.

Партиямиз Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг стратегиянинг устувор йўналишларидан келиб чиқадиган асосий вазифалари бўйича махсус “йўл харитаси” тайёрланмоқда.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб беради. Стратегия “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этилади. Мазкур тамойил бош шиори “Барчага ғамхўрлик – давлатнинг бурчи” бўлган Халқ демократик партияси мақсад ва вазифаларига ҳар томонлама мос келади. Стратегияни такомиллаштириш ва амалга ошириш жараёнларида фаол иштирок этишни Халқ демократик партияси ўзининг муҳим сиёсий вазифаси, деб билади.

 

Улуғбек Иноятов,

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси.

 

 

← Рўйхатга қайтиш