Ўзбекистон Республикаси Президентининг лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимда Президент сайлови демократик тамойиллар асосида, фаол сиёсий рақобат муҳитида бўлиб ўтгани Марказий сайлов комиссияси Раиси томонидан алоҳида таъкидланди. Юртбошимизнинг одилона сиёсати халқимиз томонидан муносиб баҳоланиб, сайловчиларнинг қарийб 80,12 фоиз овози билан қайта сайланди.
Президент Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 92-моддасига мувофиқ қасамёд қилди. Шунингдек, тантанали маросимда Юртбошимиз келгуси беш йилга мўлжалланган устувор йўналишлар ҳақида нутқ сўзлади. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди. Қайд этилганидек, ушбу тараққиёт стратегияси етти йўналишдан иборат.
Стратегиянинг иккинчи йўналишида адолат ва қонун устуворлиги – халқчил давлат қуриш, инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шарти сифатида белгилаб берилган.
Ўтган даврда Ўзбекистонда бу борада катта ишлар амалга оширилгани Президент томонидан таъкидлаб ўтилди. Дарҳақиқат, айни вақтда одил судлов тизимининг чинакам мустақиллиги ва очиқлигини таъминлаш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини такомиллаштириш, адвокатура институтини кучайтириш, ушбу соҳалар фаолиятини рақамлаштириш бўйича олдимизда кўпгина вазифалар турибди.
Келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилиши, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизимни яратишимиз зарур. Бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақи учун хизмат қилади.
Мамлакатимиз тараққиётини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайдиган тадбиркор ва мулкдорлар ҳуқуқларини ҳар томонлама ҳимоя қилиниши, бу борада қонун бузилишини мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолат деб баҳоланиши Президентимиз томонидан таъкидланди. Шу муносабат билан хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланди. Давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги таъминланади.
Яна бир муҳим масала – сўнгги беш йилда коррупцияга қарши курашишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқдик. Шу мақсадда Сенат раиси раҳбарлигида Коррупцияга қарши курашиш Миллий кенгаши ташкил этилди. Бундан ташқари, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳам фаол иш олиб бормоқда. Бугун жамиятимизни олдинга силжишида тўсиқ бўлиб келаётган коррупция масаласи секин-аста бартараф этилаётгани барчамизни севинтиради. Бундан буён ҳам тараққиёт кушандаси бўлган ушбу иллатга барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ва воситаларини сафарбар этилади.
Бу борада айбдорларни ҳуқуқий жавобгарликка тортиш билан чекланиб қолмасдан, тизимли превентив чораларни кўриш зарур эканлиги, шу асосда коррупциянинг нафақат оқибатларини, балки сабабларини олдиндан бартараф этиш бўйича таъсирчан чоралар амалга оширилади. Сўнги йиллардаги статистикани солиштирадиган бўлсак, давлат идораларида аксарият қонун бузилиш ҳолатлари кескин камайди. Коррупцияда гумон қилинаётган мансабдор шахсларга эса жиддий чоралар кўрилмоқда. Бу эса ўз-ўзидан коррупцияга қарши курашишда бошқаларда яхши намуна бўлаётгани шубҳасиз. Шуни унутмаслигимиз керакки, бугунги кунимизни ўзгартиришни хоҳласак, аввало бунга ўзимиз ҳам замин яратишимиз лозим. Яъни, атрофимиздаги бўлаётган ҳодисага ўзимизнинг муносабатимизни ва талабимизни билдира олишимиз муҳимдир. Шундай экан, Юртбошимиз олиб бораётган ислоҳотларнинг самарадорлигини оширишда биз депутатлар ҳам барчадек масъулмиз.
Урол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.