Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўз лавозимига киришишга бағишланган тантанали йиғилиши бўлиб ўтди.
Маросимда Президент Шавкат Мирзиёев юртимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш, ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида етти йўналишдан иборат муҳим концептуал ҳужжат - Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга оширишда мамлакат ёшларнинг ўрни ва масъулияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Давлат раҳбари томонидан маҳалла билан ҳокимиятни бевосита боғлаб турадиган бўгин сифатида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этишлишини ҳамда маҳаллаларда ёшлар масалалари билан мунтазам шуғулланадиган Ёшлар ишлари агентлиги вакилининг бўлиши ҳақида таъкидланди.
Ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлса, маҳалла раиси маънавий – маърифий ишларни амалга ошириш, оила ва маҳаллада соғлом муҳитни шакиллантиришга жавобгар бўлиши белгилаб қўйилди.
Эътироф этиш керак, мамлакатимизда ёшлар ҳаётига оид барча йўналишларда уларнинг интеллектуал салоҳияти, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, муаммолари ечимида кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар кўлами кенгайди. Мамлакатда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.
Хўш, ёшлар масаласига эътибор нега кучайтирилмоқда? Гап шундаки, аҳолисининг ярмидан кўпроғи ёшлардан иборат бўлган мамлакатда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, юртнинг эртанги муносиб келажаги учун дахлдорликка тайёр, мақсадга интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш Ўзбекистонни дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олишининг муҳим омили эканини мамлакат раҳбари ва ҳукумат яхши англайди.
Жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш асосий мақсад қилинган.
Мухтасар айтганда, Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати Тараққиёт стратегияси асосида аниқ мақсадларни кўзлаган ҳолда, босқичма босқич, комплекс чора-тадбирларга асосланган ҳолда изчил давом эттирилади. Умуман, ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, етук инсонлар бўлиб улғайиши йўлида замонавий, илғор-инновацион шарт-шароитларни яратиб бериш учун Ўзбекистон бор куч ва имкониятларини ишга солади. Чунки ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади. Шу боис Ўзбекистон жамиятнинг фаол қатлами сифатида эътироф этилувчи ёшлар қатламига «муаммо» деб эмас, балки юрт равнақини таъминловчи катта куч, давлатнинг стратегик ресурси сифатида қарамоқда. Натижада бугун юксак билимли, замонавий фикрлайдиган, қатъий позицияга эга ёшлар мамлакатнинг эртанги тараққиётида тобора ҳал қилувчи кучга айланиб боряпти.
Шу нуқтаи назардан, янги Ўзбекистон ёшлари - Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги асосий пойдевор саналади.
Шерзод Раҳмонов
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.