Тараққиёт таълимдан келади

 

Ойбарчин Абдуллаева, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— “Боғча опаси бақирмадимикан? Синф хонаси иссиқмикан? Болам тинчмикан?”. Мамлакат миқёсидаги раҳбар ҳам, бозордаги арава хизмати кўрсатадиган инсон ҳам ҳар куни камида бир марта шу ҳақида ўйласа керак.

Айниқса, адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланган сифатли таълим-тарбия, ўқитувчи ва тиббиёт ходимларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларида муҳим ғоя ҳамда вазифалар белгилаб берилиши партиямиз дастурий мақсадларини амалга ошириш учун катта аҳамиятга эга, деб ўйлайман. Чунки таълим-тарбия мамлакат келажагини белгиловчи асосий омиллардан биридир.

Кейинги йилларда таълим тизимида мисли кўрилмаган ўзгаришлар амалга ошмоқда. Соҳани замонавий мезонлар асосида такомиллаштиришга қаратилган мустаҳкам қонунчилик базаси яратилди. Минглаб янги таълим муассасалари барпо этилди. Узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар босқичма-босқич ҳал этиляпти.

Кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилиб, жорий йилда 182 минг нафардан зиёд ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилгани ва умумий қамров 4 йил аввалги 9 фоиздан 28 фоизга етказилгани, 2016 йили Ўзбекистонда олийгоҳлар сони 77 та бўлган бўлса, 2021 йилда 141 тага етказилгани мамлакатимиз ислоҳотлар йўлидан қайтмаслиги ва белгиланган мақсадлар сари дадил одимланаётганининг тасдиғидир. Мамлакатимизда 2030 йилга қадар мактаб, лицей ва коллеж битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 50 фоизга етказиш режаси бу борада янада катта ишлар амалга оширилишини англатади.

Аммо Президентимиз ўз нутқида таъкидлаганидек, бу ҳали ҳаммаси эмас. Қанчалик қийин бўлмасин, ўқитувчилар меҳнатини муносиб рағбатлантириш учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилади. 2025 йилга бориб, олий тоифали ўқитувчиларнинг ойлик маошини эквивалент ҳисобида минг долларга етказиш чоралари кўрилади. Мактабгача таълимдаги қамров даражасини ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга, олий таълим тизимида эса 50 фоизга етказиш, мактабларда таълим-тарбия сифати ва даражасини оширишга бирламчи вазифа, деб қаралади. Буларнинг барчаси таълим-тарбия жараёнларининг сифати ва даражасини замон талаблари асосида тубдан яхшилаш, заҳматкаш устозларимиз, мазкур соҳада фаолият кўрсатаётган барча фидойи инсонлар учун муносиб меҳнат шароитлари яратиш, уларнинг қадр-қимматини юксалтириш, ижтимоий ҳимоясини таъминлашга қаратилгани билан айниқса аҳамиятлидир. Шунинг учун ҳам биз таълим-тарбия тизимида бундай ёндашувини қўллаб-қувватлаймиз.

Шунингдек, боғча тизимини мактаб таълими билан уйғунлаштириш орқали болаларни мактабга тайёрлаш сифатини янада яхшилаш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ўнлаб янги-янги мактабгача таълим муассасалари барпо этилади. Шунингдек, республикамиздаги ҳамма боғчалар ҳар йили 2 миллион нусхадаги замонавий ўқув адабиётлари билан таъминлаб борилади. Боғча ходимларининг профессионал тайёргарлиги ва маҳоратини ошириб бориш мақсадида тизимдаги 160 минг нафардан зиёд педагог кадрларнинг малакаси оширилади. Болалар сони ўсиб бораётганини инобатга олиб, янги мактаблар қуриш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, соҳанинг барча босқичлари ўртасида узвийликни таъминлашга қаратилган Миллий таълим дастури ишлаб чиқилади. Янги олий таълим муассасаларини ташкил этиш билан бирга, талабаларни турар-жой билан таъминлаш бўйича бошлаган ишлар жадал давом эттирилади. Бу мақсад ҳам партиямизнинг дастурий ғояларига ҳамоҳанг.

Албатта, бу борадаги стратегик вазифаларнинг ҳаётга самарали жорий этиш фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, сиёсий партиялар, биз депутатлар зиммасига катта масъулият юклайди.

Аввало, таълим муассасалари, ота-оналар ва кенг жамоатчилик ўртасида ҳамкорликни кучайтиришимиз керак, деб ўйлайман. Ёшлар билан учрашувларда кўпроқ очиқ ва самимий мулоқотларни кўпайтириш, уларнинг қалбига қўл солиш, орзуларига, мақсадларига тўсиқ бўлаётган муаммоларини ўрганиш, тезкорлик билан уларни ҳал қилиш чораларини кўриш лозим, деб ўйлайман. Шунингдек, олис қишлоқлардаги мактабларни малакали кадрлар билан таъминлаш, ўғил-қизларимизнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиш масаласи ҳам кечиктириб бўлмайдиган вазифа. Партия фаоли, депутат сифатида бу йўналишда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб, асосли ва муҳим таклифлар тайёрлаш, мутасадди вазирликлар билан ҳамкорликда уларни ҳал қилиш чораларини кўришимиз керак. Шунингдек, таълим тизимидаги ҳуқуқий ҳужжатлар, қонун ва қарорлар ижроси устидан изчил парламент назоратини олиб бориш асосий вазифамиз ҳисобланади.

 

“Ўзбекистон овози”, 10.11.2021, №45

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш