Ислоҳотлар бардавом, ортга йўл йўқ!

 

Маҳмуджон ПАРПИЕВ,

Олий Мажлис Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари:

— Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг янги биносида Президентимизнинг лавозимга киришишига бағишланган тантанали маросим мамлакатимизда халқимиз билан бошланган демократик ислоҳотлар йўли қатъий давом этишини, бу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтилмаслигини яна бир бор тасдиқлади.

Биз давлат раҳбаридан худди шу қатъиятни, жамиятимиз учун ниҳоятда долзарб ҳисобланган худди шу сиёсатни кутгандик. Шу боис ҳам қасамёд маросими ва ундаги тарихий нутқ халқимиз томонидан мамнуният билан қарши олинди.

Наинки мамлакатимизда, балки халқаро доираларда ҳақли таъкидланаётганидек, биз ўзгардик, жамият ўзгарди. Ўзгарганда ҳам моҳиятан туб янгиланишлар билан қадди тикланаётган Янги Ўзбекистон феноменига гувоҳ бўлиб турибмиз. Демократик янгиланишлар ижтимоий ҳаётимизни мазмунан бойитди. Очиқлик, шаффофлик меъёр даражасига чиқди. Йиллар давомида жамият ривожига тушов бўлиб тўпланиб қолган, ҳал этиш мумкин эмасдай туюлган нақд пул, “прописка”, коррупция, сўз ва эътиқод эркинлиги каби масалалар дадил кўтарилди ҳамда уларга конструктив ечимлар қилинди. Агар ўтган беш йилни кунма-кун таҳлил қилинсаям бирор кун беиз ва бесамар кетмаганига гувоҳ бўлади одам.

Назаримда, Президент Давлат раҳбари сифатида халқимизга кучли рағбат бера олди, ҳар бир инсонда бор салоҳиятни намоён этишга иштиёқни уйғотди, шахсий ибрати ва кундалик амалий фаолияти билан ҳар биримизда юртга, Ватанга меҳр ва садоқатни амалда бахш этишга ундай олди. Натижада дипломатиянинг расмий қолипларига эмас, тарихий ҳақиқатга, қадрият даражасига кўтарилган ўзбекона очиқ чеҳралик, самимиятга асосланган, конструктив шерикликка қаратилган муносабатлар қарор топди. Ўтган қисқа даврда Марказий Осиёда ўзаро биродарлик ва ҳурмат, самимий қўшничилик муносабатларига асосланган стратегик шериклик тамойиллари қарор топди ва ҳозир юзага келган муносабатлардан ҳамма баробар манфаат кўрмоқда.

Президентимиз қасамёд маросимидаги нутқида “Инсон қадри учун” тамойилига алоҳида тўхталди. Бу бежиз эмас. Зеро, тараққиёт стратегиясида инсоннинг шаъни муносиб даражага кўтарилиши, унга етарли турмуш, меҳнат, илм олиш шароитлари яратиш, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш устувор аҳамият касб этиши белгиланмоқда. Бинобарин, бу ёруғ дунёда ҳар қандай эзгу амал ва фаолият инсон учун, унинг бахт-саодатига йўналган бўлади. Шу маънода бугун мамлакатимизда бошланган ва изчил давом этаётган ислоҳотлар фақат ва фақат инсон манфаатларига, қадр-қимматини, иззат-икромини жойига қўйишга қаратилгани билан алоҳида эътиборга моликдир.

Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини амалга ошириш “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этилиши муносабати билан еттита устувор вазифа белгилаб берилди. Инсон қадр-қимматини таъминлашнинг энг асосий ва зарур шартлари мужассам бўлган усутувор йўналишлар орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларимиз янги поғонада қизғин давом эттирилиши кўзда тутилмоқда.

Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш учун мамлакатимизда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар муайян натижаларини бермоқда. Айни вақтда олдимизда ҳал этилиши керак бўлган, жамиятимизда аёлнинг, оналарнинг иззат-ҳурматини жойига қўйиш, муаммоларини бартараф этиш, қизларимизнинг салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларимизни янги босқичга кўтаришдек шарафли вазифа турибди. Президентимиз ана шу мақсадни кўзлаб мамлакатимизда Миллий дастур қабул қилинишини қайд этди.

Дарҳақиқат, бу жуда олийжаноб эзгу мақсад ва Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим жиҳати ҳисобланади. Чунки, миллионлаб оилаларнинг оқила бекалари ҳисобланган аёлларга, жамиятимиз маънавияти ва маърифати учун фидойи оналаримизга, ақлли, зукко, илм-фанда бор салоҳиятини намоён этишга қодир қизларимизга юксалиш, янги имконлар эшигини очади, уларнинг қадр-қимматини оширади, ижтимоий даҳлдорлик кучайишига хизмат қилади. Айниқса, дастурнинг миллий анъаналаримиз, тарихий маърифатимиз, боқий қадриятларимиз асосида ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши жамият ривожига, халқимиз ҳамжиҳатлигига ҳисса қўшади.

 

“Ўзбекистон овози”, 10.11.2021, №45

 

 

 

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш