Миллий иқтисодиётни ривожлантириш учун 15 вазифа

 

Шарофиддин Назаров,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюжет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Биламизки, бундан 5 йил олдин Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинган эди. Унда 5 та асосий йўналишлар танлаб олинганди. Эндиликда эса Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегияси сари қадам босяпмиз.

Айтиш керакки, Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганда мамлакатимизнинг барча жабҳаларида муаммолар йиғилиб қолган эди. Жуда кўп масалалар ечими ортга сурилганди. Шунинг учун ҳам ушбу муҳим ҳужжат аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилгани билан ҳаётимизда туб бурилиш ясади, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Масалан, миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор эътиборга молик ислоҳотлар олиб борилди. Биринчи марта конвертация масаласи ҳал этилди. Пул-кредит соҳасида амалга оширилган ижобий ўзгаришлар ўзининг яхши самарасини бермоқда. Бундан ташқари, иқтисодиётимизни ривожлантиришга тўсиқ бўлиб турган қатор масалалар ечим топди.

Президентимиз нутқида биз эришган мана шу ютуқлар билан биргаликда йўл қўйилган хато ва камчиликларни очиқ тан олиниб, келгуси 5 йилликда ҳам бу масалаларнинг ҳаммасини жой-жойига қўйиб, ҳал этиш кераклиги алоҳида уқтирилди.

Бевосита устувор вазифаларга тўхталадиган бўлсак, албатта, Тараққиёт стратегияси мамлакатимизни ривожлантириш учун қўйилган қадамларни, ҳаракатларни янада фаоллаштириш, тараққиёт учун янада дадил одимлаш мақсадларини илгари сурди. Ушбу вазифаларни амалга ошириш йўл-йўриғи, механизмларида эндиликда аниқ ўзгаришлар бўлади, ислоҳотлар сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқилади.

Хусусан, миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш бўйича 15 та вазифа белгилаб берилди. Биринчи навбатда, мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда, аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада ошириш мақсад қилинди. 2030 йилга бориб, давлатимиз жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллаши керак.

Бунинг учун ҳар бир аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотни камида 2 баробарга оширишимизга тўғри келади. Бу жуда долзарб ва шу билан биргаликда жуда муҳим, оғир масаладир. Шунинг учун ҳам бу мақсадга эришишда аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда. Булар иқтисодиётни ривожлантириш учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга, деб ўйлайман.

Агарда дунё тажрибасига назар ташлайдиган бўлсак, бирон-бир мамлакатни ёпиқ ҳолда, чет эл инвестициялари жалб этилмасдан, бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилмасдан ривожлантириб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу йўналишга алоҳида урғу берилаётгани бежиз эмас.

Яна бир муҳим масала. Биз хомашёдан тайёрланган маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш тизимини бугунги кун талаблари асосида ташкил этишимиз лозим. Ҳозир ҳудудларимизда ишлаб чиқариш, қайта ишлаш тобора ривожланиб бормоқда. Тўғрисини айтиш керак, маҳсулотларни бирламчи қайта ишлаш билан ҳеч ким бойимайди. Шунинг учун кластер тизимининг имкониятларидан самарали фойдаланиш талаб этилади. Бу давр талаби. Хомашёни етиштиришдан тортиб, бирламчи, иккиламчи қайта ишлаш, якуний маҳсулот етиштиришгача бўлган жараёнда қийматлар занжирини қанчалик узун қилсак, шунчалик кўп даромад оламиз, катта фойдага эга бўламиз. Бу орқали иш ўринлари яратиш имкониятлари ҳам янада кенгаяди. Шунинг учун келгуси 5 йилликда “хомашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантириш вазифаси турибди.

Энг муҳими, ушбу вазифалар партиямиз дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлиб, аҳолини барқарор даромад манбаи билан таъминлаш, иш ўринлари яратиш орқали уларнинг моддий фаровонлигини ошириш мақсадларини кўзлайди. Шунинг учун биз депутатлар, партия фаоллари бу вазифаларнинг аҳамиятини чуқур ҳис этишимиз керак ва уларни амалга оширишда янада фаол, ташаббускор бўлишимиз лозим.

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда тўсиқ бўлаётган ҳар бир муаммони парламент назорати тартибида чуқур ўрганиш, маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича аниқ ва асосли таклифлар ишлаб чиқишимиз керак. Ўйлашимча, халқ депутатлари Кенгашларидаги ҳар бир партия гуруҳимизда бу борада аниқ тасаввур ва режа бўлиши зарур.

 

“Ўзбекистон овози”, 10.11.2021, №45

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш