Малика ҚОДИРХОНОВА,
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси:
— Сўнгги вақтларда жамиятда аёлларнинг мавқеи мустаҳкамланиб бораётгани ҳеч биримизга сир эмас. Давлат ташкилотлари, жамоат хизматларида аёллар кенг фаолият юритмоқда, уларнинг бошқарувдаги роли ҳам ортиб бормоқда. Қолаверса, бугун аёл сиёсатда ҳам фаол! Халқ демократик партияси сафи ва тизимида ҳам жамиятда ўз ўрни ва ўз сўзига эга, давлат бошқарув органларида меҳнат килаётган таниқли, фаол, сиёсатчи раҳбар аёллар талайгина.
Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, бугунги кунда партиямиз сафидаги аъзоларнинг 51 фоизини хотин-қизлар ташкил этади, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Халқ демократик партиясидан сайланган депутатларнинг 50 фоизини ҳамда маҳаллий кенгашларда эса 30 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. 280 мингга яқин партиямиз сафидаги хотин-қизлар ичида Ўзбекистон Қаҳрамони, ҳоким, олималар, профессору, фан докторларидан тортиб, тадбиркору, шифокор, ўқитувчи ҳамда талабаларгача бор. Бу эса партиямизда ҳар доим ҳам гендер тенглигига ва хотин-кизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга эътибор қаратилганлигидан дарак беради. Чунки аёл фаол бўлса, миллат баркамол бўлади, жамият ривожланади, ишда тартиб-интизом бўлади, энг муҳими партия дастури ва мақсадларини тарғиб қилувчилар, қўллаб-қувватловчилар кўпаяди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақил Ўзбекистон тарихидаги барча парламент ва Президентлик сайловларида иштирок этиб келаётган ягона сиёсий куч ҳисобланади. Бу йил партиямиз тарихида илк бор Президентликка аёл киши номзоди кўрсатилди.
Хотин-кизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида авваламбор сиёсий партиялар сафига хотин-қизларни янада кўпроқ жалб этиш, ижтимоий тармоқларда хотин-қизларга оид расмий канал ва сайтларни янада кўпайтириш, давлат ва нодавлат ҳамда жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш олдимиздаги энг устувор вазифалардан биридир.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақиллик билан тенгдош, елкадош бўлиб, муносиб сиёсий йўлни босиб ўтди. Ислоҳат ва ўзгаришларда фаол қатнашди. Сафларида минглаб ижтимоий ва сиёсий фаол кадрларни тарбиялаб, Ватанимиз равнақига, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Партиямиз, айниқса, ижтимоий ҳимоя масалаларига мунтазам эътибор қаратмоқда, ўз платформаларида ижтимоий ночор қатламлар муаммоларини ҳал этиш йўлларини фаол илгари сурмоқда. Айнан шу жиҳатлари билан халқимизнинг муносиб эҳтиромига сазовор бўлмоқда.
Партиямиз ташкил топганлигининг 30 йиллиги билан партиямиз фахрийларини, Ўзбекистон сиёсий майдонидаги фаолларимизни ва эътиқодини партиямиз билан боғлаган барча-барча ватандошларимизни муборакбод этаман. Янги Ўзбекистон тараққиёти йўлидаги орзу-умидларимиз рўёбга чиқишида ҳаммага омад ёр бўлишини тилайман.
“Ўзбекистон овози”, 10.11.2021, №45