Мамлакатда қонунни қабул қилиш жараёнига фуқаролар фаол муносабат билдириб, бефарқ бўлмаяптими, жамоатчилик уйғондими, бу ҳақиқий фуқаролик жамияти шаклланаётганининг муҳим белгиси аслида. Қонунни кўриб чиқиш ва қабул қилишда депутатлар, сенаторлар жим турмасдан, таклиф билдираётгани, ўрни келганда қарши овоз бериб, рад этаётгани, нотабиийлик ва ўта силлиқлик йўқолаётгани, парламентда демократик характер уйғонаётганига реал ишорадир. Тортишувлар, маъқулламасликлар жим ўтириб, эснаб қўл кўтаришдан яхшироқ. Бошида озроқ қийин бўлади, лекин тортишган томонлар мулоқотга киришмайдиганлардан кўра бир-бирини яхшироқ тушунади. Парламент характери халқ характерининг кўзгусига айланади. Бундан фақат хурсанд бўлишимиз керак, назаримизда.
Маълумки, шу йилнинг 21 октябрь куни Олий Мажлис Сенатининг 20 ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда бир қатор қонунлар кўриб чиқилди. Шулардан бири “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонундир. Сенаторлар ушбу қонунни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида қарор қабул қилди. Аммо қонун муҳокамаси вақтида Адлия вазири Русланбек Давлетов сенаторлар билан ўзаро баҳс-мунозарага киришди. Ногиронлар, Карлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари сенаторлар рад этган «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунни маъқуллашни сўраб, Сенатга мурожаат қилди.
Хўш, бунга нима сабаб бўлди? Адлия вазирининг сенаторлар билан тортишуви, сенаторларнинг қонунни қабул қилишга қарши билдирган ҳар бир аргументини рад этиши, ногиронлар жамиятларининг Сенатга мурожаатидан англаш мумкинки, ушбу қонун жуда муҳим.
Дастлаб қонун ҳақида...
“Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатасида шу йилнинг январь ойида кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ, аҳолининг ижтимоий заиф қатламлари учун иш ўринларини яратиш, ногиронлиги бўлган шахслар учун маҳсулот ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарадиган корхоналар учун солиқ ва бошқа турдаги имтиёзлар белгиланган.
Лойиҳани ишлаб чиқишда амалдаги қонунчиликда белгиланган ўз ресурсларини ижтимоий соҳага йўналтирган корхоналарни аниқлаш мезонлари, ижтимоий соҳага инвестиция жалб қилганлик учун тақдим этиладиган имтиёз ва преференциялар ҳисобга олинган. Шунингдек, ижтимоий корхонани аниқлаш мезонларининг ва ижтимоий тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги шакллари ифодаланган. Қонун лойиҳасида асосий қоидалар билан бирга, ижтимоий аҳамиятидан келиб чиқиб, аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига мансуб шахслар белгилаб қўйилмоқда. Ижтимоий тадбиркорлик соҳасидаги ваколатли давлат органи сифатида эса Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги назарда тутиляпти.
Шу билан бирга, лойиҳада белгиланаётган тегишли мезонлардан бирига ёки бир нечтасига мос келганда, тадбиркорлик субъектлари ёки нотижорат ташкилотлар ижтимоий корхоналарнинг реестрига кириши тартиби жорий қилинмоқда.
Қонун лойиҳаси тўлдиришлардан сўнг, 2021 йил август ойида парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенатга муҳокама учун юборилган эди.
Нима сабабдан рад этилди?
Сенаторлар томонидан қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган бир қатор нормалар мавжудлиги, хусусан, унда назарда тутилаётган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари амалдаги бошқа қонунларда белгиланган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларига номувофиқлиги қайд этилди.
– “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонун Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан маҳаллий Кенгашнинг доимий комиссиялари ва экспертлари иштирокида кўриб чиқилди. Қонун 22 моддадан иборат. Айтиш керакки, унда бир қатор қайта кўриб чиқиш лозим бўлган нормалар мавжуд. Хусусан, 6-моддада аҳолининг қуйидаги ижтимоий эҳтиёжманд қатламлари санаб ўтилган. Лекин “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида ҳам аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари белгиланган. Шунингдек “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги қонуннинг 38-моддасида белгиланган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг айримлари “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги Қонунда кўрсатилмаган, – дейди сенатор, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Эркин Гадоев. – Жумладан, Қонунда ўн тўрт ёшга тўлмаган болалари, ногиронлиги бўлган болалари бор ёлғиз ота ёки она, шунингдек, кўп болали оилалар ота-оналари, Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизматининг қўшинларидаги муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилган шахслар, пенсияолди ёшидаги шахслар, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки суд қарорига кўра ўзига нисбатан тиббий йўсинда мажбурлов чоралари қўлланилган шахслар ва одам савдосидан жабрланганлар ўз аксини топмаган. Мазкур ҳолатлар келгусида амалиётда турли хил муаммо ва номувофиқликлар вужудга келтириши мумкин. Шунингдек, бир хил нормаларнинг бир хил юридик кучга эга ҳуқуқий ҳужжатлар такрорланишига олиб келади. Шу сабабли қонунларни ўзаро мувофиқлаштириш лозим.
Сенатор Эркин Гадоев, шунингдек, қонуннинг 12-моддасида тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши уларнинг солиқ ҳисоботларини ўрганиш орқали солиқ органлари томонидан аниқланиши, 17-моддасида олинган фойданинг камида учдан икки қисми ушбу қисмда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилганлиги ижтимоий корхонанинг солиқ ҳисоботларига асосан аниқланиши назарда тутилаётганини таъкидлади. Бироқ, Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 24 февралда 3221-сон билан рўйхатдан ўтказилган “Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Давлат солиқ қўмитасининг қарори билан солиқ ва бошқа ҳисоботининг шакллари тасдиқланган бўлиб, ушбу шакллар орқали тадбиркорлик субъектларининг ижтимоий корхона мезонларига мос келиши ҳамда олинган фойданинг камида учдан икки қисми белгиланган мақсадлар учун йўналтирилганлигини аниқлашнинг имкони мавжуд эмаслигини қайд этди. Бу эса келгусида амалиётда солиқ органлари томонидан ҳисоботларни қабул қилиш, ижтимоий корхоналар реестрига киритиш ёки реестрдан чиқаришда турли хил муаммолар ҳамда номувофиқликларни келтириб чиқаришини инобатга олиб, мазкур нормларни қайта кўриб чиқиш таклифини берди.
Сенаторнинг айтишича, Қонуннинг 15-моддасида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар иш ҳақи миқдорини қонунчиликка кўра меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда белгилаш, улар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш, шунингдек, иш берувчи сифатида ўзининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда техника хавфсизлиги, экология, санитария ва гигиена соҳаларда қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиш ижтимоий корхоналар мажбуриятлари сифатида келтирилган. Худди шу нормалар “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасида, қолаверса, Меҳнат кодекси ва бошқа амалдаги қонунчилик ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган. Шу муносабат билан амалдаги қонунларда мавжуд нормаларни такроран белгилаш қанчалик тўғрилигини ўрганиб чиқиш ҳамда ўзаро мувофиқлаштириш талаб этилади.
Шунингдек, қонуннинг 17-моддасида солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар берилиши, давлат кўчмас мулк объектларини қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёзли асосда ижарага бериш, соддалаштирилган молиявий ва солиқ ҳисоботлари, бепул реклама қилиш учун эфир вақти, нашр ёки реклама майдони ажратиш, давлат буюртмачиларига тўғридан-тўғри шартномалар бўйича ижтимоий товарларни реализация қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш ҳамда бошқа имтиёз ва преференциялар берилиши, 18-моддасида Вазирлар Маҳкамаси ижтимоий лойиҳаларни давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қайтарилмайдиган асосда субсидиялашни амалга ошириши белгиланган.
Ушбу имтиёз ва преференцияларни белгиловчи нормалар товар ва молия бозорларидаги рақобат муҳитига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши мумкинлигини инобатга олиб, мазкур нормаларни қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқлигини сенатор алоҳида таъкидлади.
Қонун аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд қатламларини иш ўринлари, ижтимоий товар ва ижтимоий хизматлар билан таъминлаш ҳамда фавқулодда вазиятларга қарши курашиш, уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий товарларни ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар кўрсатишни назарда тутганлигини инобатга олиб, уни чуқурроқ қайта таҳлил қилиш, илғор хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш лозим, деб топилди.
Адлия вазири сенаторларга қатъий қарши чиқди
Адлия вазирига кўра, қонун аҳолининг барча ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини қамраб олган. 6-моддада эҳтиёжманд аҳолининг айримлари «шу жумладан», деб санаб кетилган ва бу рўйхатни кўрсатилган пунктлар бўйича чекламайди. Бу («Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида»ги ва «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги) қонунларнинг мақсади бошқа. Агар шу асосда бу қонун қайтса ҳам биз буни тўғрилай олмаймиз. Кексалар бўйича ижтимоий хизматни ёзадиган категория билан ижтимоий тадбиркорликдаги категория ҳар хил. Шунинг учун, “тўғрилаб бер, деса ҳам тўғрилай олмаймиз, деган Сенат йиғилишида Адлия вазири.
Имтиёз ва преференциялар ҳамда уларнинг рақобат муҳитига таъсири ҳақидаги аргументларга изоҳ бера туриб, Русланбек Давлетов улар алоҳида компанияларга эмас, балки соҳага берилишини қайд этди. Бу каби норма аллақачон Солиқ кодексида акс этганини қайд этди.
Биз қанақадир алоҳида корхонага деб айтаётганимиз йўқ, соҳага беряпмиз. Яъни, ногиронларни ижтимоий соҳада қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан энг асосий, шу қонуннинг юрагидаги нормаси бу. Агар давлат имтиёз бермайдиган бўлса, бу қонун ҳам керак эмас, дея таъкидлаган Адлия вазирлиги раҳбари.
Вазир, шунингдек, ушбу қонун ногиронлар жамияти кутаётган қонунлардан бири эканлигини алоҳида қайд этган:
– Кўзи ожизлар жамиятида, карлар жамиятида корхоналар бўлган. Шуни бир таҳлил қиладиган бўлсак, охирги 20 йил ичида умуман эътибордан четда қоляпти. Кўзи ожизлар жамиятида 2000 йилда 5000 одам ишлаган, ҳозир 1500 одам ишлаяпти. Карлар жамияти соҳасидаги корхоналарда 2000 одам ишлаган, ҳозир 176 одам ишлаяпти. Яъни, 10 бараварга камайиб кетган.
Мурожаат:
ногиронлиги бор шахслар нимадан ховотирда?
Ногиронлар, Карлар ва Кўзи ожизлар жамиятлари сенаторлар рад этган «Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунни маъқуллашни сўраб, Сенатга мурожаат қилди. Унда имконияти чекланган шахслар ушбу қонунни бир неча йилдан бери кутаётгани, аслида «бошидан ўтказган» инсонгина ҳолат қандайлигини билиши таъкидланган. Жумладан, сўнгги 3 йилда Карлар жамияти корхоналарининг даромади 5 бараваргача тушиб кетгани айтилган.
Даромад камайганлиги ойлик иш ҳақларининг тушиб кетишига олиб келган. Бу эса ходимларнинг ишдан кетишига сабаб бўлган.
«Бир нарсага алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ўйлаймиз. Биз умумий ишлаб чиқаришдаги технологияларга мослаша олмаймиз, аксинча, биз ўзимизга мослаштирилган технологиялар асосида ишлай оламиз. Шунинг учун бизнинг ходимлар корхоналардан кетганидан кейин бошқа жойларда ишлашга қодир эмас.
Айнан шу қонун бизга ишлаб чиқаришимизни кенгайтиришга, биз каби имконияти чекланганлар учун мослаштирилган технологияларни олиб келишга, ишчи ўринларини кўпайтиришга, уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва муносиб маош тўлаш учун имкон беради, деб умид қилгандик.
Агар сенаторлар томонидан билдирилган фикрлар етарлича асосланган ва ҳақиқатдаги ҳолатга яқин бўлганида эди, бизнинг корхоналаримиз гуллаб кетган бўлиши керак эди», дейилади мурожаатда.
Кейин нима бўлди?
Мурожаатнома юзасидан Сенат аъзолари томонидан жойига бориб суҳбат ўтказган. Сенат ахборот хизматининг хабар беришича, учрашувда Сенат аъзолари О.Иминов ва Э.Гадоев мурожаатчиларга қонун ногиронлиги бўлган шахсларга тўғридан-тўғри имтиёз ва преференциялар беришни назарда тутмаслиги тушунтирилган.
Шу билан бирга, сенаторлар “Ижтимоий тадбиркорлик тўғрисида”ги қонундаги нормалар жамиятларнинг раислари сўраётган мақсадларга хизмат қилмаслиги, ногиронлиги бўлган шахсларга ўз фаолиятларини амалга ошириш учун имтиёзлар ҳозир ҳам Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларида ўз аксини топганлиги, келгусида тадбиркорлик соҳасидаги муносабатлар ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ягона Кодексда назарда тутилишини таъкидлашган.
Суҳбат якунида қонунни қайта ишлаш жараёнида жамиятлар вакиллари ҳам фаол иштирок этиши мумкинлиги, доимий ҳамкорлик қилиниши ҳақида келишиб олинган.
* * *
Бўлиб ўтган воқеалар ва томонларнинг фикри, муносабати шундай. Қонунчиликка кўра, Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатасига қайтарилади. Рад этилган қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Сенат аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари орасидан тенглик асосида келишув комиссияси тузилиши мумкин.
Келишув комиссияси қонуннинг ягона матнини ишлаб чиқиш мақсадида Сенатнинг ҳар бир эътирозини алоҳида-алоҳида кўриб чиқади. Келишув комиссияси ишининг натижалари юзасидан келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича таклифларни ўз ичига олган хулоса қабул қилинади.
Ташаббускор битта, маъқулламаганлар эса кўп, кутаётганлар эса сон мингта. Кутамиз ва кузатамиз.
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 10.11.2021, №45