Президентни тушуниш осон

 

Матлуба ТЎЙЧИЕВА,

ЎзХДП Бўстон туман кенгаши раиси, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати:

— Президентимиз нутқини диққат билан тингладим. Тинглаб англадимки, бу инсонни тушуниш осон. Давлатимиз раҳбари масъулиятли ва шарафли лавозимига киришар экан, кўнглидан ўтаётганларини, эзгу мақсадларини, олижаноб режаларини халқимиз билан ўртоқлашди. Ўз нутқида муҳим йўналишларни баён этар экан, Тараққиёт стратегияси доирасида амалга ошириладиган энг устувор вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Хусусан, эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, инсон қадри-қиммати ва унинг қонуний манфаатларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар янги поғонага кўтарилишини таъкидлади.

Келгусида давлат функцияларининг катта қисми марказдан ҳудудларга ўтказилиши, жумладан, маҳалла тизимини ҳокимликлар билан боғлаш мақсадида ҳар бир маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилиши, ҳоким ёрдамчиси янги иш ўринларини яратиш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлиши ҳудудлар инфратузилмасини янада яхшилаш, турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Президентимиз ўз нутқида ҳокимликлар ва маҳаллаларнинг молиявий имкониятини кенгайтириш мақсадида туман бюджети қўшимча манбалар билан таъминланиб, маҳалланинг алоҳида жамғармаси шакллантирилишини айтиб ўтди.

Ана шу маблағлар сарф-ҳаражати туман Кенгаши сессиясида тасдиқланаркан. Бу дегани, ҳудуддан сайланган депутат ўша ердаги маблағни назорат қилувчи ҳисобланади. Сарфланадиган маблағлар ҳисоб-китоб қилиниб, Кенгашга тақдим этилади ва депутатлар уни тасдиқлайди. Масалан, битта маҳаллага сув керак, биттасига электр симёғоч, бирининг йўллари асфальт қилиниши керак. Ана шуларга ажратиладиган маблағлар кенгашда тасдиқланиши биз депутатларга ҳам катта массъулият юклайди, деганидир.

Фикримча, ана шу маблағлар борасидаги таклифлар депутатларга бўлаётган мурожаатлар асосида ҳам киритилса маъқул бўлади. Депутатлар ҳудудлардаги муаммолардан келиб чиқиб, маблағ ажратишни ҳам таклиф қилиши мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Менинг сайлов округимга кирувчи “Бўстон” маҳалласида ҳам аҳолини ўйлантираётган масалалар йўқ эмас. Бу маҳалла “Обод маҳалла” дастуридан чиққан. Лекин маҳалламизга 10 та бетон симёғоч керак. Кеча шу масалада туман электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови юбордим. Битта кўчанинг 400 метрли йўлини асфальтлаш бўйича ҳам масъул ташкилотга хат чиқардим. Яқин кунларда бу масалалар ижобий ҳал этилишига умид қиламиз.

Маҳаллада ҳоким ёрдамчиси лавозими ташкил этилиши, биринчи навбатда, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш, шу орқали бандликни таъминлаб, камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади. Биз депутатлар ҳам бу жараёнларда фаол иштирок этишимиз керак, албатта. Ҳудудимиздаги ҳар бир хонадонга кириб, ким ўзини ўзи банд қила олади, кимга иссиқхона, кимга парранда, қорамол керак, кимга ишлаб чиқариш дастгоҳлари зарурлигини аниқлаган ҳолда, ҳоким ёрдамчиси билан вазиятга тўғри баҳо бериб, аниқ хулоса чиқариш зарур. Мисол учун, битта хонадон бекаси уйда туриб ишлаш имконига эга, айтайлик, томорқаси бор. Унга субсидия асосида иссиқхона қилишга кўмаклашилса, ҳам ўзини ўзи банд қилади, ҳам оиласига, рўзғорига нафи тегади.

Қаранг, Президент қўйган мақсад самимий ва тушунарли. Қўйилган вазифаларни бажариш ҳам мушкул эмас. Асосий масала депутатларнинг фаоллиги ва талабчанлигида қолди.

 

“Ўзбекистон овози”, 10.11.2021, №45

 

 

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш