Шуҳрат ЧЎЛЛИЕВ,
Олий Мажлис Сенати аъзоси:
— Маълумки, ҳар бир суд тизимининг асосий чўққиси мустаҳкам барпо этилган маъмурий судлардир. Нега деганда, айнан маъмурий судлар ҳар бир фуқаронинг давлат идоралари қарорлари ёки ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаатини адолатли кўриш ҳамда инсонларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тиклаш учун яратилган.
Айнан шу аснода, Президентимиз “...келгусида маъмурий судлар фаолиятини халқаро андозалар асосида такомиллаштириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар амалга оширилади”, деб таъкидлади.
Ҳозирги мураккаб глобаллашув замонда ҳар бир давлат иқтисодиётининг тараққий қилиши бежиз ундаги хусусий мулкка нисбатан шаклланган муносабат билан ўлчанмайди. Чунки давлатда хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмнинг тўлиқ барпо этилиши ушбу давлатда иқтисодий барқарорликка эришилиши кафолатидир.
Ўз ўрнида, хусусий мулк дахлсизлигини таъминлашнинг асосий гаровларидан бири барқарор равишда қарорлар қабул қилишга қаратилган ҳар томонлама мустақил суд тизимини шакллантиришдир. Демак, суд хусусий мулк ҳимоясида туриб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини тиклаш орқали ижро идораларини қонун доирасида ишлашга мажбур қиладиган тизим яратишга хизмат қилади. Бу эса жамият тараққиётига, биринчи навбатда, унинг иқтисодий равнақига хизмат қилади.
Ушбу фикрни таҳлил қилсак. Тадбиркор ёки мулкдор ким бўлишидан қатъи назар, у аввало мана шу юрт фуқароси. Унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш аҳамияти икки ҳисса ортади. Зеро, ушбу тоифа кишилар нафақат ўзини, балки бошқаларни ҳам даромадга эга бўлиши учун интилади. Яна бир жиҳати, тадбиркорлар синфи кўпайса, солиқ тушумлари ортади, бюджет мустаҳкамланади.
Шундай экан, тадбиркор ва мулкдорлар мамлакатимиз ривожини, аҳоли фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Шундан келиб чиқиб, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятига оид қонун бузилиши мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган фавқулодда ҳолатдир.
Шунингдек, бошқа йўналишларда бўлгани каби ушбу соҳада ҳам коррупцияга қарши курашиш масаласи устувор бўлиб қолаверади. Хусусий мулк устуворлиги қонунларимизда асосий тамойил сифатида белгиланган экан, давлат идораси маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқи бузилмаслиги зарур. Айнан ушбу нуқтада меъёрий ҳужжатлар тўлиқ ифодасини топади. Тараққиёт кушандаси бўлган коррупция иллатига барҳам беришга давлат ва жамиятнинг барча куч ҳамда воситалари сафарбар этилади.
Халқпарвар давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан бормоқдамиз. Бунда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, қабул қилинаётган қонун ҳамда қарорларнинг мазмун-моҳиятини кенг оммага етказиш муҳим аҳамиятга эга. Мазкур жараён парламент вакилларига алоҳида масъулият юклайди.
Бир сўз билан айтганда, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва дахлсизлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий механизмини шакллантириш орқали халқ фаровонлиги таъминланади. Мустақил суд тизимига эришиш иқтисодиётимиздаги инвестиция муҳитини ривожлантиради. Асосийси, шу орқали барча ижтимоий соҳаларга йўналтирилган дастурларни тўла бажаришга ва аҳолини рози қилишга эришилади.
“Ўзбекистон овози”, 10.11.2021, №45