Хотин-қизлар муаммолари ўрганилди

 

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят Кенгаши томонидан “Аёлларга кўмак” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар Мингбулоқ туманида ўтказилди. Тадбир давомида “Гуртепа”, “Маданият” маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи “Аёллар дафтари”га киритилган оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар билан мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди.

Тадбирда партия вилоят, туман кенгашлари масъуллари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими мутасаддилари иштирок этди.

Мулоқотда мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, улар учун яратилаётган шароитлар, имконият ва имтиёзлар, шунингдек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан электорат манфаати йўлида амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумотлар берилди.

Лойиҳа доирасида "Аёллар дафтари"га киритилган аёллардан 33 нафарига турли шаклда ёрдам кўрсатилди. Хотин-қизлардан 12 нафарининг мурожаати партия масъуллари, депутатлар ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари томонидан назоратга олинди. Шунингдек, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими ходимлари иштирокида оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларнинг яшаш шароити, муаммолари ўрганилди.

Тадбир давомида тадбиркор Санобархон Тешабоевага қарашли тикувчилик цехи фаолияти билан танишилди. Тадбиркорнинг ташаббуси билан корхонага “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган оилаларнинг фарзандлари шогирдликка олиниб, улар малакали ишчилардан тикувчилик сир-асрорларини ўрганмоқдалар. Эътиборлиси, уларнинг иш билан таъминланиши ҳам кафолатланган.

Ўрни келганда қайд этиш керак, хотин-қизларимиз ўртасида тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўяётганлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Улардан бири бир пайтлар “Аёллар дафтари”да рўйхатда турган Нигора Садриддиновадир. У имтиёзли кредит эвазига ҳовлисида 2 сотих иссиқхона ташкил этиб, ҳозирги кунда кўкатлар ва саримсоқпиёз етиштириб, уларнинг сотувидан бир кунда 200, 300 минг сўмдан даромад олмоқда.

Гулчеҳра Тошпўлатова эса партиямиз депутати Хатира Шарипованинг амалий ёрдами билан тадбиркорликни бошлаган. У ташкил этган ёғочни қайта ишлаш цехида маҳалладаги ишсиз аёллардан 15 нафарининг бандлиги таъминланди.

Тадбирда таъкидланганидек, хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишда Ўзбекистон ХДП томонидан жойларда амалга оширилаётган “Аёлларга кўмак” лойиҳаси муҳим аҳамият касб этмоқда.

 

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш