Равон йўллар тараққиётдан нишона

 

Йўллар аҳоли турмуш фаровонлиги, мамлакат тараққиётини белгиловчи мезонлардан биридир. Улов ва йўл соз бўлса, қадрдон ишхонамизга, севимли ўқув даргоҳимизга ўзгача кайфият билан етиб оламиз. Қаерда йўл қуриш, таъмирлаш ишлари кенг қулоч ёзса, ўша жойда замонавий инфратузилма объектлари қад ростлаб, аҳолининг турмуш тарзи юксалиб боради.

Юртимизда иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари қатори йўлсозлик соҳасида ҳам кўплаб лойиҳалар амалга оширилмоқда. Биргина Жиззах вилояти мисолида айтадиган бўлсак, келгуси йилларда фақатгина автомобиль йўлларидаги кўприкларни таъмирлаш учун 403 млрд. 400 млн. сўм маблағ ажратиш режалаштирилган. Ушбу маблағлар ҳисобига 165 та кўприк таъмирланади. Шунингдек, жорий йилнинг ўзида 5 та кўприкни таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, ушбу мақсадда 23 млрд сўмдан зиёд маблағ ажратилган.

Вилоят Автомобиль йўллари бош бошқармаси масъул ходимлари иштирокида “Юксалиш” умуммилий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ва Ўзбекистон ХДП вилоят Кенгаши депутатлари томонидан ўтказилган жамоатчилик мониторинги тадбири давомида ушбу маълумотлар келтириб ўтилди.

Маълум бўлишича, вилоятда жами 310 та кўприк хатловдан ўтказилган бўлиб, улардан 161 таси 1960-1975 йилларда, 125 таси эса 1976-1990 йилларда қуриб битказилган. Бундан кўринадики, аксарият кўприклар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Мониторинг давомида таъмирталаб бўлган кўприкларни таъмирлаш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари ҳам ўрганилди. Чунончи, Жиззах шаҳридаги “Олмачи” ва “Ҳайробод” маҳаллалари ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида темир йўл кесишмаси борлиги сабабли ушбу нуқтада транспорт воситаларининг тирбандлиги ошиб бормоқда. Мутахассисларга кўра, муаммони шаҳардаги Ислом Каримов кўчаси ва “Тошкент” кўчаси кесишмасидан “Темирйўлчилар” кўчаси орқали темир йўл устидан 700 пм кўприк билан 4 километр узунликдаги автомобиль йўли қуриш орқали ҳал этиш мумкин. Бу билан мазкур темир йўл кесишмаларидаги тирбандлик, транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланишига эришилади.

Яна бир муаммо шундаки, “Сардоба” сув омбори ҳалокати оқибатларини бартараф этиш учун “Жиззах–Чимқўрғон” автомобиль йўлидан оғир юк машиналари қатнови кўпайгани оқибатида, мазкур йўл яроқсиз ҳолга келиб қолган. Муаммони ҳал этиш учун, йўл таъмирланиши вилоят манзилли дастурига киритилиши лозим.

Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти шаҳару қишлоқларимизда янги йўл ва кўприклар қурилиши, инфратузилмани халқаро андозалар даражасида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда намоён бўлмоқда. Биргина автомобиль йўлларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш кўрсаткичи тўқсонинчи йиллардагига нисбатан 13 баробар ўсгани фикримизнинг исботидир.

Шу маънода, мамлакатимизда замонавий йўл ҳамда кўприклар қурилиши, аввало, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг вақтини тежаш, экологик муҳитни яхшилаш, шунингдек, шаҳар ва қишлоқларимизнинг қиёфасини тубдан ўзгартиришдек эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

 

Ҳусан АБДУНИЯЗОВ,

Ўзбекистон ХДП Жиззах вилоят Кенгаши депутати,

“Юксалиш” умумиллий ҳаракати Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш