Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 378-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги, «Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 30-моддасига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳалари ва фракция фаолиятига оид масалалар кўриб чиқилди.
Хусусан, Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари ташаббуси билан киритилган «Фавқулодда ҳолат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунининг қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.
Конституциявий қонунда давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъий назар бошқа ташкилотларнинг фаолиятига, уларнинг мансабдор шахслари ҳуқуқ ва эркинликларига алоҳида чекловлар ўрнатиш ҳамда уларнинг зиммасига қўшимча мажбуриятлар юкланадиган алоҳида режими жорий этилиши назарда тутилмоқда.
Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳаси билан айрим қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Жумладан, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида фавқулодда ҳолат жорий этилган ҳудудда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ваколатларини тўлиқ ёки қисман тўхтатиб туриш, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш даврида оммавий ахборот воситалари фаолиятига чеклов ўрнатиш, нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини тўхтатиб туриш тартибларини белгилаш, мулкчилик шаклларидан ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, ташкилотларнинг ресурсларини сафарбар этиш, портловчи, радиоактив, шунингдек кимёвий ва биологик жиҳатдан хавфли моддалардан фойдаланадиган хавфли ишлаб чиқаришлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб туришни назарда тутиш каби бир қатор таклифлар киритилмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши қонун ҳужжатларидаги мавжуд ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга, қонун ҳужжатларини мувофиқлаштиришга хизмат қилади.
Шунингдек, иккинчи ўқишда кўриб чиқилган «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қизғин тортишувлар асосида муҳокама қилинди. Таъкидландики, қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш, фуқароларнинг, аввало, йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратиш мақсадида қабул қилинмоқда.
Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда, бир қатор хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган. Жумладан, АҚШ ва Қозоғистонда 21 ёшга тўлмаганларга алкоголь ва тамаки сотиш тақиқланиши, Туркманистонда, Индонезияда 21 ёшга тўлмаганларга, Ҳиндистоннинг 17 та штатида эса 21-25 ёшга тўлмаганларга алкоголь сотиш тақиқлангани инобатга олиниб, мамлакатимизда ҳам бу борада ёшга доир тақиқни 21 ёшгача ошириш таклиф этилмоқда.
Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги давлат кафолатлари, бу борадаги профилактика тадбирларини амалга ошириш ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари тушунчалари ёритиб берилмоқда.
Қизғин муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳалари депутатлар томонидан маъқулланди.
Йиғилишда муҳокама этилган бошқа қонун лойиҳалари юзасидан ҳам фракция аъзолари электорат манфаатидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирдилар.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати