Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлайлик

 

Коррупция ва таъмагарлик, қариндош-уруғчилик, таниш-билишчилик ҳар қандай давлат тараққиётини ортга сурувчи иллатлардан. Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳам бу жирканч иллатларга қарши кураш устувор вазифага айланган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича 2021-2022 йилларга мўлжалланган давлат дастурига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларига ишга қабул қилишни очиқ танлов асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасида ўтказиладиган синов тадбирларини интернет тармоғи орқали онлайн эфирга узатиш тартиби тест режимида йўлга қўйилди. Бу усул жараённниг очиқлигини таъминлаб беради.

Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги бу борада яна бир ташаббусни илгари сурди. Яъни, ўзаро яқин қариндошларни ишга олганлик учун жарима кўзда тутилган қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди. Ҳужжат билан Меҳнат кодексига қариндошларни ишга олишни тақиқлаш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга эса буни бузганлик учун жарима белгилаш кўзда тутилган ўзгартириш ва қўшимчалик киритиш режалаштирилган. Унга кўра, ўзаро яқин қариндош ёки қуда-анда бўлган шахсларнинг (катта бобо-бувилар, бобо-бувилар, ота-оналар, ўғил ва қизлар, невара ва эваралар, эр-хотинлар, шунингдек, эр-хотинларнинг ота-оналари, ака-укалари, опа-сингиллари ва болалари), башарти улардан бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қиладиган бўлса, бир давлат корхонаси ва унинг таркибидаги тузилмаларда бирга хизмат қилишлари тақиқланади. Давлат хизматчиси ўзаро қариндошлик ришталарига эга бўлган шахс билан хизмат қилаётганлиги ўзига маълум бўлган вақтдан бошлаб 10 кун муддат ичида давлат ташкилоти раҳбарига бу ҳақида хабар бериши лозим.

Ўзаро яқин қариндош бўлган шахсларнинг бир давлат ташкилоти ва унинг таркибидаги тузилмаларда бири иккинчисига бевосита бўйсуниб ёки унинг назорати остида хизмат қилаётганлиги ҳақида иш берувчига маълум қилмаслик, БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваригача (4 миллион сўмдан 5,4 миллион сўмгача) миқдорда жарима солиш кўзда тутилмоқда. Ушбу ҳужжат лойиҳаси муҳокамаси 30 ноябргача давом этади.

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Корупцияга қарши курашиш Агентлигининг ташаббуси қизғин муҳокамада. Айримлар амалдаги қонунчиликнинг бу каби ҳолатларни ҳисобга олмаганидан аччиқланган. Яна кимдир бундай жавобгарликнинг жорий этилиши кўплаб юртдошларимизни иш ўрнидан маҳрум қилиши нуқтаи назаридан эътироз билдиради. Ҳозирги кунда бу каби чеклов чораларининг киритилиши долзарб эмас, деган ғоялар ҳам илгари сурилаяпти. Демакки, Коррупцияга қарши курашиш Агентлиги ишга қабул қилишда уруғ-аймоқчиликка ва қариндошларнинг давлат хизматида биргаликда ишлашига йўл қўймаслик мақсадини кўзлаган қонун лойиҳаси моҳиятини аҳолига, жамоатчиликка етказиши керак.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ва унинг парламентдаги фракцияси фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши коррупцияни жиловлашга, турли давлат органларида уруғ-аймоқчилик ёрдамида амалга ошириладиган турли коррупцион схемаларнинг олдини олишга хизмат қилади, деб ҳисоблайди. Бизнингча, мазкур масалада етакчи давлатларнинг тажрибасини ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди.

Коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги аниқ-равшан белгиланиши мақсадга мувофиқ.

Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат қарор топтириш ўта долзарб масала бўлиб, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлса-да, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлади. Ҳар биримиз қаерда, қандай муаммога дуч келсак, унинг ҳал этилишида масъул шахсларнинг масъулиятсизлиги ёки таъмагирлигига гувоҳ бўлганда шароитга бўйсуниш, индамай кетавериш ёхуд чидаш ўрнига бонг уришимиз керак. Масъулиятсизликка, адолатсизликка нисбатан муросасизликни ўзимиздан бошлашимиз даркор. Шунда мудраётган мансабдор уйғонади, зиммасида қандай масъулият борлигини ҳис этади.

 

ЎзХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш