Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг барча ҳудудий бўлинмаларида “Ёшлар қаноти” ташкил этилиб, энг фаол ёшлар партия дастурий-мақсад, ғояларини тарғиб қилиш, тадбирлар, лойиҳаларни ўтказишда партия ходимларига яқиндан ёрдам бермоқда. “Ёшлар қаноти” жамоатчилик фаолияти анча йиллардан буён фаолият кўрсатиб келмоқда ва партия сафига ёшларни жалб этиш, янги ғоялар алмашиш, тадбирларни самарали ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу борада Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши вилоятдаги ўқув юртлари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган бўлиб, талаба ёшлар партия томонидан ташкил этилаётган учрашув, тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар. Уларнинг тадбирлардаги иштироки эса сиёсий билим ва қарашларининг бойишига, мамлакатда юз бераётган муҳим сиёсий жараёнлардан бохабар бўлиб боришларига хизмат қилмоқда. Жумладан, партия ташаббуси билан ташкил этилган “Депутат ва ёшлар” лойиҳаси доирасида жорий йилнинг ўтган даврида 30 дан ортиқ учрашувлар ташкил этилиб, маҳаллий Кенгаш депутатлари ёрдами билан 34 нафар ёшлар турли ташкилотларга ишга жойлаштирилди. Бундан ташқари, “Ёшларга кўмак” лойиҳасида асосида Қарши шаҳар, Китоб, Яккабоғ, Касби, Косон ҳамда Қарши туманларидаги ўқув курсларига 60 дан ортиқ ёшлар, 30 дан ортиқ ёшлар “устоз-шогирд” анъанасига мувофиқ ҳунармандчилик ишларига, 50 нафар ёшлар эса мавсумий ва доимий ишларга жалб этилиб, бандлиги таъминланди.
Тарғибот борасидаги бизнинг яна бир таянчимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузурида ташкил этилган “Ёшлар парламенти” аъзоларидир. Вилоятимизда олти нафар сафдошимиз “Ёшлар парламенти” аъзоси бўлиб, жойларда ёшларнинг муаммоларини ўрганиш, депутат сифатида уларга кўмак бериш, янги ташаббусларни қўллаб-қувватлашда фаоллик кўрсатмоқдалар. Бу фаоллик айниқса, Ўзбекистон Президенти сайлови кампанияси даврида яққол кўзга ташланди.
Албатта, ёшлар билан ишлаш соҳасида ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Бу борада бир қатор режалар ишлаб чиққанмиз ва уларни амалга ошириш орқали юртимиз келажагига ҳисса қўшаётган ёшларимизни қўллаб-қувватлаш янги босқичга кўтарилади.
Шаҳло Худойқулова,
Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши сектор мудири.