Иқтисодий ўсиш маҳалладан бошланади

 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 ноябр куни аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бугун иқтисодиётдаги барча саъй-ҳаракатлар аҳоли учун даромад манбаи яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилгани барчамизга яхши аён. Ушбу масала жуда кенг қамровли бўлиб, ижтимоий нафақа ёки уй-жой бериш билан ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди учрашувлари жойлардаги эҳтиёж ва аҳоли талабидан келиб чиқиб, ҳудудий дастурлар белгиланган эди. Улар учун келгуси йилда қарийб 75 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган. Галдаги вазифа эса, бу дастурларни маҳаллагача тушириб, ижросини таъминлашдан иборатдир. Йиғилишда шу борадаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Хусусан, келгуси йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун 13 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбари, Янги Ўзбекистон дегани, аввало, янгича ишлаш керак дегани эканлигини, шунингдек бунинг учун ҳокимлар ҳам ўзгариши кераклигини, ажратилаётган маблағлар маҳаллада ўз ифодасини топмаса, натижа бўлмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бунда эса иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш – асосий мезон эканлиги қайд этилди. Мева-сабзавотчилик кластерларига 2 триллион сўм, шу соҳадаги лойиҳаларга 100 миллион доллар, томорқаларда маҳсулот етиштириш учун яна 100 миллион доллар йўналтирилади. Аҳоли томорқасида деҳқончиликни йўлга қўйиш учун банклар томонидан 7 фоиз ставкада имтиёзли кредитлар берилади. Келгуси йилда давлат инвестиция дастури доирасида жами 18 триллион сўмликдан зиёд 1 минг 700 га яқин лойиҳа, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 миллиард долларлик 9 мингта лойиҳа амалга оширилиши белгиланган. Уларнинг натижасида, мос равишда 135 минг ва 305 мингта иш ўрни ташкил этиш мақсад қилинган. Эътиборлиси, бундан буён дастурлар вазирликда эмас, маҳаллада шаклланади, уларни ҳокимларнинг ёрдамчилари ўзи “маҳаллабай” тамойили асосида ишлаб чиқади.

Келаси йил халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган 2 миллиард 200 минг доллар маблағни ўзлаштириш ҳисобига 109 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг самарасида 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади. Халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган маблағлар ҳам маҳаллага боғланади.

Бандликни таъминлашда энг катта соҳалардан бири – қишлоқ хўжалиги. Келгуси йилда пахта ва ғалладан бўшайдиган 80 минг гектар майдон аҳолига ажратилиши белгиланган. Бу аҳолининг катта қисмига берилаётган ниҳоятда катта имтиёз демакдир. Шубҳасиз, давом этаётган мазкур ислоҳотлар халқ турмушининг яхшиланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Шундай экан, Юртбошимиз бошчилигидаги эзгу ишларнинг амалга ошишида ҳар биримиз ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшмоғимиз даркор! Халқимизда “Бирлашган ўзар” нақли бежиз айтилмаган.

 

Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш