Камбағалликни қисқартириш – ҳаётни ўзгартириш демак

 

Улуғбек ИНОЯТОВ, Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари:

— Кейинги йилларда халқ билан мулоқотнинг самарали механизми йўлга қўйилгач, камбағаллик бўйича ҳақиқий аҳвол кўз ўнгимизда намоён бўлди. Камбағаллик тор доирадаги тушунча эмас. Бу фақат моддий қийинчиликда, ночорликда кун кўраётган одамларга тааллуқли бўлган масала эмас. Камбағаллик халқнинг соғлиғи, давлатнинг имкониятлари, фуқароларнинг устувор ҳуқуқлари таъминланиши, умумий салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ масаладир.

Шу боисдан бугун иқтисодиётдаги барча саъй-ҳаракатлар аҳоли учун даромад манбаи яратиш, камбағалликни қисқартиришга қаратилмоқда. Камбағалликка барҳам бериш жуда катта қамровга эга бўлган масала ҳисобланади. Бунда кимгадир ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан муаммо ўз-ўзидан ҳал бўлиб қолмайди. Бу иқтисодий инфратузилма билан бирга, инвестиция йўналтириш, энергия таъминотини яхшилаш, таълимни ривожлантириш каби комплекс чораларни талаб этади.

Мазкур жараёнда, аввало, аёллар ва ёшларга малака бериш, шу орқали уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бунинг учун давлат сиёсати марказдан маҳалла даражасигача юритиладиган вертикал тизимга айланмоқда.

Халқ демократик партияси бу ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда, давлат бошқарувини демократик ислоҳ этишни изчил давом эттириш, маҳалла институтини ривожлантириш, аҳоли даромадларини ошириш, камбағалликни қисқартириш, таълим ва тиббиётга эътиборни кучайтириш, ижтимоий ҳимояни такомиллаштириш масалалари принципиал сиёсий аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.

Шу ўринда айтиш керакки, келгуси йилдан бошлаб, давлат томонидан берилаётган маблағлар ва яратилаётган имкониятлар маҳалланинг эҳтиёжидан келиб чиқиб белгиланиши, айни муддао бўлди.

Нима учун бу тизим йўлга қўйилмоқда. Чунки, аҳолини ўйлантираётган ижтимоий масалалар айнан маҳалла кесимида яққол кўзга ташланади. Олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ва натижаси ҳам маҳаллаларда аниқ кўринади.

Юқорида туриб, қонунлар, қарорлар ва дастурлар қабул қилинади. Лекин, буларнинг қуйида ижроси тўлиқ таъминланмаса, ўзгаришлар оилалар, фуқароларимиз ҳаётида сезилмаса, олиб борилаётган сайъ-ҳаракатлар самара бермайди. Ўзгаришлар халқимиз ҳаётида, оилалар, хонадонларда сезилиши зарур. Президентимиз бутун давлат ва жамият бошқаруви тизими имкониятларини мана шу эзгу мақсадга катта куч ҳамда иштиёқ билан сафарбар этмоқдалар. Бу тамойил нафақат жойлардаги ижтимоий муаммоларни тизимли ҳал этишга, энг асосийси, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигига реал шароит яратишга хизмат қилади. Бу фикрни бот-бот такрорлаб келмоқдамиз.

Бугун расмий рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, мамлакатимизда жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида ишсизлик даражаси 9,4 фоизни ташкил этмоқда. Бошқача айтганда, меҳнат ресурслари сони 19,3 млн. кишини ташкил этади. Шундан 5,9 млн. киши норасмий секторда банд бўлганлардир.

Ҳозирда ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,4 млн. кишини, 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси - 14,9 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси 12,8 фоизни ташкил қилмоқда. Афсуски, мамлакатимизда иқтисодий нофаол аҳоли сони ошиб бормоқда. Ҳозирда уларнинг сони 4,3 млн. кишини ташкил этади.

Аҳоли бандлигини таъминлаш, ёшлар ва ишсиз фуқароларни давлат ҳисобидан малакали касб-ҳунарга ўқитиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, эҳтиёжманд аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш орқали 2026 йилгача камбағалликни икки баробар қисқартириш кўзда тутилмоқда. Бу жуда катта ва тарихий аҳамиятга эга марра. Бу натижага эришилиши мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар самарали амалга оширилишини ҳам англатади. Яъни, камбағаллик икки баробар қисқариши жуда кўплаб соҳаларда ҳақиқий ўсиш бўлганининг кафолати бўлиб хизмат қилади.

Бунинг учун, келгуси йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари, ишсиз аҳоли ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида 13 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилмоқда.

Президентимиз таъкидлаганидек, биз Янги Ўзбекистонни яратмоқдамиз. Бу аввало, бутунлай янги кайфият, янги тизим ва янгича ишлаш демакдир. Бунда иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартириш – асосий мезон ҳисобланади.

Партиямиз, давлат инвестиция дастурлари доирасида амалга ошириладиган лойиҳалар асосида янги иш ўринларини яратиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга эришиш мақсадларини фаол қўллаб-қувватлайди. Боиси, бу йўналишда кейинги йилларда амалга оширилган улкан лойиҳалардан биринчи навбатда бизнинг электорат, эҳтиёжманд қатлам манфаатдор бўлмоқда.

Бу борада келгуси йилда давлат инвестиция дастури доирасида жами 18 триллион сўмликдан зиёд 1 минг 700 га яқин лойиҳа, тармоқ ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида 22 миллиард долларлик 9 мингта лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида мос равишда 135 минг ва 305 мингта иш ўрни ташкил этилади.

Бундан ташқари, халқаро молия ташкилотларидан жалб этилган 2 миллиард 200 минг доллар маблағни ўзлаштириш ҳисобига 109 та лойиҳани амалга оширилиши самарасида 28 минг аҳоли бандлиги таъминланади.

Мазкур масалалар Халқ демократик партияси ғоялари билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, айнан бизнинг электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларнинг тақдири ҳудудларда ҳал бўлади. Жойларда масъулларнинг депутатлар корпуси олдидаги ҳисобдорлиги, маҳаллий вакиллик органлари томонидан жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши қонунлар, қарорлар, давлат дастурлари ижроси таъминланишида муҳим аҳамиятга эгадир. Партиямиз халқ депутатлари Кенгашларида 1600 нафардан ортиқ депутатлик ўрнига эга экани бу йўналишда ҳам имконият беради, ҳам масъулиятимизни икки ҳисса оширади.

Мамлакатда ижтимоий ҳимоя тамойилини ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш жараёнларида фаол иштирок этиш Халқ демократик партиясининг муҳим сиёсий вазифаси ҳисобланади.

 

“Ўзбекистон овози”, 17.11.2021, №46

 

 

Теглар

Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш