Айни пайтда дунёда маънавий таназзул, ахлоқий инқироз жараёни юз бермоқда. Бу инсоннинг табиий имкониятларини, руҳий кенгликларини маълум даражада чегаралаб қўймоқда. БМТ Бош котиби Антонио Гуттериш бу ҳолатни катта изтироб билан ифодалаб берди: “XXI асрнинг энг катта фожеаси инсониятнинг қадриятлардан узоқлашишидир”.
Америкалик ёзувчи Жек Лондон “Инсон бебаҳо маҳлуқларнинг энг охиргисидир”, деган эди. Таниқли рус социологи В.Ключевский эса “Инсон бу оламда энг буюк ҳайвондир”, деб таърифлайди. Бир қарашда булар қўполроқ, уларда инсонга нисбатан нафрат туйғуси бордай туюлади. Бироқ, унинг кирдикорлари, юриш-туришлари, худбинликлари, сотқинликлари, мунофиқликлари заррача манфаат учун энг яқин одамларидан ҳам воз кечишга тайёрлигини кўриб юқоридаги фикрларга қўшилгинг келади.
Буюк немис файласуфи Освальд Шпенглер “Қаерда маданият йўқолса, ўша ерда зоология кучаяди”, дейди. Демак, инсонни инсонга айлантирадиган, унинг қадрияти асосларини белгилайдиган нарса – маданият. Маданият эса тарбияга суянади, маънавиятдан озиқланади, маърифатдан куч-қувват олади.
Инсоннинг феноменал жиҳатларидан бири у ҳамиша ўзига ўзи муаммо яратиб, ўзини ўзи инкор қилиб, ўзини ўзи рад этиб яшайдиган олам эканлигида. Борлиқда бирон-бир жонзот инсончалик ўзига ўзи муаммо яратмайди. Улар қандай яшаётганини, нимага яшаётганини тушунишмайди. Фақат инсонгина орзулар ва мақсадлар олами сифатида ҳаётга интилади. У қанчалик буюк кашфиётлар, оламшумул ихтиролар қилишга қодир бўлса, шунчалик унинг тескарисини ҳам амалга ошириш қудратига эга бўлган ноёб жонзотдир.
Яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ақл билан қилади. Ақл эса руҳдан озиқ олади. Демак, руҳиятимиз покланиши, қалбимиз гўзаллашиши, туйғуларимиз шаффофлашиши лозим экан. Инсон, унинг олами ҳақидаги тасаввурлар инсоннинг ўзи каби қадимий. Антик даврдаёқ, ибтидоий ҳаёт шароитида одам ҳақидаги илк тасаввурлар пайдо бўлган. Ақл, ҳис-туйғу билан боғлиқ ва манфаатлар тўқнашуви, яшаш учун кураш ҳолатлари, эзгуликлар қаторида худбинлик ва зўравонлик каби иллатларни ҳам шакллантирган.
Қуръони Каримда “Биз сизни мукаррам қилиб яратдик”, дейилади. Мукаррамлик нимада? Азизлик, мўътабарлик нимада? Бизнинг назаримизда оламни яратган, буюк мўъжизавий қудратга эга бўлган Зот жонзотлар орасида фақат инсонгагина ақл берган, ҳис-туйғу берган. Ана шу улкан имконият инсоннинг бутун қадриятини белгилайди. Бошқача қилиб айтганда, инсонни қадриятга айлантирадиган ғоят қудратли куч – ақл! Инсонни маънавий ва руҳий жиҳатдан эзгуликларга даъват этадиган, ойдин орзулар, эзгу-мақсадлар билан яшашга чақирадиган куч эса ҳис-туйғудир!
Қуръони Каримнинг яна бир жойида “Биз сизни ҳар хил қилиб яратдик”, дейилади. Олам Сарвари нима учун айнан инсонни ҳар хил қилиб яратди? Нима учун бир хил қилиб яратмади? Чунки агар бир хил қилиб яратганида Ер юзидаги саккиз миллиардга яқин одам бир хил кийинган, бир нарсани ўйлайдиган, бир томонга қараб юрадиган ҳолатда бўларди. Унда ҳаётнинг мазмуни қолмас эди. Ранг-баранглиги, жозибаси бўлмас эди. Тараққиёт бўлмас эди. Орзуларнинг хилма-хиллиги, мақсадларнинг турфалиги одамларнинг турли соҳалардаги интилишларига асос бўлади. Ҳаёт тараққиётига, инсониятнинг бахтли-саодатли турмушига муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Инсон табиати жиҳатдан ўта мураккаб, зиддиятли жонзот. Унинг қалб иқлими континентал. Бу олам зиддиятлари, туйғулар ва ҳиссиётлар бўҳронлари шу даражада ўзгарувчанки, баъзан инсон ўз оламига сиғмай қолади. Ёки ўз қарашлари ва хулосаларига қарши хатти-ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин бўлади. Ана шу драматик моҳиятдан келиб чиқиб, Жалолиддин Румий “Олами Куброда неки бор, олами Суғрода бор”, дейди. Олами Кубро – борлиқ, мавжудот, галактика. Олами Суғро – инсоннинг қалби, одамнинг бутун моҳияти, феъл-атвори. Унинг ички олами. Инсоннинг ахлоқий ва маънавий имкониятлари ана шу қалбнинг ҳолатига, тозалик даражасига боғлиқ.
Улуғ алломанинг фикрига кўра, ташқи оламда неки бўлса, инсон қалбида шу мавжуд экан. Бўронлар, тўфонлар, қорли-қировли кунлар, баҳор эпкинлари, гўзалликлар, табиатнинг бетакрор жозибаси, маънавий ҳолатда, ҳис-туйғулар оқимида инсон қалбида мавжуд. Мусибатли, изтиробли кунлар билан бирга шоду хуррамлик, бахтиёрлик, фаровонлик ҳолатлари қалб оламида мужассам. Ана шу ҳолатдан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, ҳар бир одам алоҳида олам. Ҳар бир одам бетакрор дунё.
Унинг қалбида турли-туман фазилатлар билан бирга хилма-хил иллатлар ҳам яшайди. Демак, инсоннинг қалби ўзига хос ринг. Унда фазилатлару иллатлар доимий тўқнашиб, бир-бирини мавҳ этиб яшашади. Кимнинг қалбида иллатлар ғолиб чиқса, у ёмон одамга, фазилатлар ғолиб чиқса, яхши одамга айланади. Лекин шу нарса аниқки, мутлақ яхши одам ҳам, мутлақ ёмон одам ҳам йўқ. Бўлиши ҳам мумкин эмас!
Ана шундай мураккаб шароитда биз мумкин қадар фазилатларни тарбиялашимиз, фарзандларимизни эзгуликка, мурувватлиликка, бағрикенгликка, садоқатлиликка ўргатмоғимиз лозим. Ҳозирги замонавий цивилизация шароитида бунга катта эҳтиёж сезилмоқда. Худбинлик, кўролмаслик, ҳасад, иғвогарлик, гап ташиш одамлар орасида кучайиб бормоқда.
Инсоният майдалашиб бораяпти. Икир-чикирлар орасида қолиб кетмоқда. Бу эса тасаввурларнинг торайишига, тафаккур оламининг қисқаришига, ақлнинг ўтмаслашишига, ҳис-туйғуларнинг сўнишига олиб келмоқда. Инсонни одам шаклидаги бошқа жонзотга айланишига, ёввойилашишига сабаб бўлмоқда.
Қадриятлардан узоқлашиш инсоннинг майдалашишига, инсон моҳиятининг йўқолишига олиб келмоқда. Одамлар ивирсиб яшаш, ўзининг тор қобиғидан ташқарини ҳис қилмаслик иллатларига учрамоқда. Натижада унинг ижтимоий моҳияти, буюк мақсадлар билан яшаш салоҳияти йўқолмоқда. Буни одамнинг инсоний фазилатларини белгиловчи бир қатор омилларда кўриш мумкин.
Жумладан, эътиқодсизлик. Бу маълум бир қарашларга, эзгуликларга олиб борадиган мақсад ва ғоялардан узоқлашишдир. Эътиқодсиз одамда нимагадир интилиб яшаш ҳисси бўлмайди. Ўзи билан ўзи овора бўлиб, шунчаки яшаш инстинкти кучаяди. Демак, эътиқодсиз одамдан катта нарсани кутиб бўлмайди. Буюк яратувчилик даврида бундай одамлар тараққиётга ҳамиша тўсиқ бўлишади. Ҳамиятсизлик, ориятсизлик оқибатида инсоний қадриятлар йўқолади. Ҳамиятсиз одам ўзини ўзи ҳимоя қила олмайди, ориятсиз одам ўзининг қадру қимматини асрай билмайди. Афсуски, ҳамиятсизлик, ориятсизлик иллатлари кучайиб бормоқда.
Инсофсизлик инстинктлари кучайиб бормоқда. Ҳар бир нарсага адолат билан қараш, виждон амри билан иш тутиш ҳисси йўқолмоқда. Худбинлик, маишатпарастлик, суиистеъмоллик инсоф деган мўътабар ўлчовни ҳисобга олмаяпти, у чегара билмаяпти. Ваҳоланки, инсоф миллий қадрият сифатида ахлоқнинг маълум бир меъёри, ўлчови ҳисобланади. Инсоф ҳар бир виждонли одам учун жамоа олдидаги, жамият олдидаги ўз хулқ-атвори ва одоби учун маънавий жавобгарлик туйғуси ҳисобланади. Афсуски, бу борада жиддий ўпирилишлар бор.
Юқоридаги иллатлар аста-секинлик билан инсоний ҳамият, инсоний орият фазилатларини сўндирмоқда. Ғурур туйғуси йўқолиб бормоқда. Ваҳоланки, ғурурли одам ўзининг қадру қимматини билади. Айтадиган сўзини билиб айтади, қиладиган ишининг натижасини ўйлаб қилади. Шу билан ўзини асрайди, номини улуғлайди.
Ҳар бир инсоннинг ўзини ўзи ҳимоя қиладиган ички маънавий қудрат сифатидаги ғурур ҳисси тўпланиб жамоа, жамият мақомини эгалласа, у миллий ғурурга айланади. Бугун бутун халқимиз буюк келажакка қатъий ишонч билан қараётган, янгидан янги ғоялар, улкан мақсадлар билан яшаётган бир пайтда бизни руҳлантирадиган, фаолиятимизга куч-қувват берадиган омил миллий ғурур ҳиссидир.
Аждодларимиз ориятли бўлишган. Орият учун ҳамма нарсадан воз кечишган. Биз аждодлар шажарасини давом эттирмоғимиз, миллий ғуруримизни поймол этмаслигимиз, аксинча, уни жаҳон меҳварида бутун моҳияти ва маҳобати билан, баркамоллиги ва бенуқсонлиги билан намоён этмоғимиз лозим. Бунинг учун ҳар биримизда шахсий ғурур ҳисси бўлмоғи лозим.
Миллий ғурур, миллий ифтихор инсонни юксакликка кўтарадиган, унинг шаънини ардоқлайдиган, вужудидаги бунёдкорлик, яратувчилик қобилиятини кучайтирадиган ҳодиса. Халқимиз буюк истеъдодлар, нодир иқтидорлар ва ҳайратомуз қобилиятлар ворисидир. Биз ўтмишимиз билан фахрланишга ўрганиб қолганмиз. Аждодларимизнинг буюк истеъдоди ва ноёб қобилияти билан шунчаки фахрланамиз, холос. Ваҳоланки, бу фахр-ифтихор остида жуда катта масъулият, залворли мажбурият турганлигини баъзан унутамиз.
Истеъдодли ёшларни рағбатлантиришимиз, уларнинг яратувчилик қобилиятини, бунёдкорлик иқтидорини қўллаб-қувватламоғимиз лозим. Бу бизнинг келажак олдидаги муқаддас бурчимиздир.
Умумхалқ салоҳияти ва унинг интеллектуал имконияти халқ даҳолик қудратининг ривожланишига, юксалишига олиб келади. Халқ даҳоси адолат ҳукмрон бўлган, давлат буюк мақсадларни кўзлаган ва истеъдодларни қўллаб-қувватлаган пайтларда ўзининг ноёб намунасини кўрсатган. Бугун янги Ўзбекистонда, янгича тафаккур билан яшаш инстинкти феъл-атворга, характерга, турмуш тарзига айланаётган бир пайтда халқнинг даҳолик қудрати тобора ошаётганини кўраяпмиз. Бу мўътабар жараён айни пайтда ҳар биримизнинг масъулиятимизни оширмоқда.
Замонавий цивилизация инсоният тасаввурини ўзгартирмоқда. Айниқса, ёшларнинг мурғак онгини етарли даражада ривожланишига, табиий ҳолда тараққий топишига монелик қилмоқда. Турмуш тарзида сунъийлик, бефарқлик, лоқайдлик чуқурлашиб бормоқда. Лоқайдлик ва бефарқлик эса ҳар қандай тараққиётнинг кушандаси ҳисобланади. Донишмандлардан бири “Душманингдан қўрқма, зўр бўлса, сени ўлдиради. Дўстингдан қўрқма, зарур бўлганда сотқинлик қилиши мумкин. Лоқайдлардан қўрқ, бефарқлардан қўрқ. Лоқайдлик ва бефарқлик мавжуд экан инсониятга ўлим таҳдид солаверади”, деган экан.
Шуни афсус билан алоҳида таъкидлаш керакки, лоқайдлик, бефарқлик, якка тартибда яшаш, ақлни ишлатмай кўп нарсага эришиш, меҳнат қилмай даромад топиш иллатлари ҳаётимизда мавжуд. Ҳаёт ҳақиқати ва инсоният тажрибаси шуни кўрсатадики, буюк мақсадлар билан яшайдиган халқгина буюк келажагини ярата олади. Бунинг учун жуда катта маърифат, улкан маънавий қудрат керак.
Кейинги беш йиллик ҳаётимиз, тасаввуримизни кескин ўзгартириб юборди. Ҳаётга муносабатларимиз, интилишларимиз улкан мақсадлар ва қатъий ишонч билан уйғунлашиб бормоқда. Бутунлай янги дунёқарашдаги, янги тасаввурдаги янги фуқаролар шаклланмоқда. Бунинг натижасида эса цивилизациялашган истиқболга аниқ ишонч билан қарайдиган, бутунлай янги типдаги Янги Ўзбекистон вужудга келди ва реал воқеликка айланди. Ана шу жараёнларда марказий масалалардан бири ҳамма саъй-ҳаракатларни инсонга, унинг реал манфаатларига, қадр-қимматига, руҳий ва интеллектуал соғломлигига, маънавий тарбиясига қаратиш вазифасидир. Президент Шавкат Мирзиёев ялпи янгиланишлар ва туб ўзгаришлар моҳиятини худди ана шу омилларда кашф этиб, ислоҳотларнинг барча жабҳаларини айни инсон орқали амалга ошириш назариясини асослаб берди.
Юқорида айтганимиздек, ҳар қандай тараққиёт халқ даҳолик қудратининг натижаси. Давлат мамлакатни ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқади, уни амалга ошириш бўйича қарорлар, фармонлар ва қонунлар қабул қилади. Халқ эса бунёдкорлик кучи, яратувчилик қобилияти ва интеллектуал салоҳияти орқали уни амалга оширади.
Ялпи сафарбарлик – тараққиёт омили! Фуқароларнинг ғоявий ва маънавий юксаклигини буюк сакрашга олиб келадиган қудратли куч. Ҳар қандай тараққиётнинг асоси – ахлоқ! Ҳар қандай таназзулнинг асоси – ахлоқсизлик! Янги Ўзбекистон халқи бир неча цивилизацияларни кўрган халқ сифатида буни бутун дунёга исботлаб берди. Биз янги Ўзбекистон шароитида буни тобора чуқур ҳис этмоқдамиз.
Янгича тафаккур, янгиланаётган онг бевосита ислоҳотлар мазмунини англаш орқали улкан ижтимоий ҳодисага, цивилизациявий жараёнга, янги Ренессанс ҳодисасининг илк жараёнларига боғланиб бормоқда.
Беш йил ичида янги Ўзбекистон шаклланди. Буни, албатта, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасининг тубдан ўзгарганида, ишлаб чиқариш соҳасининг бутунлай ислоҳ қилинганида, ижтимоий соҳани ривожлантиришда энг замонавий технологияларининг жорий қилинаётганида яққол кўрамиз. Бироқ янги Ўзбекистоннинг моҳияти фақат шундан иборатгина эмас. Унинг туб мазмуни, ижтимоий қадрияти, инсон тафаккурининг, қадр-қимматининг кескин ўзгарганида баҳоланади.
Бугунги фуқаро беш йил олдинги фуқаро эмас. У ижтимоий-биологик мавжудот ёки битта паспорт эгаси сифатида ўша одам бўлиши мумкин. Лекин янгиланган тафаккур, замонавийлашган онг, покланаётган маънавий-руҳий олам нуқтаи назаридан бутунлай бошқа одамга айланмоқда. Аслида серқирра ислоҳотларнинг бутун моҳияти ана шу ерда очилади. Демак, янги Ўзбекистоннинг цивилизациялашган янги фуқароси шаклланди!
Дарҳақиқат, одамлар ижтимоий ҳодиса сифатида қадриятга айлана бошланганини ҳис қилишяпти. Ўзини англаяпти, ўзини ўзи қадриятга айлантира бошлаяпти. Ҳеч ким ҳеч кимдан кам эмаслигини, у тўлақонли бахтли, саодатли яшашга ҳақли эканлигини тушуна бошлади. Ўзининг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва ижтимоий эҳтиёжларини, талабларини ўртага ташламоқда. Бу ялпи миллий уйғонишнинг ўзгинасидир. Яъни, ялпи жамият тафаккур жиҳатдан ўзгарди. Онгли, маърифатли ҳаёт тарзи қарор топмоқда. Бу эса ўз-ўзидан умуммиллий уйғонишга, умумиллий тараққиётга асос бўлмоқда.
Кишилик тарихи шундан далолат берадики, қачонки жамиятда ялпи ўзлигини англаш, якка тартибда ҳар бир инсон ўзининг инсоний моҳиятини тушуниб, қадриятга айлантиришга эҳтиёж сезган даврида, тараққиётнинг бутунлай янги, замонавий босқичи бошланган. Зотан, ҳар қандай тараққиёт онг ва тафаккур маҳсули. Ҳар қандай тараққиёт юксак ахлоққа, замонавий билимга, кенг тафаккурга суянади. Жаҳолат, залолат, қабоҳат сингари инсоний қадриятларнинг шавқатсиз душманлари барбод этилади.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Ўзбекистоннинг ҳозирги тараққиёт даражаси, жамиятнинг маънавий-маърифий имкониятлари асосида шаклланган янгича тафаккурдан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, халқимиз тарихи ва иқболида янги сакраш даври бошланди. Бу эса ўзига хос Ренессанс ҳодисасининг асоси ҳисобланади.
Оқил САЛИМОВ,
академик.
“Ўзбекистон овози”, 17.11.2021, №46