ХДП фракцияси вазир ҳисоботини тинглаш ташаббуси билан чиқди

 

Аҳолини, айниқса, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни доимий иш жойига эга бўлишига кўмаклашиш, натижада оилаларни барқарор даромад манбаига эга бўлиши, уларни камбағалликдан чиқариш алоҳида эътиборга молик масала.

Ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида «Ишга марҳамат» мономарказлари, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари ва йирик саноат тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этилиб, бу орқали жорий йилнинг ўзида минглаб йигит-қизга малака сертификати берилди ҳамда ёшларга деҳқончилик учун ер ажратиш бўйича бир қатор амалий ишларга қўл урилди. Бироқ жойларда ёшларнинг бандлигини таъминлаш борасида муаммолар сақланиб қолмоқда, улар билан ишлашда ҳамон камчиликлар кузатилмоқда.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг ёшларни иш билан бандлигига кўмаклашиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, шунингдек, камбағал, ишсиз фуқароларни доимий даромад манбаига ўргатиш ҳамда меҳнат фаоллигини ошириш мақсадида касб-ҳунарга ўқитиш бўйича қилинган ишлар юзасидан ахборотини эшитиш таклифини илгари сурди.

Фракция ташаббуси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қўллаб-қувватланди.

Ўзбекистон ХДП ўзининг Сайловолди дастурида аҳолини ижтимоий нафақалардан юқорироқ меҳнат ҳақи тўланадиган барқарор иш ўринлари билан таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг шахсий ташаббуслари ва уддабуронлигини рағбатлантириш, ёшларнинг касб-ҳунар танлаши, бепул ва сифатли таълим олиши, ўқув муассасаларини тугатгандан сўнг ишга жойлашиш кафолатини мустаҳкамлаш таклифларини илгари сурган бўлиб, бундан кейин ҳам ҳукуматнинг бандликни таъминлаш соҳасидаги фаолиятини кузатиб боради.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш