Наманганда ижодкор партиядошларимиз бор

 

Талабалик - инсон ҳаётининг олтин даври, дейдилар. Чунки шу паллада олинган билим, эгалланган марра кишининг умр йўлини белгилайди. Зеро, ёшликда олинган билим тошга ўйилган нақшдир, деган ҳикмат асрлар давомида ўз аҳамиятини йўқотмай келаётгани ҳам бежиз эмас.

Ёшларга келажакни белгиловчи куч сифатида баҳо берилса, талабалар шу кучнинг муҳим бўғинидир. Шу боис ҳар йилнинг 17 ноябрь санаси Талабалар куни сифатида халқаро миқёсда кенг нишонланиб, турли маънавий-маърифий, кўнгилочар тадбирлар ташкил этиладики, ёшлар фақат ўқиб-изланишдан ортиб кўнгил ёзишади шу кунда.

Наманган муҳандислик қурилиш институтида “ҲИЛОЛ” шеърий тўпламининг тақдимоти шу куни ўтказилганлиги хам бир гуруҳ ижодкор ёшларни бир-бирлари билан дийдорлашувларига, дўстлашишларига ҳамда шеърхонлик қилишларига қулай имконият бўлди. Тақдимотда Наманган муҳандислик қурилиш институти масъуллари, “Дўрмон” ижодкорлар клуби раҳбари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси А. Худойбердиев, С. Сайхун ва Андижон вилоятидан Муқимжон Нурбоев ҳамда Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши вакиллари ва фаол ижодкор ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда Институтнинг ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси Анваржон Деҳқонов ва Чуст тумани 67 –сонли умумий ўрта-таълим мактаби ўқитувчиси Дилфуза Эшоновалар ташаббуси билан республикамизнинг турли вилоятларидан бўлган фаол ёшларнинг элликдан зиёд ижод намуналарини жамлаб, ягона тўплам ҳолатига келтиришда уларнинг хизматлари беқиёс эканлиги барча сўз олганлар томонидан эътироф этилди ва Дилфуза Эшоновага Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси А. Худойбердиев томонидан “Турон” фанлар академиясига аъзолик гувохномаси топширилди.

Мазкур тўпламга Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгашининг энг фаол ёшларидан Отабек Қобилов ва Ҳусайн Турсунбоевларнинг ижод намуналари хам киритилгани биз учун ифтихордир. Партиямиз сафида мана шундай ижодкор ёшлар бор ва улар ҳар бир соҳада ўз фаолликларини кўрсатмоқдалар.

Тадбир давомида сўз олганлар томонидан шеърий тўпламнинг яратилиши билан боғлиқ жараёнлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва андижонлик, фарғоналик ҳамда наманганлик ижодкор ёшлар ўртасида ўз ижод намуналаридан айтишувлар бўлиб ўтди.

Тақдимот якунида Наманган муҳандислик қурилиш институти ижтимоий фанлар кафедраси ўқитувчиси Анваржон Деҳқонов Ўзбекистон ХДП сафига қабул қилинди ва фаол ёшларга эсдалик совғалари топширилди.

 

 

← Рўйхатга қайтиш