Жамиятда соғлом муҳитни яратиш, мустаҳкам ва соғлом оилалар сонини кўпайтиришга ҳисса қўшиш, соғлом авлодни вояга етказиш учун оилада хотин-қизларнинг ўрни ва ролини кучайтириш, оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга кўмак бериш ҳамда партия дастурий мақсад ва ғояларини тарғиб қилиш мақсадида ҳудудларда “Аёллар соғлиги – жамият бойлиги” лойиҳаси амалга ошириб келинмоқда.
Ўзбекистон ХДП томонидан ўтказиб келинаётган ушбу лойиҳа хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий, тиббий маданиятини ошириш, кам таъминланган оилалар, хотин-қизлар, оналар ва болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, зарур маслаҳатлар бериш ҳамда улар учун яратилаётган имтиёзлар ва имкониятлар билан яқиндан таништириш мақсадида ўтказилмоқда.
Жумладан, лойиҳа доирасида Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши томонидан вилоят эндокринология диспансерида аёллар ва болалар учун бепул тиббий кўрик ташкил этилди. Диспансерда ташкил этилган тиббий кўрикда 75 нафар хотин қизлар шифокор мутахассилар кўригидан ўтди. Улардан 41 нафарининг соғлигида муаммолари борлиги аниқланди ва уларга тегишли тавсиялар берилди. Хотин-қизлардан уч нафарига даволаниш учун бепул йўлланма тақдим этилди, икки нафар бемор эса операцияга йўналтирилди.
Тадбирда партия вакиллари, депутатлар ва аҳоли ўртасида бўлиб ўтган учрашувда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш бўйича партиянинг ёндашувлари, оналар ва болаларга тиббий-хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаб бориш мақсадида оналар ва болалар, ёш оилалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида давлат томонидан бажарилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Лойиҳани амалга оширишда фаол иштирок этган тиббиёт ходимларига ЎзХДП вилоят Кенгашининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши
Ахборот хизмати