Ўзбекистон байроғи — ор-номус, шон-шараф рамзи

 

Мамлакат тараққиётида байроғимизнинг алоҳида ўрни бор. Шу маънода, миллий байроғимиз давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни ҳамда ролини кўрсатишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ҳар биримиз учун ифтихор тимсоли ҳисобланади. 

Ватан рамзлари доимо шу қадар улуғланган ва муқаддас саналганки, унинг учун одамлар жонларини фидо қилганлар. У кишиларни якдилликка, муштарак мақсад йўлида бирлашишга чорлаган. Зеро, миллий рамзлар ор-номус, шон-шараф саналган. Давлатчилик тарихимизда Соҳибқирон Амир Темур ғолиблик байроғи остида буюк элни ягона мақсад сари бирлаштирган, ғолибларни эса давлат тимсоллари билан тақдирлаган. Бу эса салтанат рамзлари нечоғли улуғланганлигининг ёрқин тимсолидир. 

Давлат рамзларини муқаддас ҳисоблаймиз ва қадрлаймиз. Чунки у халқнинг тарихи, бугуни куни ва келажагини ўзида акс эттиради. Байроғимиз мамлакатимизни дунёда суверен давлат сифатида тенглар ичра тенг эканлигимизни англатади ҳамда миллий-маданий анъаналаримиз ва қадриятларимизни ўзида мужассамлаштиради.

Шу нуқтаи назардан қараганда, Президентимиз олға сурган, учинчи Реннесанс пойдеворини яратиш ғояси барчамизни ушбу стратегик мақсад сари бир мушт бўлиб жипслашишимиз, барчамиз ягона ғоя учун байриғимизни ўз ютуқларимиз билан баланд кўтаришимизга ундайди.

Шундай экан, давлатимиз байроғини тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ -келажагимизга бўлган ишончимиз тимсоли сифатида доимо қадрлашимиз ва эъзозлашимиз, ҳар биримизнинг шарафли бурчимиз бўлиши керак. 

 

Шарофиддин НАЗАРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раҳбари,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш