Фермер ва кластерлар эркинлиги мустаҳкамланмоқда

 

Ҳозирда мамлакатимизда жами 1 031,5 минг гектар пахта майдони мавжуд бўлиб, шундан 866 минг гектари 28,3 минг нафар фермерга, 165,6 минг гектари кластерларга ижара ҳуқуқи асосида бириктирилган. Айнан кластерларнинг қишлоқ хўжалиги тармоғига кириб келиши пахта етиштиришга бўлган муносабатни ўзгартирди. Янада соддароқ айтганда, пахтани хом ашё эмас, тайёр маҳсулот сифатида сотишнинг самараси ҳаётий мисолларда исботланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини янада такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги ерларидан самарали фойдаланишдаги роли ва масъулиятини ошириш, маҳсулот етиштирувчи ва уни қайта ишловчиларнинг манфаатдорлигини таъминлашга доир бозор тамойилларини кенг жорий этиш мақсадида қабул қилинди.

Фармон билан, Кластерлар фаолиятини мувофиқлаштириш республика комиссияси таркиби тасдиқланмоқда. Унга кўра, кластерни ташкил этиш бўйича аризаларни кўриш ва хулоса бериш, шартномавий мажбуриятларнинг бажарилиши ва кредитларининг вақтида қайтарилишини таҳлил қилиш, юзага келаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш, инвестиция мажбуриятларини бузган кластерлар фаолиятини тугатиш бўйича тавсиянома бериш Комиссиянинг асосий вазифалари сифатида белгиланди.

Энди пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш Республика комиссияси хулосасига асосан Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан амалга оширилади. Бунда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кластерлар Уюшмаси, тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ёки вилоят ҳокимлиги ва талабгор ўртасида битим 30 йил муддатга тузилади. Шунингдек, пахтанинг камида 50 фоизини ўзида қайта ишлаш қуввати мавжуд бўлган талабгорга устунлик ҳуқуқини бериш кўзда тутилмоқда.

Ҳужжатнинг яна бир аҳамиятли томони, эндиликда бир ҳудудда барча кластерларга фермерлар билан ҳамда фермерларга ушбу кластерлар билан пахта хомашёсини етказиб бериш бўйича ихтиёрий равишда фьючерс шартномаларини тузиш ҳуқуқи берилмоқда. Шунингдек, кластернинг розилиги билан ёки унинг тугатилиши билан боғлиқ ҳолатлардан ташқари Кластер билан битимни бекор қилиш фақат суд тартибида амалга оширилиши белгиланмоқда.

2022 йил ҳосилидан пахтачилик фермерлари ерининг ижара шартномаси бекор қилинган тақдирда, бўшаган ерни қайта ижарага беришда ушбу ҳудудда фаолият юритаётган кластерга устуворлик ҳуқуқи берилади.

Фармон билан белгиланган янги тартибга кўра, 2022 йилдан бошлаб кластерлар фаолиятининг самарадорлик ва молиявий аудити ўтказиб борилади. Бунда, йиллик пахта хомашёси ҳажми 30 минг тоннадан юқори бўлган кластерларга халқаро аудиторлик ташкилотлари жалб қилинади. Эътиборлиси, уч хил кластерлар ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бунда, кооперацион кластерлар - пахта хомашёсини шартнома асосида фермер хўжаликларидан сотиб олиб, уни қайта ишлайди. Пахта етиштириш кластерлари - ерларни ўзига ижарага олиб, пахта хомашёсини етиштиради ва уни қайта ишлайди. Аралаш кластерлар - қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ижарага олган ҳолда пахта хомашёсини етиштириш ҳамда пахта хомашёсини шартнома асосида фермер хўжаликларидан сотиб олиб, уни қайта ишлайди.

Фармон билан янги кластер ташкил қилишда барчага бирдек имконият яратиш ва жараён шаффофлигини таъминлаш мақсадида, бир қатор тартиблар ўрнатилмоқда. Хусусан, ҳар йили 20 августгача янги кластер ташкил этиладиган ҳудуд, унинг майдони ва пахта ҳосилдорлиги тўғрисида маълумотлар эълон қилинади. Ҳар йили 10 сентябргача талабгорлар аризаси давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилинади. 1 октябргача Республика комиссияси энг мақбул кластернинг таклифларини танлаб, хулоса қабул қилади.

Беш иш кунида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Кластерлар уюшмаси тегишли вилоят ҳокимлиги ва талабгор ўртасида кластер фаолиятини йўлга қўйиш бўйича битим ўттиз йил муддатга тузилади. Битимда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, кластернинг инвестиция киритиш ва иш ўринлари яратиш бўйича мажбуриятлари кўрсатилади. Фармонда, кластерлар, фермерлар, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ҳокимликларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари билан бирга кластер билан битимни бекор қилишнинг асослари ҳам белгиланмоқда.

Фармонда берилган топшириқларга мувофиқ, бир ой муддатда кластерлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича битим ва кластерлар билан фермерларнинг ўртасида тузиладиган фьючерс шартномаси намуналарини ишлаб чиқилиб, Адлия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги веб-сайтларида жойлаштирилади. Жорий йил якунига қадар фермерлар ва кластерлар ўртасида тузиладиган фьючерс шартномалари солиқ органларининг электрон шартномалар ахборот порталида мажбурий рўйхатдан ўтказилади. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низомни тасдиқловчи Ҳукумат қарорини қабул қилади.

Фармонда кластер фаолияти билан шуғулланадиган тадбиркорларга лизинг фоизларини камайтириш, бўялган трикотаж мато учун экспорт йиғимини бекор қилиш билан боғлиқ енгилликлар ва имкониятлар назарда тутилган.

Ниҳоят, шоир айтганидек, фермерлар учун доруломон кунлар келди. Пахта деса одамларнинг юраги зирриллайдиган кунлар ортда қолди. Мана, пойтахт у ёқда турсин, вилоятларда ҳам ўқувчи-ю, талабасиз, бюджет ташкилотлари ходимларисиз ҳам пахта териляпти. Қайтанга, сифатли ва нес- нобут қилинмасдан. Сабаб оддий - манфаатдорлик таъминланди. Ушбу Фармон ҳам пахтачиликни мажбурий меҳнатдан холи, сердаромад соҳага айлантириш, тўқимачилик ва қайта ишлаш саноатини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

 

Дилором Имомова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш