“2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазири Темур Ишметов тушунтириш берди.

Таъкидландики, “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига мувофиқ Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси билан Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси параметрлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида олинадиган давлат қарзининг чекланган ҳажмлари белгиланмоқда.

 

Қонун лойиҳасида бюджет соҳасига оид:

— биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчилари Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан маблағ олувчи қуйи ташкилотларига ўзларига ажратилган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини 10 фоизгача Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан йўналтириши;

— Ижтимоий жиҳатдан аҳамиятга молик миллий давлат дастурларини ҳамда ишлаб чиқариш ва ноишлаб чиқариш инфратузилмасини шакллантиришга доир лойиҳаларни молиялаштиришни қўллаб қувватлаш мақсадида, чет эл манбаларидан (чет давлатлар, халқаро ташкилотлардан, халқаро молия ва иқтисодий институтлардан, чет эл ҳукуматларининг молия ташкилотлари) грант асосида ажратилган маблағларни биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун ажратилиши белгиланган миқдорлари Бюджет қонунига ўзгартириш киритилмасдан кўпайтириш;

— 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми – 6 трлн. сўм миқдорида белгилаш. Бунда, молия йили давомида чиқариладиган ҳамда жорий йилда сўндириладиган Ўзбекистон Республикаси давлат қимматли қоғозлари чекланган соф ҳажмга киритилмаслик;

— Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларига Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ва халқ депутатлари Кенгашлари қарорлари билан белгиланган айрим шаҳарлар ва туманлар учун юридик шахслар юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тушумларини ушбу ҳудудларга тўлиқлигича қолдириш ваколатини бериш каби ўзгартишлар киритилмоқда.

Бундан ташқари, консолидациялашган бюджет қамровини ошириш мақсадида 2022 йилги консолидациялашган бюджет таркибида бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари даромадлари ва харажатлари таҳлили маълумот тарзида келтирилган.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан бир қатор фикр-мулоҳазалар ва таклифлар билдирилди. Жумладан, лойиҳада фуқароларга жорий бюджет тўғрисида ва бюджетни режалаштиришнинг аниқланган элементлари тўғрисида маълумот берилишининг аниқ механизмлари ишлаб чиқилмаган. Натижада, жараённи шаффоф қилиш маблағларни самарасиз ёки нотўғри ишлатилишини олдини олишда бир қатор муаммолар келиб чиқмоқда. Шу боисдан, фракция қонун лойиҳасига бюджет жараёнида фуқароларнинг иштирокига асосланган бюджетлаштиришнинг замонавий усулларидан бири - “Партисипатор бюджетлаштириш” амалиётини жорий этиш таклифини билдирди. Бунда маҳаллий хокимликлар давлат маблағларини амалдаги эҳтиёжларга мувофиқ қандай сарфлаш тўғрисида қарор қабул қилиш ва адолатли тақсимлаш учун бюджет устуворликларини қайта кўриб чиқиши мумкин бўлади.

Қайд этиш керак, партисипатор бюджетлаштириш бюджет амалиётини Ғарбий ва Шарқий Европадаги 20 дан ортиқ давлатлар, Лотин Америкаси, АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқа кўплаб давлатлар муваффақиятли қўллаю келмоқда. Ушбу амалиётнинг мамлакатимизда жорий этилиши давлат ресурсларини янада адолатли тақсимлаш имкониятини яратади.

Ўзбекистон ХДП фракцияси томонидан билдирилган навбатдаги таклиф маҳаллий бошқарув органлари жавобгарлиги ва ваколатларини такомиллаштириш ҳамда ислоҳ қилиш хусусида бўлди. Негаки, маҳаллий бюджетлар даромадини ошириш, уларнинг барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширишда маҳаллий бюджет даромадлар сиёсатини самарали олиб бориш бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишда мазкур масалага тизимли ёндашиш муҳим ўрин тутади. Хусусан, ривожланган давлатларда даромадлар сиёсатини самарали олиб боришда маҳаллий бюджетнинг даромад базасини белгилашдаги солиқ потенциали, маҳаллий бюджет даромадлар таркибини шакллантириш тартиби, солиқли даромадларнинг турли даражадаги бюджетлар ўртасида тақсимланиши механизмлари каби омиллар муҳим роль ўйнайди.

Юқоридагилар инобатга олиниб, қонун лойиҳасининг 13-моддаси 7-бандида ифодаланган “Барча туман (шаҳар)ларида тегишли бюджетларнинг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади”, жумласини “...умумий харажатларининг 10 фоизини жамоатчилик фикри асосида”, деб ўзгартириш таклиф этилмоқда.

Бу билан маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлашга қаратилган бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга, ҳудудлар, туман ҳамда шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттиришга, инвестиция муҳитини яхшилаш орқали ҳудудларга хорижий сармояларни фаол жалб этиш каби устувор вазифаларни ҳал этилишига хизмат қилади.

Шунинг билан бирга, фракция томонидан давлат бюджетининг 2022 йилги соҳалар кесимидаги харажатлари прогнозида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига 2022 йилда республика бюджетидан кам таъминланган оилаларнинг иқтидорли фарзандларини таълим олишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида, таълим кредити учун давлат бюджетидан тижорат банкларига мақсадли ресурслар ажратиш, олис ва чекка ҳудудларда мутахассисларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ ўқитувчиси”, “Қишлоқ шифокори” дастурини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш мақсадида, олис ва чекка ҳудудлардан олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларга таълим кредити учун давлат бюджетидан тижорат банкларига мақсадли ресурслар ажратиш харажатларини кўзда тутиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, фракция аъзолари томонидан фарзанд туғилганда 2 ёшгача тўланадиган ижтимоий нафақаларни ҳамма ҳам ололмаётгани, у қандайдир мезонлар асосида берилаётгани таъкидланиб, бу турдаги нафақа барча болалар учун ҳеч қандай мезонларсиз тўлиқ берилишини таъминлаш ва уни бюджетда акс эттириш сўралди.

Қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида депутатлар яна бир масалага эътибор қаратдилар. У бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа давлат томонидан тўланаётгани, бошқа ташкилотларда ишловчиларга эса тўлов иш берувчилар томонидан амалга оширилаётгани хусусида бўлди. Бу эса нобюджет соҳадаги иш берувчилар томонидан аёлларни ишга қабул қилмасликка (айниқса ҳомиладорлик даврида) ва аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг чекланишига сабаб бўлмоқда. Иш билан банд бўлмаганларга эса бу турдаги нафақа умуман тўланмайди.

Мазкур ҳолатлар республикамизда гендер тенглигининг бузилишига ва аҳолининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Бу масала Ҳисоб палатаси томонидан ҳам кўтарилган. Лекин, ушбу масала 2022 йилги бюджетда назарда тутилмаган. Фракция аъзоларига кўра, барча аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа давлат томонидан тўланиши лозим. Шундан келиб чиқиб, 2022 йилги бюджетда мазкур харажатлар учун маблағлар режалаштирилиши таклиф этилди.

Қизғин муҳокамалардан сўнг “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси фракция томонидан маъқулланди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш