Аёл сўзини эшитганда энг ҳиссиз инсонлар ҳам хаёллар оғушида қолади. Чунки, оилани, жамиятни бирлаштириб, унга файзу барака киритадиган, хонадонларимизни меҳр-муҳаббат, нафосат, эзгулик нури билан мунаввар қиладиган зотлар, мунис оналаримиз, опа-сингилларимиздир.
Халқимиз аёл зотига азалдан ҳурмат ва эҳтиром билан қараган. Бу анъана бугунги кунда ҳам давом этмоқда. Шунингдек, юртимизда хотин-қизларнинг ўрни ва ролини ошириш, уларнинг турли жабҳаларда ўз ўрнига эга бўлиши учун кўплаб шарт-шароитлар яратилмоқда.
Биргина таълим соҳасини оладиган бўлсак, биз талаба қизларга пухта билим олишимиз, касб сирларини чуқур ўрганишимиз учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, ОТМларда хотин-қизлар учун қабул квоталарининг оширилиши, уларга имтёзли кредитлар тақдим этилаётганлиги ва бошқа шу каби кўплаб имкониятлар фикримизнинг далилидир.
Ёш болали аёлларга, уларнинг саломатлигига бўлган эътибор, шунингдек, жамиятда гендер тенглигига эришиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида ҳам узоқ гапириш мумкин.
Ушбу масалалар давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада Ўзбекистон Халқ демократик партияси томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, “Аёлларга кўмак” лойиҳаси электорат манфаатларини тўлиқ ифодалагани билан мен каби партиянинг ёш аъзоларида илиқ таассурот қолдирмоқда. Чунки, партия ўз олдига қўйган вазифалар қаторидан ижтимоий ҳимоя масалалари, хотин-қизлар, ёшлар фаоллигини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш каби муҳим йўналишлар ўрин олгани эътиборга молиқдир.
Халқимизда “Агар сен ўғил бола тарбия қилсанг, бир шахсни тарбиялаган бўласан, агар қиз бола тарбия қилсанг, бутун бир жамиятни тарбия қилган бўласан”, деган нақл бор. Бу нақлнинг замирида нақадар чуқур маъно турганини илғаб олиш қийин эмас. Бу нақлни ўзига шиор қилиб олган жамиятюрт равнақига ҳисса қўшадиган инсонларни тарбиялашга қодирдир. Шундай экан, аёлга бўлган эътибор, келажакка бўлган эътибор десак, асло муболоға бўлмайди.
Дилдора Ибодуллаева,
Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти талабаси.