Аёл — табиат яратган мураббий.
“Пайғамбарлар ҳам онанинг этакларида тарбия топган”, дейилади муқаддас битикларда.
Янги Ўзбекистонда таълим-тарбия Учинчи Ренессанснинг қаноти сифатида қабул қилиниб, олдимизга улуғ мақсад ва марралар қўйилаётган бугунги шиддаткор даврда хотин-қизларнинг эртанги ёруғ келажагимизни бунёд этишдаги ўрни ошиб бормоқда.
Маълумки, мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси янги мустақил жамиятнинг ишончли ҳуқуқий кафолатларини шакллантирди ва мустаҳкамлади. Жамиятда хотин-қизларнинг қонуний манфаатлари Бахтимиз қомусида алоҳида қайд этилди.
Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир. Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.
Эркаклар билан хотин-қизлар ўртасидаги тўлиқ ва ҳақиқий тенглик қонун устуворлигига асосланган адолатли ва демократик жамиятнинг ғоят муҳим унсури ҳисобланади. Жамиятнинг яхлит ривожланиши ва унинг барча аъзолари фаровонлигининг оширилиши эркаклар билан хотин-қизларнинг тўлиқ ва тенг иштирок этиши учун тенг имкониятларни тақозо этади. Аёллар томонидан ўз инсон ҳуқуқларини тўла ва тенг амалга оширишлари мамлакатда тинчликни мустаҳкамлаш ва демократия учун энг муҳим аҳамиятга эга.
Айниқса ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш янада долзарб аҳамият касб этмоқда. Айниқса, аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш давр талабига айланмоқда.
Ҳозирги вақтда мамлакатимиз аҳолисининг қарийб 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Аёлларнинг барча соҳалардаги самарали меҳнати, айниқса фарзандлар тарбияси, оила ҳаётидаги улкан хизматларини ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайди. Шу нуқтаи назардан Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ҳозирги вақтда хонадонларимизнинг файзу фариштаси бўлган, фарзандларимизни баркамол инсонлар этиб тарбиялашга муносиб ҳисса қўшаётган аёлларимиз барча ислоҳотларимизда фаол иштирок этаётганликларини, ҳурматли оналаримиз, опа-сингилларимизга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат сиёсатининг узвий қисми бўлиб келаётганини эът ироф этдилар. Шу боис хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, давлат ва жамият бошқарувидаги ўрни ва нуфузини янада ошириш, уларнинг ўз салоҳиятини намоён этишлари учун шароитларни кенгайтириш, гендер тенглик, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янги босқичга кўтариш мақсадида Миллий дастур қабул қилишини таъкидладилар.
Дарҳақиқат, мамлакатимиз инсон ҳуқуқларига содиқлигини тантанали равишда эълон қилиб, демократия ва ижтимоий адолатга садоқатини намоён қилиб, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда ўтган давр мобайнида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш бўйича қатор ислоҳотларни амалга оширди.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 46-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқли эканликлари мустаҳкамлаб қўйилди. 1995 йил 6 майда мамлакатимиз 1979 йил 18 декабрда Нью-Йоркда қабул қилинган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги, 1997 йил 30 августда Хотин-қизларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисидаги, бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисидаги конвенциялар қўшилди.
Ўтган тўрт йилда халқаро андозалар талаблари доирасида аёллар аҳволини тубдан яхшилашга доир 15 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат имзоланган ва ижрога қаратилган. Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
2019 йил 7 мартда “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинди.
Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Алоҳида Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссия ташкил этилиб, у хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ишларнинг ҳолати тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ахборот тақдим этиши белгилаб қўйилди.
Эндиликда давлат органларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ваколатли мансабдор шахс белгиланади. Ваколатли шахснинг мажбуриятларини бажариш давлат органи раҳбарининг ўринбосарларидан бири зиммасига юклатилади.
Қонун ҳужжатларига норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизаси деган янги институт кириб келди.
“Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда давлат хотин-қизлар ва эркакларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга ошириш чоғида тенг ҳуқуқлиликни, давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни кафолатлаши мустаҳкамлаб қўйилди.
Республика бўйича 2019 йилнинг май ойида фуқаролар йиғинлари раислиги учун ўтказилган сайловларда 1 минг 25 нафар аёл ўзини ўзи бошқариш идоралари раиси лавозимига сайланган бўлса, турли корхоналарда ишлаётган раҳбар аёллар 2017 йили 44,2 фоизни ташкил этди, 2019 йилда 45,3 фоизга етган.
Хотин-қизлар сайлов жараёнида сайловчи, депутатликка номзод, сайлов комиссиясининг аъзоси, кузатувчи, партиянинг ваколатли вакили, ишончли вакил сифатида эркаклар қатори тенг ва эркин, очиқ ва ошкора иштирок этишлари “Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунда алоҳида бобда мустаҳкамланди.
Унга асосан, хотин-қизлар ва эркаклар ҳокимият вакиллик органларига сайлаш ва сайланишда тенг ҳуқуқларга эга.
Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланади.
Сайлов кодексининг 70, 91-моддаларига асосан аёлларнинг сони сиёсий партиядан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этиши керак. Номзодлар ўртасида аёллар миқдорини ошириш бўйича норма белгилаш жаҳонда қўлланиладиган усул бўлиб, Албания, Босния, Герцеговина, Македония, Греция, Черногория, Польша, Сан-Марино, Сербия, Словения, Арманистон, Қирғизистон, Испания қонунчилигида ҳам бунинг яққол далилини кўришимиз мумкин.
Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича сўз кетганда, таъкидлаш ўринлики, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2015 йилнинг сентябрида Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган саммитида қабул қилинган 70-сон резолюциясига мувофиқ, шунингдек, 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартибининг Барқарор ривожланиш мақсадларини изчил амалга ошириш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди.
Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, мамлакатимиз хотин-қизларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари амалда ўз аксини топиб бормоқда.
Мавжуда ҲАСАНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.