Тараққиёт стратегияси янги марраларимиз пойдевори

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи миллий давлатчиликни демократик жиҳатдан янада ислоҳ этишда, янги тараққиёт даражасига кўтаришда тарихий аҳамиятга эга бўлади. Маърузада мамлакатимизнинг тараққиёт стратегияси, юртимиздаги жараёнларга оид чуқур таҳлилга асосланган мулоҳазалар илгари сурилди. “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари”, деган тамойилдан келиб чиқиб, стратегиянинг асосий еттита йўналиши белгилаб берилди.

Президентимиз Тараққиёт Стратегиясининг биринчи йўналишида Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилиши зарурлигини таъкидлади. Бу борада парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олинади. Жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш амалга оширилади.

Мустақиллик мамлакатимизда демократик миллий парламентнинг шаклланиши ва ривожланиши учун том маънода сиёсий-ҳуқуқий асос яратди. Истиқлолимизнинг илк йилларида — тарихан мураккаб, оғир ижтимоий-сиёсий ва таҳликали даврда Ўзбекистоннинг мустақил давлат сифатидаги суверенитети кафолатлари, замонавий давлатчилик тизимининг ҳуқуқий асосларини яратиш вазифаси, табиийки, парламентнинг гарданига тушган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 22 декабрдаги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасидан бошлаб парламент фаолиятининг мутлақо янги даври бошланди, десак, муболаға бўлмайди. Мурожаатнома парламентнинг мамлакат ҳаётидаги ролини чинакамига оширди. Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги сиёсий йўлидаги муҳим устуворликлар ҳамда вазифалар бўйича ижтимоий ҳамжиҳатликни таъминлаш учун кенг имкониятлар эшигини очди. Чиндан ҳам сўнгги беш йил ичида мамлакатимизда қўлга киритилган ютуқларни, эришилган марраларни таҳлил қилар эканмиз, «Ўзбекистон Президенти танлаган янги сиёсий йўл зафар қозонди», деб ишонч билан айта оламиз. Зеро, «инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари», «очиқлик ва ошкоралик», «жамоатчилик назорати», «хусусий мулк дахлсизлиги» каби тушунчалар айнан Шавкат Мирзиёевнинг президентлик фаолияти билан бирга инсонларнинг реал ҳаётига чуқур кириб, амалий аҳамият касб этиб бордики, бундан буён одамлар ўз тақдирини ушбу тушунчаларсиз тасаввур эта олмайди.

Жамиятимиз олдида турган стратегик мақсад – замонавий, барқарор ривожланиб бораётган ижтимоий бозор иқтисодиётига асосланган демократик-ҳуқуқий давлат қуриш парламентнинг ролини янада оширишни талаб этади. Жадал иқтисодий ривожланишни таъминлаш учун қонун устуворлиги керак. Давлат ҳокимиятининг аҳоли олдидаги жавобгарлиги унинг фаолиятининг шаффофлигини талаб этади. Бунга эришиш эса биринчи навбатда халқ вакилларининг фаолияти билан боғлиқ. Мамлакатимизда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иқтисодий-ижтимоий соҳаларни қамраб олган кўплаб дастурлар амалга оширилмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш, аҳолини иш билан таъминлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Бу борадаги ишларнинг ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталари ва маҳаллий кенгашларга улкан масъулият юклайди.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан вакиллик органлари ишига катта эътибор қаратилиб, депутатларни халқнинг ҳақиқий вакиллари, унинг хоҳиш-иродаси ва манфаатларининг том маънодаги ифодачиси сифатида эътироф этди. Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ролини янада кучайтириш борасида муҳим омил бўлиб хизмат қилди.

Ушбу тарихий ҳужжат ўтган қисқа даврда халқ сайлаган вакиллик органлари — парламент ва халқ депутатлари Кенгашларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ўзгартирди. Қабул қилинаётган қонунларнинг ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши аҳоли фаровонлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга хизмат қилади.

Қонунларни қабул қилиш жараёнида кенг жамоатчилик иштирокини таъминлаш, бунда фуқароларнинг хоҳиш-истакларига қулоқ тутиш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказиш ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатли бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Мазкур амалиёт, биринчи навбатда, қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатларда сайловчилар манфаатларини янада тўлиқ ифодалашга ҳамда ушбу қонунларнинг ҳаётга самарали жорий этилишини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Шубҳасиз, Тараққиёт Стратегиясини амалга оширишда фуқаролар онгида қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмун-моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш ҳам бирламчи вазифалардан. Шу билан бирга, бу борада таълим-тарбиянинг тизимли, узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш муҳим. Бунда, айниқса, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш талаб этилади.

Президентимиз илгари сураётган барча таклиф ва ташаббуслар замирида ҳам инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилишга асосланган давлат қуриш, аҳолини рози қилиш, халқ ва давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадлари мужассам. Чунончи, жамиятимизда коррупцияга қарши кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва ҳуқуқий маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш лозим. Фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг роли жуда муҳим. Айниқса, ҳозирги глобаллашув, илмий-техник тараққиёт даврида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришнинг инновацион усулларидан, тарғиботнинг илғор ва таъсирчан воситаларидан, хорижий давлатларнинг бу борадаги амалий тажрибаларидан унумли фойдаланиш долзарб аҳамиятга эга.

Мухтасар қилиб айтганда, парламент халқ вакиллиги институти, давлат ҳокимиятининг алоҳида мустақил тармоғи сифатида жамият ва давлат бошқарувида ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси эканлигини амалда намоён этиши лозим бўлади.

Мамлакатимиз раҳбарининг давлат ҳокимияти турли тармоқларининг ўзаро бир-бирини тийиб туриш ҳамда мувозанатини сақлаш механизмлари тизимида парламентнинг ролини оширишга қаратилган ташаббуслари алоҳида эътирофга лойиқдир. Яқингача парламент аъзолари Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида фақатгина Ҳукумат аъзолари, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор ва Марказий банк бошқаруви раисининг ахборотини эшитиш ҳуқуқига эга эди. Эндиликда парламент назорати объектлари доираси янада кенгайтирилиб, хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига ҳам парламент сўровини юбориш, ҳам уларнинг ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини парламент палаталарининг мажлисларида эшитиш тизими жорий қилинди. Парламент назорати тадбирлари давомида тегишли соҳани ривожлантириш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда мансабдор шахслар ишига танқидий баҳо беришга урғу берилди. Бу эса ҳукумат аъзоларининг, мансабдор шахсларнинг фаолияти самарадорлигини янада оширишга, пировардида, фуқароларнинг давлат органлари ­фаолиятидан розилигини таъминлашга, халқимиз фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар парламентга аҳолини ташвишлантириб келаётган муаммоларни чуқур ўрганиш, халқ ва давлат институтлари ўртасида кўприк бўлиш, сайловчиларнинг манфаатларини тўлароқ ифодалаш имконини беради.

 

Шерзод Раҳмонов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш