Маъмурий ислоҳотлар: Давлат инсонлар учун

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари:

— “Инсон қадри учун” тамойили асосида Президентимиз томонидан белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, халқимизга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини амалда таъминлаш маъмурий бошқарув соҳасида тизимли ислоҳотлар ўтказилишини тақозо этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги фармойиши шу жиҳатлари билан муҳим аҳамиятга эга. Демократиянинг олий қадриятлари асосида маъмурий ислоҳотлар ўтказиш давлат бошқарувининг самарадорлигини оширишда асос бўлиб хизмат қилади.

Маъмурий ислоҳотлар ўзи нима?

Бу – давлат функциялари ва уларни бажарувчи ташкилотлар тузилмалари, маъмурий бошқарув фаолияти воситалари, усул ҳамда услубларини қайта кўриб чиқиш ҳамда аниқ мақсадли ўзгаришларни амалга оширишдир.

Мамлакатимизда ўтказилиши режалаштирилаётган маъмурий ислоҳотлар самарали ҳамда мақбул давлат бошқаруви тизимини вужудга келтиришга йўналтирилади.

Хўш, маъмурий ислоҳотлар нимаси билан муҳим?

Биринчидан, ислоҳотлар орқали давлат хизматчилари халққа яқин бўлади, фуқароларнинг мурожаатлари тез ечилади.

Иккинчидан, бошқарув тизимидаги ортиқча, бир-бирини такрорлайдиган, ўзаро ўхшаш идора ва ташкилотлар, вазирликлар қисқартирилиб, ихчам ва самарали бошқарув тизими яратилади. Шу асосда бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади.

Учинчидан, марказий идораларнинг ҳудудий тузилмалар билан ишлаш жараёнига янгича ёндашувлар жорий этилиб, эскирган бюрократик усуллардан воз кечилади. Бунда ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик билан мустақил ҳал этиш бўйича вазирлик ва идораларнинг ваколатлари янада кенгайтирилади.

Тўртинчидан, қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан марказий ва маҳаллий раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади. Кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш жараёнига янгича, замонавий ёндашувлар жорий этилади, давлат хизматига ишга қабул қилиш танлов асосида амалга оширилади.

Бешинчидан, давлат раҳбари таъкидлаганидек, раҳбар халққа юк бўлмаслиги, аксинча, халқнинг юкини елкасига олиши керак. Шу нуқтаи назардан, катта-кичик раҳбарларнинг онги-шуурида “раҳбар халққа хизматчи, одамларнинг хўжайини эмас”, деган оддий, аммо демократик, инсоний нуқтаи назардан муҳим тушунчани сингдириш, тушунтириш вазифаси турибди.

Давлат идораларининг халқдан узилиши, ўзи билан ўзи бўлиб қолиши, сўз ва иш ўртасидаги тафовут ҳамда коррупция фуқароларда ҳокимият институтлари, мансабдор шахсларга салбий муносабатни пайдо қилиши мумкин. Маъмурий ислоҳотлар давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақомини пухта белгилаш ҳамда уларни бугунги кун талабларига жавоб берадиган кадрлар этиб тарбиялаш учун зарурдир.

Олтинчидан, бошқарув тизимини ислоҳ қилиш орқали бюджет ортиқча сарф-харажатлар ва юкламалардан халос бўлади. Коррупция, таъмагирлик, таниш-билишчилик каби иллатларга ўрин қолмайди, давлат бошқарувида инсон омилининг ўрни камаяди.

Маъмурий ислоҳотлар Ўзбекистон Халқ демократик партияси учун ҳам принципиал аҳамиятга эга. Партиямизнинг Сайловолди дастурида бу масалага алоҳида эътибор қаратилган. Дастурда юртимизда ижтимоий тенглик, халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш белгиланган. Бундай давлатни шакллантириш барча соҳаларда ижтимоий адолат ва ижтимоий тенгликни қарор топтириш заруратини англатади.

Бу нафақат ҳуқуқий тенглик, балки ижтимоий мавқеи, мулкий ҳолати ва даромадидан қатъи назар, устувор ҳуқуқларни амалга оширишда барча учун тенг имкониятлар яратишни тақозо этади.

Президентимиз илгари сурган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш ғояси давлат бошқаруви ва демократия нуқтаи-назаридан том маънода Янги Ўзбекистонни яратишга асос бўлади.

Яна бир характерли жиҳат шундаки, ҳақиқий маъмурий ислоҳотлар барча инсонларнинг ёши, жинси, ногиронлиги, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда фаол иштирок этишини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантиришга ҳам хизмат қилади.

Шунинг учун маъмурий ислоҳотларни белгилаб олишда шошма-шошарликка йўл қўйилмаслиги белгиланди. Ҳар қандай ислоҳот чуқур мулоҳаза, стратегия билан амалга оширилгандагина кутилган самарани беради. Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқишни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси ҳамда маълум бир соҳа йўналишида таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳлар ташкил этилди.

Шу ўринда маъмурий ислоҳотлар бўйича хорижий давлатлар тажрибасига назар ташласак. Масалан, Хитойда давлат ташкилотлари ходимларини қисқартириш, такрорланувчи функцияларни бартараф қилиш, Давлат кенгаши тузилмасини қайта тузиш, самарали кадрлар сиёсатини юритиш, коррупцияга қарши кескин курашиш маъмурий ислоҳотларнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланган.

Японияда эса Бош вазир ва унинг кабинети роли кучайтирилди, вазирлик ҳамда идоралар қайта тузилди, улар маъмурияти фаолиятини баҳолашнинг янги шакллари жорий этилди, бир қисм бошқарув функциялари қуйи органларга берилди, давлатнинг кадрлар сиёсати ўзгартирилди.

Мамлакатимизда режалаштирилаётган маъмурий ислоҳотлар шунчаки шаклий ўзгартиришлар билан эмас, балки замонавий давлат менежментини жорий қилиш ва ўз навбатида, стратегик мақсадларимизга эришиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиши кутилмоқда.

 

“Ўзбекистон овози”, 24.11.2021, №47

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш