Давлат бюджетини режалаштириш анча мураккаб жараён. Ҳукумат бюджет лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга тақдим этди. Парламент анча ўзгарган, бюджет масаласида депутатларнинг саволлари кўпайган. Демократик ҳаёт ўзи шундай, борган сари парламентнинг талабчанлиги ошиб, характери шаклланиб, кучайиб боради.
Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси, шунингдек, ушбу ҳужжат билан бирга тақдим этилган 2022–2024 йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари кўриб чиқилди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси макроиқтисодий сиёсатнинг 2022 йил учун асосий йўналиш ва кўрсаткичлари пандемия давридан кейин иқтисодиётнинг тикланиши ҳамда бутун дунёда пандемия давом этиши эҳтимоли борлигидан келиб чиқиб шакллантирилган. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши бўйича ижобий динамикани сақлаб қолиш, бу кўрсаткич 839,9 триллион сўмни ташкил этиши ҳамда 6,0 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда.
Давлат бюджетининг харажатлари 188,9 триллион сўмни, давлат мақсадли жамғармалари харажатлари эса 58,7 триллион сўмни ташкил этади. 2022 йилда ҳам Давлат бюджет харажатларининг ярми ижтимоий соҳага йўналтирилиши белгиланмоқда.
Бюджет соҳасида янги ўзгаришлар бўлади...
Қонун лойиҳасида бюджет соҳасига оид қатор ўзгартиришлар назарда тутилмоқда. Хусусан, иқтисодий ўсиш жараёнида тармоқлар ичидаги масалаларни тезкорлик билан амалга ошириш ва биринчи даражали бюджет маблағлари тақсимловчиларнинг ваколатини кенгайтириш мақсадида уларга ўзларининг қуйи ташкилотларига ўзларига ажратилган бюджет маблағларининг чекланган миқдорларини 10 фоизгача Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан йўналтириш ҳуқуқи берилмоқда.
Давлат бюджети тақчиллигининг прогноз кўрсаткичларидан ошиб кетишининг олдини олиш ва бюджет барқарорлигини таъминлаш мақсадида 2022 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 6 трлн. сўм миқдорида, бюджет тақчиллигининг чекланган миқдоридан ошишига олиб келиши мумкин бўлган қўшимча харажатлар фақатгина қўшимча даромад манбаи мавжуд бўлганда ёки бошқа харажатларни қисқартириш ҳисобига амалга ошириш ҳамда 2023 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети тақчиллигининг энг юқори чекланган миқдори ялпи ички маҳсулотнинг йиллик прогнозига нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги лозимлиги белгиланмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларига қўшимча тарзда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тушумларини, шу жумладан, Президент қарорларига кўра, туманлар ва шаҳарлар бюджетларига тўлиқ ҳажмда йўналтириш ваколати берилмоқда. Маҳаллабай ишлашнинг янги тизими учун 2,5 триллион сўм маблағ кўзда тутилаётгани бўлиб, ушбу маблағлар бевосита ҳоким ёрдамчилари томонидан тасарруф этилиши белгиланмоқда.
Ярмидан ортиғи ижтимоий соҳаларга йўналтирилади
Ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 45 фоизи таълим соҳасига йўналтирилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим муассаларига 8,6 трлн. сўм, халқ таълимига 30,8 трлн. сўм, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 трлн. сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, олис ва чекка ҳудудларда 1 600 та боғча ташкил этиш учун 1,5 трлн сўм субсидия ва компенсация ажратилиши, мактабларда таълим сифатини ошириш ҳамда ўқувчилар учун янги авлод дарсликларни ишлаб чиқиш ва чоп этиш учун Халқ таълими вазирлигининг Китоб жамғармасига 605 млрд. сўм, мактабларни тезкор ва сифатли интернет тармоғи билан таъминлаш ишларини кейинги йилда якунига етказиш учун 152 млрд. сўм ажратиш назарда тутилмоқда.
Умумтаълим муассасаларини, мактабгача таълим ташкилотларини, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлашга, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш харажатлари тегишли маҳаллий бюджетлардан амалга оширилиши белгиланмоқда.
2022 йилда соғлиқни сақлаш соҳасига 24,0 трлн. сўм маблағ ёки жорий йилга нисбатан 17 фоизга кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилмоқда.
Соғлиқни сақлашда ҳам бир кун ўзгаришлар бўладигандай. Масалан, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга квота асосида ордер бериш тартиби бекор қилиниб, молиялаштиришнинг янги механизми асосида уларни ҳисобга олиш ва навбат асосида даволанишга йўллашнинг электрон ахборот тизими жорий этилади. Яъни, республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда бошқа давлат ва хусусий тиббиёт муассасаларида имтиёзли тоифага кирувчи шахсларни бепул даволаниш (тиббий йўлланма) харажатлари учун 589,0 млрд. сўмдан зиёд маблағ кўзда тутилиб, Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ва тиббиёт ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномага мувофиқ беморларнинг даволаниш харажатлари тўлиқ қопланади.
Фракциямиз ҳукуматга ўз позициясини маълум қилди
Улуғбек Вафоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:
– Мамлакат аҳолисининг турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлиги ва даромадларининг ўсишини таъминлаш, аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш 2022 йилда давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, деб белгиланмоқда.
Пандемиядан кейинги тикланиш даврида Давлат бюджети лойиҳасининг ижтимоий йўналтирилганлигининг аҳамияти жуда юқори. Ижтимоий соҳада қатор муҳим харажатлар ҳамда долзарб тадбирлар режалаштирилганлиги, аҳоли ва партиямиз электоратини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда жамиятимизда барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Мамлакатимизда пандемия шароитида иқтисодиётни тиклаш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағларнинг самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотларни Халқ демократик партияси фракцияси ижобий баҳолайди ва бюджет лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Шу билан бирга, қатор масалаларга эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди.
Жумладан, бугунги кунда бюджет ташкилотларида ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси давлат томонидан тўланмоқда. Нодавлат ташкилотларда бундай нафақа иш берувчилар томонидан тўланиши белгиланган. Аммо амалда аксарият иш берувчилар ходимлар, аёллар, оналар олдидаги бу мажбуриятни бажармаяпти. Бу эса нобюджет соҳадаги иш берувчилар томонидан аёлларни ишга қабул қилмасликка (айниқса, ҳомиладорлик даврида) ва аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг чекланишига сабаб бўлмоқда. Шу билан биргаликда, иш билан банд бўлмаган аёлларга ушбу нафақалар тўланмайди. Мазкур ҳолатлар кенг жамоатчиликнинг савол ва мулоҳазаларига сабаб бўлмоқда.
Фракциямиз фикрича, барча аёллар учун ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа ходим давлат ёки нодавлат ташкилотда ишлашидан қатъи назар кафолатли равишда давлат томонидан тўланиши лозим. Буни амалга оширишнинг энг ишончли ва мақбул йўли нафақанинг давлат томонидан тўланиши ҳисобланади. Партиямиз депутатлари ҳукуматга мана шу таклифни ҳам берди.
* * *
Давлат бюджети манфаатдор ва масъул томонларнинг фикр-мулоҳазалари, таклифлари, соғлом ва демократик тортишувлари орқали қабул қилинса, сиз билан бизга шунча яхши бўлади. Ҳозир қонун лойиҳаси парламент Қонунчилик палатасида иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Парламент вакиллари деярли ҳар куни вазирлик, идоралар ва ҳукумат вакилларини чақириб саволга тутаётган экан...
Лазиза Шерова,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
“Ўзбекистон овози”, 24.11.2021, №47