Тараққиёт стратегияси – миллий ривожланишимиз асоси

 

Республика Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт марказида “Тараққиёт стратегиясини амалга оширишда фаол иштирок этамиз” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар ва Мирзо Улуғбек туман кенгашлари масъул ходимлари, Истиқбол ёшлар қаноти фаоллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Йиғилишни Республика Ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Наталья Нодирхонова кириш сўзи билан очиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида илгари сурилган Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова, Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар Кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Нигора Эшметова Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар ҳақида маъруза қилдилар.


Депутат Қизилгул Қосимова ўз нутқида етти йўналишдан иборат Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг тўртинчиси — адолатли ижтимоий сиёсат юритиш йўналиши бўлиб, унда халқимиз саломатлигини таъминлаш бош мезон қилиб белгиланиши назарда тутилганини таъкидлади.

— Бунда тиббиёт соҳасига йўналтириладиган маблағларни икки баробарга ошириш, тиббиётнинг бирламчи бўғини орқали тиббий профилактикага, оилавий шифокорлар ролини оширишга алоҳида эътибор қаратиш, аҳоли орасида энг кўп тарқалган ва эрта ўлимнинг асосий сабаби бўлган касалликларни барвақт аниқлаш, мақсадли скрининг тадбирларини амалга ошириш, профилактик махсус препаратлар билан бепул таъминлаш ҳамда соғлом турмуш тарзини шакллантириш чоралари кўрилиши назарда тутилмоқда.

Вилоят, туман ва шаҳарларда ихтисослаштирилган тиббий хизматлар кўлами кенгайтирилиши, давлат тиббий суғурта тизими ишга туширилиб, маблағ аниқ беморга боғланган ҳолда ажратилиши кўзда тутилган. Албатта, ислоҳотлар доирасида белгиланган вазифаларни вақтида ва сифатли амалга оширишда барчамиз фаол иштирок этсакгина биз кўзлаган марраларга етамиз, – деди Қ.Қосимова.

Тадбирда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш