Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан юртимизда эълон қилинган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида бутун мамлакатимизда кўчат экиш ишлари қизғин давом этмоқда. Хусусан, ҳозир диёримизнинг қай бир ҳудудига борманг, катта кичик дарахт кўчатлари экаётганига, боғ-роғлар яратаётганига гувоҳ бўласиз. Айнан шундай манзарани Сирдарё вилоятида ҳам кўриш мумкин.
Вилоятда мазкур тадбирни юқори савияда ўтказиш мақсадида тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Жумладан, жорий йил куз ва келгуси йилнинг баҳорида жами 14 млн. 96 минг дона манзарали, мевали дарахт ва кўчатлар экиш режалаштирилган. Жами бўлиб вилоят бўйича куз мавсумида 5 млн. 286 минг дона ва баҳорда эса 8 млн. 810 минг дона кўчат экилади.
Куни кеча Боёвут тумани ҳокимлиги ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ташкил этилган тарғибот тадбирини алоҳида таъкидлаш керак. Тадбирда ҳар бир боёвутлик фуқаро долзарб 40 кунликда муносиб иштирок этиб, ватан, келажак авлод олдида ўз бурчини тўлиқ англаган ҳолда камида биттадан кўчат экиши лозимлиги таъкидланди. Эътиборлиси, мазкур чақириқ аҳоли томонидан қизғин қўллаб-қувватланиб, умуммиллий ушбу ишга барча ўз ҳиссасини қўшишини маълум қилди. Тадбир иштирокчилари шахсий навмуна кўрсатиб, белгиланган ҳудудларга мингдан ортиқ мевали ва манзарали кўчатлар экдилар.
“Яшил макон” умуммиллий ҳаракати лойиҳасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Боёвут туман кенгаши масъуллари, партия фаоллари ва аъзолари ҳам муносиб иштирок этмоқда.
Ж. Раҳмонқулов,
халқ депутатлари Боёвут туман Кенгаши депутат.