Кўчат экиш – савобли амал

Кўчат экиш, боғ яратиш халқимизга хос азалий қадриятларидан саналади. Бу анъана авлоддан-авлодга ўтиб келаётгани эътиборга моликдир. Шу кунларда бутун юртимизда – барча ташкилот, муассаса, корхона, таълим даргоҳларида кўчат экиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани фикримизнинг исботидир.

Муборак ҳадисларда ҳам кўчат экиш, деҳқончилик билан машғул бўлиш ниҳоятда улуғ ва фазилатли касб экани маълум қилинган. Хусусан, ҳадислардан бирида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлида хурмо дарахти бўлса, уни экиб қўйсин”, дедилар дейилади.

Бугунги кунда юртимизда кўчат экиш ишлари умуммиллий ҳаракатга айланиб кетгани, унда ёшу қари иштирок этаётганини қувонарлидир. Бу борада “Яшил макон” лойиҳасининг тутган ўрни беқиёс бўлмоқда. Мазкур жараёнда Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари, депутатлар, партия фаоллари ҳам фаол иштирок этиб, диёримизни ҳақиқий маънода яшил оламга айлантиришга ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Жумладан, халқ депутатлари Юқори Чирчиқ туман Кенгаши депутати Гулзира Элибоеванинг ташаббуси билан тумандаги 18-умумтаълим ўрта мактаби ўқитувчилари ва ўқувчилари иштирокида оммавий кўчат экиш тадбири ўтказилди. Тадбир доирасида таълим даргоҳи ҳовлиси ва унга ёндош ҳудудда маҳаллий шароит ва иқлимга мос бўлган мевали, манзарали ниҳоллар экилди.

Партиямиз депутати ўқувчилар билан бўлган суҳбатда нафақат кўчат экиш, балки уларни меҳр билан парваришлаш ҳам савобли, элу юртга фойда келтирадиган амаллардан бири эканини таъкидлади.

Тадбир ёш авлод қалбида табиатга бўлган меҳр-муҳаббатни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиш билан аҳамиятли бўлди.

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш