Аниқ эсимда, ўтган йилнинг баҳор фасли эди. “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” шиори остида ўтказилган хайрия тадбирида Халилла ака билан Беруний туманининг “Бийбозор” овул фуқаролар йиғинининг энг чекка қишлоғига чиқиб кетдик. Автоуловда овулнинг чанг йўлларидан юрдик. Мўъжазгина қишлоқ уйларидан бирининг ёнида тўхтадик. Халилла ака дарҳол машинадан ногиронлар аравачасини олди- да, ушбу уйга қараб юриб кетди. Мен ҳам изидан бордим. Кейин билсам, болалигидан ногирон Ғанижон Тулибаев ногиронлик аравачасига муҳтож экан. 10-12 ёшлар атрофидаги Ғанижоннинг ўша пайтдаги қувончини кўрсангиз эди.
Халилла Ешимбетов тиниб-тинчимайдиган инсон. Имкон қадар инсонларга ёрдам беришга шошилади. Беруний туманида туғилиб, вояга етгани боис, ҳудуднинг барча жойини беш бармоғидек билади. Қайси жойда муаммо бор, унга қай тарзда ечим топиш керак, ҳаммасини ўйлаб юради. Туманнинг “Шаббоз” овул фуқаролар йиғини “Қурбоғ” аҳоли манзилида 20 та хонадон кўп вақтлардан бери йўл масаласида қийналиб келарди. Халилла ака мутасаддилар, фермер хўжаликлари раҳбарлари, тадбиркорлар билан маслаҳатлашиб, бу масалани ҳал қилди, йўл солиб берилди.
Меҳнат майдонида тобланиб
Билим ва тажрибаси билан эл-юрт орасида ҳурмат қозонган, 40 йилдан буён меҳнат майдонида тобланган Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси, Жўқорғи Кенгесдаги фракция раҳбари Халилла Ешимбетов ёшлигидан “Меҳнатдан топарсан роҳат” деган шиорни қалбига жо қилган.
1981 йили Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини тугатиб, дастлабки меҳнат фаолиятини Нукус ип-йигирув фабрикаси Беруний филиали катта муҳандислигидан бошлаган. Фидойи меҳнат, устозларнинг маслаҳати ва қўллови натижасида ушбу фабриканинг катта устаси, цех бошлиғи, бош муҳандис вазифаларида ишлади.
Халилла акани 1986 йилда Беруний тумани ип-йигирув-тўқув фабрикаси директори қилиб сайлашди. Иш кўп, жамоани бошқариш ҳам осон эмас. Ишчи-ходимларнинг тилини топиш, берилган топшириқларни вақтида бажариш, шунингдек, ўша пайтдаги “план”ни бажариш масаласи ҳам бор. Ёш, оилали бўлишига қарамасдан, масъулияти оғир бўлган ишини уддаларди.
1989 йили Беруний тумани партия қўмитаси йўриқчиси, 1991-1995 йиллари Ўзбекистон Халқ демократик партияси Беруний туман кенгаши раиси бўлиб ишлади. Партиянинг эл-улус орасида танилиши, томир отиши билан боғлиқ жараёнларда фаоллик кўрсатди.
1995 йилдан ҳокимлик ташкилий ишлар бўлими мудири, ундан кейин Беруний тумани "Олғабос" деҳқон-фермер хўжаликлари бирлашмаси раиси бўлиб ишлади. У қайси соҳада фаолият юритмасин, қобилиятли раҳбар, дилгир инсон эканлигини намоён қила олди.
“Агар сен ризқинг манзилини билмасанг, хотиржам бўлки, ризқинг сенинг манзилингни яхши билади”, дейишади. Фаол тарғиботчи ва теран фикрли ходим 2008 йили яна партия сафига қайтди. Халилла Ешимбетов 2016 йилгача Ўзбекистон Халқ демократик партияси Беруний туман кенгаши раиси сифатида фаолият кўрсатиб келди.
Инсон ҳаётда меҳнати туфайли бахт калитини топиши мумкин. Эл орасида юриб, партиянинг мақсад ва вазифаларини тушунтириш, мурожаатларни ҳал этиш, одамларни эзгу мақсад йўлида бирлаштириш осон иш эмас, албатта. Бунинг учун ҳам катта маҳорат, истеъдод зарур. Халилла Ешимбетов ушбу жиҳатлари сабаб 2016 йил Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши раислигига сайланди.
Х.Ешимбетов кўп йиллик тажрибага эга раҳбар сифатида Қорақалпоғистон Республикаси миқёсида ўтказилаётган барча тадбирларда фаол қатнашиб, ҳудудда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар жараёнида аҳолининг фаол иштирокини таъминлаш ишларида ташаббус кўрсатди.
Ҳурматга муносиб инсон
– 11 йилдан буён Халилла Бекимбетович билан партия сафида фаолият юритиб келмокдаман, – дейди Амударё туман кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Махсул Саъдуллаев. – У киши ЎзХДП ташкилотига раҳбар бўлганидан кейин кўплаб ижобий ишлар амалга оширилди ҳамда партия тарафдорлари кўпайиши билан бир қаторда, унинг нуфузи ҳам ошди. Хусусан, Х.Ешимбетов бошчилигида туманда электорат манфаатларини ҳимоя килишга, ёшлар бандлигини таъминлашга, кам таъминланганларга кўмак бериш борасида кўплаб тадбирлар, амалий ишлар бажарилди. Президентликка ҳамда депутатликка сайловлар ўтказиш жараёнларига Х.Ешимбетов ўзгача ёндашган. Ушбу жараёнларни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида нуронийлар, ёшлар ҳамда БПТ етакчилари гуруҳларини шакллантириш ташаббуси билан чиққан ва бу бутун республика ташкилотларида амалиётда қўлланган. У партиядан сайланган ҳар бир депутатни шахсан яхши билади ва уларни доим фаолликка, эл дарди билан яшашга ундаб келади. Мен у кишининг одамлар билан самимий мулоқот килиш, нотиқлик санъати, зудлик билан қарор чиқариб, одилона баҳо бериш хусусиятларини қадрлайман. Х.Ешимбетовни партия ишини ҳамма нарсадан устун қўядиган, фидойи, меҳнаткаш, одил, талабчан, эл-юртини севадиган раҳбар сифатида партия ходимлари ҳурмат қилади ва ардоқлашади.
Партия кенгаши раҳбари ижтимоий муҳофазага муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзишдан асло чарчамайди. Бирига даволаниш учун ордер олиб берса, яна бирига ногиронлар аравачаси берилишини ташкил қилади. Бир кўчага тунги ёритқич ўрнаттирса, бошқа маҳаллага янги трансформатор ўрнатишда ёрдам кўрсатади. Бир гал эски кўприкни янгилатса, бошқа сафар айрим кўчаларни асфальт қилишда депутатлик сўрови билан мурожаат қилиб, масаланинг ҳал этилишини назорат қилади. Сессияларга мунтазам равишда одамларни ташвишга солаётган масалаларни олиб чиқади. Ҳамиша инсонларнинг дардига дармон бўлиб яшашга ўрганган Халилла Ешимбетовнинг кундалик ҳаёти савобли ишлари билан янада мазмунли.
Бугунги кунда Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгашидаги 526 та бошланғич партия ташкилотида 22307 нафар аъзо жамланган. Жўқорғи Кенгесда 14 депутатдан иборат Халқ демократик партияси фракцияси фаолият олиб бормоқда.
2019 йили Халилла Ешимбетов иккинчи муддатга Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати этиб сайланди ва бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси раҳбари сифатида иш олиб бормоқда.
– Мен Халилла Ешимбетовни кўп йиллардан буён яхши биламан, – дейди Қорақалпоғистон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ректори, профессор Елмурат Турениязов. – У менинг маслаҳатдошим, партиядошим ва яқин дўстим ҳисобланади. Халилланинг партия ҳаётида ўзини эркин сезадиган, барча ишларни жой-жойига қўядиган мутахассис, десам янглишмаган бўламан. Энг асосийси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, туман ва шаҳар Кенгашлари учун депутатликка номзодларни танлай олиши, лойиқ номзодларни илгари суришини қадрлайман.
У ўзига жуда талабчан, оғир нуқталарни тез англаб етиб, унга ечим топишда тинмай ҳаракат қилади. Эсимда, бундан 3-4 йил аввал давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг мансабдор шахсларига 500 дан ортиқ депутатлик сўрови юборилди. Энг кўп депутатлик сўрови билан мурожаат қилган Халилла Ешимбетов эди. Бу унинг сайловчилар, аҳоли учун жон куйдириши, вазифасига масъулият билан ёндашишини англатади.
Меҳнаткаш ва самимий бу инсон жорий йилда “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи” унвони билан тақдирланди.
У ҳар доим вазифаларни ташкиллаштиришда ўзининг бор маҳоратини ишга солиб, ходимлар учун қулай шароит яратиб бера олади. Ўзига ва бошқаларга ҳам талабчан. Хизмат вазифасини ҳамма нарсадан устун қўяди. Мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг фаол тарғиботчиси, жонкуяр ва самимий инсон сифатида Қорақалпоғистон Республикаси фаоллари ва аҳолиси ўртасида ҳурмат қозониб келмоқда. Шунингдек, мунтазам равишда ўзининг сиёсий саводхонлигини оширишга, жамоат ишларида фаол иштирок этишга одатланган.
Шогирд эҳтироми
– Инсонни инсон сифатида баҳолайдиган қадриятлар бор: инсонийлик, яхшилик, фидоийлик ва меҳнаткашлик. Уларнинг барчасини қалбига жо қилган инсонлардан бири Халилла Ешимбетовдир, – дейди партия фаоли, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Қумар Бегниязова. – Гарча у раҳбар, депутат бўлса ҳам, жуда самимий, оддий киши, унинг ёнида ҳар қандай киши ўзини хотиржам ҳис қилади. Кўнглига кир киролмай, сипқанаб чиқиб кетса керак, деб ўйлайман. Чунки у боладек беғубор, бегард. Шу боис ҳам партия сафидаги ёшлар билан бемалол тил топиша олади. Ёшлар тилини ёшларча тушуниб, бизга ўрнак бўлиб келаётган оғадан ҳаммамиз миннатдор. Партия деса у кишини, у киши деса партияни тасаввур қилиш хаёли шаклланиб қолган бизда. Сабаби, Халилла оға умрининг аксарият қисмини Халқ демократик партиясига бағишлади. Бундай фидойилик эса ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Партия сафида жамланган биз сингари ёшларни кўриб, баъзан у киши ҳам ёшариб кетганга ўхшайди. Жўқорғи Кенгес депутати сифатида ҳам ўз овозига, сўзига эга инсон. Ҳар қайси даврда ҳам меҳнаткаш инсонларга омад кулади. Омади кулган, меҳнатдан чарчамай, меҳнатни чарчатадиган инсоннинг шогирди бўлганлигимдан фахрланаман.
Халилла Ешимбетов ёшларга дўст бўлиш баробарида 5 нафар фарзанднинг меҳрибон отаси, 8 набиранинг севимли бобоси. Барча ўғил-қизлари уйли-жойли. Ҳар доим эл-улус ичида юрган, ҳеч қачон оёғи ердан узилмаган Халилла оғанинг янги лойиҳалари, режалари, ташаббус ва таклифлари бисёр.
Ҳазрат Навоийнинг бир ҳикмати ёдимизга тушади: Ҳилм инсон вужудининг хушманзара боғидир ва одамийлик оламининг жавоҳирга бой тоғидир. Ҳилм ахлоқи одамнинг қимматбаҳо либоси ва у кийим турларининг энг чидамли матосидир. У ёмон нафсни дайди шамол учиришидан асрагувчи ва иккиюзлама мунофиқларнинг беҳуда ҳаракатидан ҳимоя қилувчи. Ҳилм натижасида одам ҳалойиқнинг иззат-ҳурматига сазовор бўлади; ҳилм туфайли катталардан кичикларга илтифот ва марҳамат етишади. (Ҳилм – бўлар-бўлмас ишга аччиқланмайдиган, арслон юракли, юмшоқ табиатли бўлмоқдур).
Халилла оға ҳақида худди шундай сифатларни келтириш мумкин. Унинг арслон юраклилиги шундаки, ҳар бир ишни фидойилик билан бажаради, иштиёқ ва ўтли қалб ила меҳнат қилади. Атрофдагиларга, яқинларига самимий, меҳрли муносабатда бўлади. Шу боисдир, бугун у эл орасида ҳурмат қозонган, қадр топган. Партиямиз сафида шундай инсонлар борлиги кўнгилни тоғдек кўтаради.
Минажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ.
“Ўзбекистон овози”, 24.11.2021, №47