Ўзбекистон Президентининг ташаббуси, халқимизнинг қўллаб қувватлаши ўлароқ, Мўйноққа ҳаёт қайтди. Қайтганда ҳам Оролбўйи минтақасида яшаётган минглаб инсонлар қалбига янги умид ва мақсадлар, улуғвор режаларни олиб келди. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ушбу минтақада яшаётган тадбиркорларнинг ҳам дарду ташвишлари пухта таҳлил қилинган, муаммоларнинг ечимлари таклиф этилган эди. Президентнинг “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борада бошланган кенг кўламли ишларни янги босқичга кўтаришга қаратилган.
Фармонга биноан, Мўйноқ туманидаги тадбиркорлар учун 2031 йил 1 январгача ер, мол-мулк, сув солиғи, ижтимоий, фойда, даромад ва айланмадан олинадиган солиқ ставкалари 1 фоиз этиб белгиланмоқда. Бу нимани англатади? Соддароқ айтганда, ушбу солиқ турлари бўйича 2020 йилда кичик тадбиркорларга жами 5,8 млрд сўм солиқ ҳисобланган бўлса, солиқ ставкаси 1 фоиз этиб белгилангандан кейин тадбиркорлар ихтиёрида 5,3 млрд сўм маблағ қолади.
Шунингдек, Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Янгиариқ, Янгибозор туманларида янги ташкил этиладиган ва шу ҳудудларда фаолият юритадиган тадбиркорлар бўйича фойда, ер ва мол-мулк солиғи бўйича ставкалар 50 фоизга камайтирилмоқда. Амалда ушбу ҳудуддаги тадбиркорлар айланмадан олинадиган солиқни тўлашдан 2017 йилдан 2022 йилгача озод этилган бўлиб, унинг ҳисобига 45 та янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилган ва уларга 2020 йилда 500 млн сўм миқдоридаги имтиёзлар қўлланилган.
Фармонда ушбу ҳудудда фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун яратилаётган яна бир қулайлик ва имконият: республикада ишлаб чиқарилмайдиган ўз эҳтиёжлари учун олиб кириладиган асбоб-ускуна, бутловчи ва эҳтиёт қисмлари божхона божидан озод қилинади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Хоразм вилоятида янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли давр 5 йил этиб белгиланмоқда. Амалда бу имтиёз 3 йил бўлиб, минтақадаги экологик шароит туфайли дарахтларнинг кўкариб кетиш даражаси бошқа ҳудудлардан кескин фарқ қилади. Бу ҳам деҳқон ва фермер, тадбиркорга ён босишга хизмат қиладиган восита, албатта.
2020 йилда 56 та тадбиркор 543 млн сўм миқдоридаги солиқ имтиёзидан фойдаланган бўлиб, имтиёз муддатини 2 йилга узайтириш ҳисобига тадбиркорларда 1 млрд сўмдан ортиқ маблағлар қолдирилиши кутилмоқда. Бундан ташқари фармонда, Қорақалпоғистон Республикаси учун давлат томонидан инфратузилма билан таъминланадиган инвестиция лойиҳаларининг қиймати 50 млрд сўм этиб белгиланмоқда. Амалда бу миқдор 200 млрд сўмни ташкил этади. Шунингдек, 50 млрд сўмдан 200 млрд сўмгача бўлган инвестиция лойиҳаларини инфратузилма билан таъминлаш харажатлари лойиҳа қийматининг 20 фоизидан ошмаслиги назарда тутилмоқда.
Фармонда Молия вазирлиги ва Марказий банкка 2022–2026 йиллар давомида: Хоразм вилоятининг 98 та “оғир” маҳалласига “маҳаллабай” ишлаш тизимини жорий этиш учун 200 млрд сўм; аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва жалб қилиш билан шуғулланадиган нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлашга 50 млрд сўм миқдорида кредит ресурсларини ажратиш бўйича вазифа юклатилди.
Шунинг билан бирга, 2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 ноябргача Оролбўйи минтақасидаги кичик тадбиркорларга ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган асбоб-ускуналарни олиб келиш ва улар ишлаб чиқарган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни бошқа ҳудудларга темир йўл транспортида етказиб бериш харажатларининг 50 фоиз қисми; маҳаллий экспортчиларга ўз юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларини экспорт қилишда, Каспий денгизигача ташиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилмоқда.
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Қорақалпоғистон Республикасида 45 та ва Хоразм вилоятида 40 та кичик саноат зоналари барпо этилишини таъминлаш вазифаси юклатилмоқда.
Ўз-ўзидан равшан, Президент фармони билан Оролбўйи минтақаси тадбиркорлари учун кўплаб янги имкониятлар очиляпти. Бу эса ўз навбатида ҳудуд иқтисодиётига ташқи ва ички инвестициялар ҳажмининг ортишига, янги иш ўринларининг яратилиши ва пировард натижада аҳоли турмуш даражасининг яхшиланишига хизмат қилади. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам мазкур фармонни қўллаб-қувватлайди. Унда кўзда тутилган чоралар тадбиркорнинг манфаатларини кўзлайди. Тадбиркорнинг маблағлари кўпайишига хизмат қилади. Тадбиркор бойиса, унинг қўл остидаги ишчиларнинг моддий манфаатдорлиги ошади. Қўшимча иш ўринлари яратилади. Бу аҳоли даромадларининг кўпайиши демак. Демакки, партиямиз электорати эҳтиёжи таъминланади.
Ўрол Ўразбоев,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.