25 ноябрь — Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни

 

Аёлни асранг!

Дунёда аёлларга нисбатан зўравонликлар ошиб бормоқда. Зўравонлик ўзи нима? Зўравонлик – тазйиқ ва таҳқирлашлар орқали шахс устидан назорат қилишдир. Яъни зўравонлик жабрланувчи ва унинг ҳаёти устидан назорат қилишни онгли равишда ўрнатишдир.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, 15 ва 49 ёшдаги хотин-қизларнинг 25 фоизидан кўпроғи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келишади. Ушбу зўравонликларнинг 33 фоизи Жануби-Шарқий Осиё минтақаси ҳудудига тўғри келмоқда.

Мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган изчил сиёсат олиб борилмоқда. Энг аввало, Ўзбекистон БМТнинг «Хотин-қизлар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида»ги Конвенциясига қўшилган. Афсус, кўрилаётган чороа-тадбирларга қарамай, ҳамон аёллар ҳуқуқларини топташ ҳолатлари учраб туради.

Жорий йилнинг ярим йиллигида аёлларга зўравонлик ҳолатлари кескин ошган. Жумладан, 2021 йилнинг дастлабки 6 ойида республика бўйича 20 минг 387та ҳимоя ордери расмийлаштирилган. Бу ўтган йилнинг шу даври билан солиштирилганда қарийб 6 баробарга кўпайганини кўрсатади. Уларга нисбатан зўравонлик акс этган рақамлар аслида бундан ҳам кўп бўлиши мумкин. Бунга сабаб эса ўзбек аёллари андиша қилиб кўп ҳолда зўравонликларга кўз юмадилар.

Ички ишлар вазирлигининг Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси Бош бошқармасининг маълумотига кўра, хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ва тазйиқ ўтказиш ҳолатлари водий вилоятлари ва воҳада кўпайган. Фарғона вилоятидан – 2 766 та, Қашқадарё вилоятидан – 2 284 та ва Андижон вилоятидан 1 837та мурожаат қайд этилган. Бу рақамлар одамни ташвишга соладиган кўрсаткичдир.

Мамлакатимизда бундай иллатларни олдини олишнинг таъсирчан механизмлари ишлаб чиқилмоқда. Жумладан, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда ҳам хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналиши қилиб белгиланган. 2021 йил 19 майда қабул қилинган “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига асосан янгича тизим яратилди. Яъни , Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тугатилиб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ва унинг ҳудудий бўлимлари ташкил этилди.

Марказларнинг асосий вазифаларидан бири тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш ҳисобланади.

24 соат ишлайдиган 1146 қисқа рақамли “ишонч телефони” фаолияти йўлга қўйилди. Бу орқали тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар билан мулоқот қилиш ва шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, маслаҳат бериш ва ахборот тақдим этиш масалалари бўйича келиб тушган мурожаатларга тезкор муносабат билдириш амалиёти йўлга қўйилди.

Жорий йилнинг 25 ноябрдан бошлаб республикамизда “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол саъй-ҳаракатлар” кампанияси бошланди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ХДП “Аёллар қаноти” томонидан ушбу 16 кунлик кампанияда партия тизими сафидаги фаол аёллар ва депутат аёлларни жалб қилган ҳолда “Биз зўровонликка қаршимиз!” шиори остида “Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида”, “Биргаликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликлардан ҳимоя қиламиз!” мавзуларида туркум тадбирларни ўтказиш режалаштирилди.

Ҳар бир хотин-қиз зўравонликсиз ҳаётда хавфсиз ва фаровон яшашга ҳақли. Унинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланади. Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича ҳар бир шахс ўзини дахлдор ҳис этиши, бундай ҳолатларга барҳам беришда барча бирдек фаол иштирок этиши лозим.

 

Гулшан Асатова,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари.

 

 

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш