Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясиаҳоли манфаатларига хизмат қилади

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқи ва унда илгари сурилган Тараққиёт стратегиясини халқимиз катта қизиқиш билан кутиб олди. Давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасини қамраб олган еттита йўналишдаги вазифалар халқимиз фаровонлигини янада ошириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш, мамлакат тараққиётини янги босқичга кўтаришга қаратилган муҳим таклифлар ва ташаббуслар илгари сурилди. Унга биноан Ўзбекистон ҳаётидаги мисли кўрилмаган ўзгаришлар эндиликда янада кенг тусда давом эттирилади. “Олий Мажлис фаолиятини янада такомиллаштириш, халқимиз кутаётган, Янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга хизмат қиладиган қонунчилик концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш, қонун ижодкорлиги фаолиятини демократлаштириш ва уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилади. Бу борада парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олинади. Жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш амалга оширилади”, деди Президентимиз.

Мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида ўз аксини топган изчил ислоҳотлар, ўзгаришлар янги Ўзбекистон карвонининг муносиб йўлда эканлигини исботлади. Келгусида ушбу ислоҳотларнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” деган тамойил асосида иш тутилади. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини, тараққиётнинг янги даврини бошлаб беради. Бунда “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, интилиш ва истакларини инобатга олишга эътибор қаратилади.  

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг ҳар бир йўналишидаги мақсад-вазифалар, илгари сурилаётган ташаббуслар, энг аввало, инсон омилига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Масалан, биринчи йўналишдаги вазифалар қаторида миллий парламентимиз фаолияти, сенатор ва депутатларнинг ўрни ва иштирокига алоҳида эътибор қаратилиб, халқчил қонунлар ишлаб чиқиш, мурожаатлар билан ишлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни кучайтириш кўзда тутилмоқда. Зеро, Олий Мажлис палаталарининг фаолияти янада такомиллаштирилиши, ҳаётий ва халқчил қонунлар ишлаб чиқилиши янги Ўзбекистон тараққиётини тезлаштиришга, кўзланган марраларга эришишга хизмат қилади.  Ҳар бир соҳанинг асоси қонун ва ҳуқуқий меъёрлар билан таъминланади. Қонун мавжуд бўлган ва албатта, ишлаган жойда эса ижтимоий адолат, тараққиёт бўлади. Демак, ислоҳотларимизнинг боши қонунчиликдан бошланади. Ҳаётий ва пухта қонунларни қабул қилиш дастлабки иш бўлса, уларнинг ижросини таъминлаш, ҳаётда қўлланилишига эришиш энг муҳим масала. Президентимиз илгари сурган ташаббуслар ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан таъсирчан назорат ўрнатишда, давлат ва жамиятни ривожлантиришнинг стратегик йўлларини белгилашда парламентнинг иштирокини сезиларли даражада оширади. Айтиш жоизки, шу пайтгача энг аввало, Вазирлар Маҳкамасининг, вазирликлар ва идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг парламент олдида ҳисобдорлигининг комплекс тизими жорий қилинганини қайд этиш жоиз. Жумладан, Ҳукуматнинг тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастури бажарилишининг бориши юзасидан ҳар чораклик ҳисоботини кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилди. Ҳукумат аъзолигига номзодларни Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва маъқуллаш амалиётидан фойдаланилмоқда. Ҳукумат аъзоларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитиш — «Ҳукумат соати» институти жорий этилди. Қонунчилик палатаси мажлисларида нафақат Ҳукумат аъзоларининг, балки бошқа хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳам ўз фаолиятига доир масалалар юзасидан ахборотини эшитиш амалиёти йўлга қўйилди. Қолаверса, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ҳукумат аъзолари ва тармоқ раҳбарларининг ҳисоботини мунтазам эшитиб бориш тизими жорий қилинди.

Қайд этиш жоизки, ўтган даврда парламент назорати фаолиятининг натижадорлиги ошди. Мисол учун, 2020 йили давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига 14 та парламент сўрови юборилди. Ҳолбуки, 2016 йилда бор-йўғи битта парламент сўрови жўнатилган. Бундан ташқари, ҳудудлардаги долзарб масалалар, сайловчилар муаммолари парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда ҳал этилмоқда. Жумладан, ўтган йили Қонунчилик палатаси мажлисларида 19 маротаба Ҳукумат ва хўжалик бошқаруви органларининг ахборотлари эшитилди, 9 маротаба «Ҳукумат соати» ўтказилди ва 338 та депутат сўрови юборилди.

Давлатимиз раҳбарининг дастуриламал нутқида қонунларнинг ижросини таъминлашга қаратилган парламент назоратини кучайтиришга устувор аҳамият берилиши алоҳида қайд этилди. Бу борада парламент томонидан мамлакатимиз бўйича мурожаатлар билан ишлаш ҳолати назоратга олинади. Жойлардаги ижро идораси раҳбарлари ҳисоботини эшитиш ва унинг натижасига мувофиқ, уларга нисбатан таъсирчан чоралар кўриш амалга оширилади. 

Дарҳақиқат, халқ вакиллари сайловчилар билан учрашувларда аҳоли томонидан келиб тушадиган мурожаатларни назоратга олиш билан чекланиб қолмасдан, уларни тизимли равишда ҳал қилиш учун таъсирчан чораларни кўриши лозим бўлади. Биз депутатлар нафақат ўзимизга келиб тушаётган мурожаатлар билан ишлаши, балки ҳукумат вакиллари, идора ва ташкилотларнинг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолияти устидан ҳам парламент назоратини ўрнатган ҳолда муаммоларни, мурожаатларни тизимли ҳал этилишига кўмаклашишимиз лозим. Бу борада Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида илгари сурилаётган ташаббуслар, албатта, ўз натижасини кўрсатади. Қонунчилик палатаси парламент назорати соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириб боради.

Парламент бундан кейин ҳам фуқаролар билан мулоқот сифатини яхшилаш, ўз сайловчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этади. Биз фуқароларнинг барча мурожаатларига тезкор ва самарали муносабат билдириш тизимини шакллантириш бўйича ишларни давом эттирамиз.  Биз сайлов округларида сайловчилар билан бевосита мулоқот шаклидаги ишларни давом эттирамиз. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами вакилларининг мурожаатлари бажарилиши, «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари» юритилиши алоҳида назоратга олинади.

Бир сўз билан айтганда, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, аввало, инсон омилига, инсон қадр-қимматига, аҳоли манфаатларига хизмат қилган ҳолда мамлакатимиз тараққиётини янги поғонага кўтаради. Бугунимиз, эртамиз, яқин ва узоқ келажагимиз, фаровон ва бахтли ҳаётимиз йўлида дастуриламал бўлади. Унинг ижросига эса сизу биз — ҳаммамиз масъул ва жавобгармиз.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш