Бош Қомусимиз 29 ёшда!

 

Асосий Қонунимиз яратилишининг мураккаб ва муҳим, айни чоғда шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси эканига комил ишонч ҳосил қиламиз.

Авваламбор, конституциявий “бино”ни қуришда уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибасига таянилган. Бугунги янги Ўзбекистон қадимги Хоразм ва Суғдиёна, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, Амир Темур ва Темурийлар, ўзбек хонликлари, маърифатпарвар аждодларимиз, халқимизнинг тарихий анъаналари ва унинг мустақил давлат ҳақидаги кўп асрли орзусини мужассам этган.

Қолаверса, манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, Асосий Қонунимиз Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимолнинг 97 та мамлакати тўплаган илғор конституциявий тажрибани ҳисобга олиб яратилган.

Ўзбекистон Конституциясининг ғоя ва нормаларида халқимизнинг кўп асрлик тажриба ва маънавий қадриятлари, бой тарихий-ҳуқуқий мероси акс эттирилгани унинг ҳаётийлигининг кафолатидир.

Шу билан бирга, Асосий Қонунимиз кўплаб демократик давлатларда конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг умумэътироф этилган нормалари ҳамда мазкур соҳадаги бошқа халқаро ҳужжатларга асосланган инсон ҳуқуқ ва манфаатлари, эркинлигини таъминлаш ва ҳимоя қилиш механизмини ўзида мужассам этган.

Конституциянинг қабул қилиниши ижтимоий ва давлат қурилишининг барча жабҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчилигимизнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизимни ташкил этди.

Яқин ўтмишда Конституциямиз яралишига оид жараёнларни эслаш ва эслатишдан муддао янги Конституциямизни яратиш йўлидаги курашлар мустақиллик учун курашнинг узвий, ажралмас қисми эканлигини эътироф этишдан иборат. Зеро, биз ўз истиқлолимизни қандай қийинчиликлар билан, қандай синов ва суронли курашлар билан қўлга киритган бўлсак, Ўзбекистоннинг Конституциясини яратиш йўлида ҳам худди шундай мураккаб синовларни бошдан кечирдик.

Бугун эса Конституциямиз 29 ёшда.

Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллашида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Мамлакатимиз босиб ўтган ғоят мураккаб ва шарафли йўл Бош қомусимизнинг ҳаётбахш кучи ва улкан салоҳиятидан далолат беради.

Асосий қонунимиз негизида яратилган Янги Ўзбекистон стратегияси бугунги кунда жонажон Ватанимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришда, инновацион ва индустриал ривожланиш сари одимлашда беқиёс ўрин эгалламоқда.

Муҳтарам Юртбошимиз Мирзиёев Шавкат Миромонович томонидан илгари сурилаётган инсон манфаатлари, орзу-истакларини рўёбга чиқариш йўлидаги саъй-ҳаракатлар ва ташаббуслар замирида аввало инсон қадри ётиши, бу ҳаракатларга асос сифатида Бош қомусимиз инсонпарварлик ғояларини акс эттириши ўзига хос аҳамият касб этади.

 

Анвархон ТЕМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш