Ижтимоий тармоқларда бир неча ёшлар Турин политехника университети дарвозаси олдида тўпланиб, муштлашгани ва бунинг оқибатида университет талабаси юзига урилган зарба оқибатида ерга йиқилиб, вафот этгани ҳақидаги нохуш хабар тарқалди ва бу кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Марҳумнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган ҳолда жиноятни содир этган шахс қонун доирасида жазоланиши зарурлигини таъкидлаймиз. Бу каби ҳолатларнинг қайта такрорланмаслиги ёки олдини олиш учун ёшлар ўртасида тушунтириш ишларини кучайтириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олиш учун нафақат ота-она, мактаб, ўқув даргоҳлари, балки маҳалла, бир қатор ташкилот ва идораларнинг ҳам ўрни ва масъулиятини ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Ёшлик инсоннинг келажаги учун пойдевор бўладиган муҳим палладир. Бу неъматдан унумли фойдаланиб, ўзининг салоҳиятини ошириб борган, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга киришган инсонгина оиласи, жамият ва халқ учун манфаатли инсон бўлиб шаклланади.
Турин университети талабасининг ўлими юзасида олиб бориладиган тергов ҳамда суд жараёнлари очиқ, шаффоф ўтказилиши ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиб борилиши зарур деб ҳисоблаймиз. Токи, жиноятга жазо муқаррарлиги ва юртимизда адолат қарор топишига ҳеч кимда шубҳаси қолмасин.
Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати.