Коррупцияга қарши кураш кучайтирилиши лозим

 

Одамлар оғзидаги гапларга эътибор берсангиз, кейинги пайтда ҳокимият вакиллари ўртасида таъмагирлик, порахўрлик ҳолатлари кўпайиб кетгани тез-тез такрорланаётганига гувоҳ бўласиз. Ҳа, энди, булар кўчанинг гапида, десангиз, далилий ашёлар билан жиноят устида қўлга тушган мансабдорлар ҳақидаги хабарлар ОАВ ва ижтимоий тармоқларда ёмғирдан сўнгги қўзиқориндек пешма-пеш чиқиб турибди.

Бу борада энг сўнгги ва катта шов-шувга сабаб бўлган воқеа Олмазор тумани ҳокимлиги мансабдор шахси билан юз берди: ер олиб бериш ваъдаси важидан катта миқдордаги пора талаб қилган ҳокимият вакили ва унинг ҳамтовоқлари хамир учидан патир – 50 минг доллар олаётган вақтда ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Бу каби ҳолатлар, яъни, ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари томонидан содир этилаётгани кўпчиликда коррупцияга қарши кураш тадбирлари етарли даражада самара бермаяпти, деган тушунча шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Фаолиятимизга, юриш-туришимизга ҳаққоний баҳони халқ беради, деб кўп гапирамиз. Бу – ҳақиқат. Халқ ҳақиқат кўзгусини юзимизга тутаётган экан, ҳақиқатга тик боқишимиз ва жамиятда одамларнинг норозилигига сабаб бўлаётган иллатларга қарши қатъий курашиш чора-тадбирларини кучайтириш шарт. Айниқса, мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятларга муросасиз бўлиш лозим. Жиноятда гумонланаётган амалдорларга нисбатан олиб борилаётган тергов ҳаракатлари, суд жараёни оммавий ахборот воситаларида ошкора, кенг ёртилиши керак. Токи, оддий одамлар содир этилган қилмиш учун қонун олдида фақат майда “балиқ”лар эмас, “наҳанг”лар ҳам жавоб бериши муқаррар эканига ишонишлари лозим.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш