Амалий ишлар халқ ишончини мустаҳкамлайди

 

Ҳаёт ҳар куни олдимизга янги вазифалар ва уларни ҳал этиш шартларини қўймоқда. Бу албатта, аҳолининг турмуш шароитини янада яхшилаш, уларни ўйлантираётган, ташвишга солаётган масалаларни аниқлаш ва уларга ечим топиш жараёнлари билан боғлиқ.

Шу мақсадда айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида бўлиб аҳоли билан учрашувлар ўтказмоқда. Сайловчилар билан мулоқотлар парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан ахборот бериш, қабул қилинган қонунларнинг қандай ишлаётгани, соҳаларда, хўжалик юритиш амалиётида бугунги кунда қандай янги қонун ва ҳуқуқий меъёрларга эҳтиёж сезилаётгани, одамларни қандай муаммолар ўйлантираётгани ва уларни ҳал этиш бўйича нималар қилиш зарурлигини аниқлаш, депутатларнинг электорат олдида ҳисобдорлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шербек Бўронов ҳам шу кунларда Пахтачи ва Нарпай туманларида сайловчилар билан учрашиб, улар билан самимий суҳбатлар ўтказмоқда, мурожаатларини тинглаб, уларга ечим топишда амалий режаларни белгилаб олмоқда.

Учрашувларда депутат дастлаб сайловчиларни янги қабул қилинган қонун ва қарорлар, уларнинг мазмун-моҳияти билан таништириб ўтди. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг яқинда қабул қилинган қарорига асосан пахта ва ғалла майдонларини босқичма-босқич қисқартириш эвазига аҳолига деҳқончилик қилиши учун ерлар ажратилиши, бу орқали эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имкониятлар яратилиши ҳақида фикр алмашилди, бу масалага оид меъёрий ҳужжатлар ҳақида маълумот берилди.

Самимий мулоқот ва фикр алмашиш руҳида ўтган учрашувларда сайловчилар Шербек Бўроновга ўзларини ўйлантираётган масалалар бўйича ҳам мурожаат қилишди. Ички йўлларни таъмирлаш, ичимлик суви қувурларини ўтқазиш, электр энергияси доимийлигини назорат қилиш ва бошқа ижтимоий муаммолар шулар жумласидандир. Суҳбатлар давомида одамлар ўзлари сайлаган депутатлари билан учрашувни кутишгани, муаммолар ечимида унга ишонишларини билдиришди. Боиси, шу вақтга қадар ҳам депутат уларнинг ҳеч бир мурожаатларини эътиборсиз қолдирмаган. Имкон қадар уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топишга ҳаракат қилади.

Мисол учун депутатга Самарқанд вилояти Нарпай туманидаги “Тортувли” маҳалла аҳолисидан ичимлик суви бўйича мурожаат бўлган. Депутат кўмаги ва ташаббуси билан яқинда ушбу маҳаллага 12 км сув қувури ўтказилиб, ичимлик суви муаммоси ҳал этилди. Энди маҳалла аҳлининг орзуси рўёбга чиқадиган бўлди. Энди улар сув учун узоқ ҳудудларга бориб келишмайди. Шунингдек, депутат ташаббуси билан яқинда тумандаги Дедан ва Козиёқли маҳаллаларига янги трансформатор ўрнатилди. Қишнинг қировли кунларида аҳолини узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш савобли амаллардан ҳисобланади, албатта.

Пахтачи тумани сайловчилари ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг мурожаатларига асосан Олий Мажлис депутати ёрдами билан бир неча кун олдин “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан Самарқанд вилояти учун ажратилган Беларус 82.1 русумли (ямабур) тракторидан бирини Пахтачи туманига олиб келишга эришилди. Бу албатта туман аҳолисининг оғирини енгил қилиш, уларга қулай меҳнат шароитлари яратишга ҳисса қўшишга хизмат қилади.

Шербек Бўроновга сайёр қабул ва учрашувларда Нарпай туманидаги 35-, 36-мактаб жамоаси ва кўп сонли ота-оналар физика-кимё фанлари учун лаборатория жиҳозлари олиб беришда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишган эди. Депутатнинг Халқ таълими вазирлигига ушбу масалада амалий ёрдам бериш бўйича қилган мурожаатидан сўнг вилоятда биринчилардан бўлиб ушбу мактабларга энг замонавий электр лаборатория олиб берилди.

Бу каби амалий ишлар албатта одамларнинг халқ вакилларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлайди. Ислоҳотларга, жамиятдаги ўзгаришларга ижобий қараш, уларга дахлдорлик туйғуларини шакллантиради.

 

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати.

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш