Коррупция – ҳалокатга бошловчи йўл

 

Агар мендан, коррупция қачон ва қандай бошланади, деб сўрашса, авваламбор инсон тушунчасининг шаклланишидан бошланади, деб жавоб берган бўлардим. Масалан, бизда одатий кўринган кўплаб ҳолатлар, Жанубий Корея ёки Европа давлатларида яшовчи одамларга эриш туюлади. Мисол учун, уларга давлат хизматчисига ёки тиббиёт ходимига миннатдорчилик билдириш юзасидан "одамгарчилик" қилдим, деб кўринг-чи. Сизни жиноятчи, деб ўйлашлари тайин.

Аслида, нафақат пора олаётганлар, балки пора бераётган ёки бошқа усулда кимнидир миннатдор қилиб ишини битиришни ўйлаётганлар ҳам коррупцияга кенг йўл очиб бераётганлар тоифасидан ҳисобланади. Ёки, ёшлар ўртасида бирор соҳада танлов ўтказилса, ҳар доим ҳам муносиб номзод ғолиб бўлади, деб ўйлайсизми? Албатта йўқ, зўри ёки зари бўлса биронта олғир улоқни илиб кетади.

Буни бошқа қатнашчилар, айниқса ёшлар, мактаб ўқувчилари кўрмайди, билмайди, деб ўйлайсизми? Ёки улар буни тушунмайди, дейсизми? Энг катта фожеа шунда! Шундан сўнг ҳам уларга адолат ҳақида гапириб кўринг-чи? Бир неча марта шундай ноҳақликка дуч келган ёшлар, айланма йўлни излашга тушмайди, деб ким кафолат беради?

Коррупцияга қарши кураш кучайтириляпти ва бу албатта, яхши. Бироқ, ижтимоий адолат принципи бузилар экан, ҳар қандай кураш натижасиз тугайди. Жамиятда адолатни қарор топтириш, тўғрилик ва ҳалолликни фарзандларимизга болаликдан бошлаб, мактабда, оилада сингдириб бориш, қонунни бузганларга жазо муқаррар эканлигига уларни ишонтириш бу коррупциясиз жамият қуриш йўлидаги катта курашдаги энг зарур дастлабки қадам ҳисобланади.

 

Сарвиноз Маманова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати вакили.

 

 

Теглар

Ёшлар қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш