“Хотин-қизлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида”

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Навоий вилоят ва шаҳар кенгашлари ҳамкорлигида вилоят ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш марказида шу мавзуда давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирни марказ директори Улуғбек Бозаров очиб берди ва давлат бошқарувида аёлларнинг улуши ортиб бораётганлиги ҳамда уларнинг жамият ҳаётидаги иштирокини янада ошириш амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади.

Давра суҳбатида партия шаҳар Кенгаши раиси У. Шомиров партиянинг мақсад ва вазифалари ҳамда сайловолди дастурдан ўрин олган хотин-қизлар йўналиши бўйича амалга оширилиши керак бўлган ислоҳотлар тўғрисида маъруза қилди.

– Ўзбекистон Конституциясида инсон қадр-қиммати юқори даражада эътироф этилиб, гендер тенглиги масаласига алоҳида урғу берилган, – деди ЎзХДП Навоий шаҳар Кенгаши раиси У. Шомиров. – Бу билан мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда иштирок этиши ҳуқуқий кафолатланган. Гендер тенглиги ижтимоий тенгликни ҳам англатади. Бундай тенгликни таъминлаш учун Конституция ва қонунларга зарур қоидаларни киритишнинг ўзи кифоя эмас. Гендер тенглигини таъминлаш учун аёл ва эркакнинг ҳуқуқий ахборот ресурслардан фойдаланиш давлат ва жамият бошқарувида иштирок этиш имкониятлари тенг бўлиши шарт.

Вилоят кенгаши ходими Хуршида Нарзиева опа-сингилларимиз ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган иккита муҳим ҳужжат – “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунларнинг аҳамияти тўғрисида давар суҳбати иштирокчиларига тушунчалар берди.

Таъкидланганидек, аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларининг ҳуқуқий ҳимояси кучайтирилди, қонуний кафолатлари мустаҳкамланди. “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан биридир.

Давра суҳбати савол-жавобларга бой тарзда ўтди.

 

Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят кенгаши

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз
← Рўйхатга қайтиш