Инсон ҳуқуқи бола ҳуқуқидан бошланади

Бугунги кунда юртимизда болаларни ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича жуда кўплаб амалий ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада тегишли ҳуқуқий база шаклланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Оила кодекси, Фуқаролик кодекси, Меҳнат кодекси, Жиноят кодекси ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид нормаларда ўз ифодасини топган.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция инсон ҳуқуқлари соҳасидаги энг муҳим ҳужжатлардан биридир. Ҳозирги кунда болаларни ҳимоя қилиш ва уларнинг ҳуқуқлари тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш бутун дунёда давлатларнинг мажбуриятларига айланди. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция эса бунга тўлиқ асос бўла олади.

Маълумки, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни яратиш эҳтиёжи 1959 йил Бола ҳуқуқлари ҳақидаги Декларация қабул қилингандан сўнг пайдо бўлган. Бироқ уни тайёрлаш жараёни кўп вақтни талаб қилди.1979 йил Халқаро болалар йилида жаҳоннинг турли мамлакатлари ҳукуматлари томонидан тавсия қилинган фикрлар бўйича фаолият олиб борувчи мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳ тузилиб, ушбу ишчи гуруҳ 10 йил давомида  музокаралар олиб борди. Ниҳоят 1989 йил 20 ноябрда БМТнинг Бош Ассамблеяси Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни қабул қилди.

Ушбу санадан эътиборан, бола ҳуқуқлари ҳимояси кафолати бутун дунёда таъминланди,  уни ҳимоя қилиш борасида халқаро механизм вужудга келди. Конвенция муболағасиз бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг кафолатлари мустаҳкамланган биринчи халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлиб, унда иштирок этувчи мамлакатлар унинг қоидаларини қатъий бажаришлари шартлиги белгиланди. Конвенция умумий меъёрларни жорий қилиб, унда алоҳида давлатларнинг маданий, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий қирралари акс этган. Ҳар бир давлат бу меъёрларнинг бажарилишига ўзига хос миллий хусусиятларини назарга олиш ҳуқуқ ва имкониятига эга.

Илгари бола ҳақида ғамхўрлик у ҳимояга муҳтож бўлган тақдирдагина амалга оширилар эди. Конвенция қабул қилиниши муносабати билан мутлақо янги концепция белгиланди. Унда таъкидланишича, ғамхўрлик ва ҳимоя бу — мурувват масаласи эмас, балки ҳуқуқдир. Конвенция кучга кириши билан, у болалар учун асосий ижтимоий ва ҳуқуқий мезонлар, тартиб ва қоидалар қатъий белгиланган мажмуага айланди.

Конвенцияда илк бор бола тушунчаси очиб берилди, боланинг ҳуқуқ ва эркинлик доираси кенгайтирилди, ҳужжатда шафқатсиз қийноқ ва қуролли тўқнашувлар қурбони бўлган, шунингдек, қонунни бузган ва муомалага лаёқатсиз болаларнинг юридик ҳимояси назарда тутилган. Тўртинчидан, унда болаларни баъзи бир салбий ҳодисалар (гиёҳванд¬лик ва руҳий таъсир этувчи моддаларни ноқонуний истеъмол қилиш, болаларни сотиш ва ғайриқонуний мақсадларга жалб этиб, улардан фойдаланиш) каби таъсирлардан ҳимоя қилиш масалалари ҳам алоҳида қайд этилган. Ковенцияда шунингдек, бола ёки ўсмир ҳуқуқларини ҳимоя қилишда камситмаслик тамойили эътироф этилган.

Мазкур халқаро хужжат бола ҳаёти билан боғлиқ 54-моддани ўз ичига олган. Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни ратификация қилган ёки унга қўшилган ҳар бир мамлакат ўз миллий қонунчилигини унинг қоидаларига мувофиқ қайта кўриб чиқишлари лозим.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини босқичма босқич ислоҳ этиш, бу соҳадаги халқаро меъёрларни миллий қонунчилликка имплементация қилиш ва қонунчиликни такомиллаштиришга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.

1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши, Ўзбекистон томонидан “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияни ратификация қилиниши ва ушбу халқаро хужжатни миллий қонунчилигимизга мослаштириш юзасидан 2008 йил 7 январда “Бола ҳуқуқлари кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг қабул қилиниши юқоридаги эзгу ишларга қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур Конвенция республикамизда болалар ҳуқуқларига оид миллий қонунчиликнинг мустаҳкам базасини яратишда муҳим аҳамият касб этди.

Бугунги кунга келиб мамлакатимизда болалар манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир барча асосий халқаро ҳужжатларга қўшилди. БМТнинг Балоғатга етмаган болаларга нисбатан одил судлов юритишга доир минимал стандарт қоидалари (Пекин қоидалари, 1985 йил) ҳамда БМТнинг Вояга етмаганлар ўртасида жиноятларнинг олдини олиш учун бош тамойиллари (Ар-Риёд бош тамойиллари, 1990 йил) шулар жумласидандир.

"Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаб берди. Ушбу қонун мамлакатимизда яшаётган ҳар бир боланинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, унинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш, камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ҳуқуқлари ва имкониятлари тенглигини таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур қонунда боланинг яшаш, шахсий дахлсизлик, оила муҳити, мулкка эгалик қилиш, меҳнат қилиш, таълим олиш ва бўш вақтини мазмунли ўтказиш, ижтимоий ҳимояланиш каби ҳуқуқлари кафолатлари аниқ белгилаб қўйилган. Зеро, фуқаролик жамияти болаларнинг улғайиши, ҳимояланиши ва жамият ҳаётида иштирок этиши, ижтимоий таъминот хизматлари сифатли бўлишини таъминлашда қудратли куч бўла олади.

Мазкур йўналишлар ижросига қаратилган ишларнинг узвий ва тизимли равишда олиб борилаётгани, албатта, соҳа ривожида, пировардида миллат келажагини асрашда долзарб аҳамият касб этади.

 

Феруза ЭШМАТОВА,

Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси.

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш