Мақсадимиз – халқ розилиггига эришиш

 

Жорий йилнинг 29 ноябр куни Жиззах шаҳрининг “Бобур” маҳалласида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ўрол Ўразбоев сайловчилар учун сайёр қабул ташкил этиб, аҳоли муаммоларини ҳамда худуддаги таълим, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш ташкилотлари фаолиятини ўрганди.

Шаҳардаги 5-сонли умумтаълим мактабида ўтказилган учрашувда сайловчиларга Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқининг мазмун-моҳиятини тушунтирди. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 ноябрдаги «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора тадбирлари тўғрисида»ги қарори, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экишда иштирок этиш каби масалалар ҳақида ҳам сўз юритди.

Республикамизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 66 та мамлакатларига экспорт қилинмоқда. Бунда мева-сабзавотлар ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми 2016 йилдан 2021 йилга қадар 2 баробарга ошди. Ҳисоб-китобларга кўра, 1 гектар майдонда етиштирилган пахта хомашёсига нисбатан узумдан 7 баравар, гилосдан 6 баравар, ёнғоқдан 6 баравар кўп даромад олиш ҳамда ушбу ерларда оилавий тадбиркорлик доирасида кичик интенсив боғдорчилик, узумчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка етиштириш ва сабзавотчилик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш орқали “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турган эҳтиёжманд оилаларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш бўйича катта имконият мавжуд. Шу сабабли фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача бўлган ўлчамларда очиқ электрон танлов орқали 10 йилга ижарага бериш тартиблари жорий этилаётганлиги айтилди.

Қонун ижодкорлиги – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятининг энг муҳим, биринчи галдаги вазифаси. 2021 йил 9 ойи давомида жами 117 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилган бўлиб, шундан 51 таси алоҳида қонун сифатида, 33 таси эса 10 та қонунга бирлаштирилиб, жамланма қонунлар тариқасида, 4 таси халқаро шартномалар ва битимларни ратификация қилишни назарда тутувчи қонун сифатида, шунингдек, ҳудудлар номи ва чегаралари билан боғлиқ масалалар юзасидан 3 та қарор қабул қилинганлиги тўғрисида маълумотлар берилди.

Депутат “Хайрабод” маҳалласи ҳудудидаги 26-сонли умумтаълим мактаби ҳолатини ҳам ўрганди, мактаб биноси 1969 йилда қурилган бўлиб, 2006 йилда капитал реконструкция қилинган, қуввати 316 ўринга мослаштирилган, бугунги кунда 720 нафар ўқувчи таҳсил олади. Дарсликлар икки сменада ташкил этилган. Бино ва спорт зали таъмирталаб аҳволда. 28 та компьютер жамламаси мавжуд бўлиб, 15 таси яроқсиз, боз устига, бинода ошхона мавжуд эмас. Шунинг учун мактабда янги бино қуриш борасидаги хулосага келинди.

“Амир Темур” маҳалласида жойлашган 41-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси ўрнида ҳам шаҳар архитектура қурилиш назорати мутахассислари бинони яроқсиз деб топишгани учун янги бино қуришга келишилди.

Шаҳар соғлиқни сақлаш бўлимига қарашли 1-оилавий поликлиника, Амир Темур маҳалласи ҳудудидаги 1-оилавий поликлиниканинг “Жилли-гулли” филиали, “Қассоблик” маҳалласидаги 2-оилавий поликлиника биноси, “Наврўз” маҳалласидаги шаҳар физиатрия диспансери, шаҳар неврология ва болалар бўлими биноларини капитал таъмирлаш зарурлиги, шунингдек, 2, 3 ва 4-оилавий поликлиникалар ўрнида янги бино қуриш эҳтиёжи борлиги аниқланди.

Сайёр қабулда ҳал этилиши кутилаётган қатор масалалар муҳокама этилди, тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

ЎзХДП Жиззах шаҳар кенгаши

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш