Тараққиётга хизмат қиладиган ташаббуслар

 

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ҳудуди тарихи, дини, маданияти ва қадриятлари муштарак, улкан имкониятларга эга бўлган минтақадир. Дўст давлатларимизни азалдан ўзаро ҳурмат ва ишонч муҳити, савдо ва транспорт-коммуникация алоқалари чамбарчас боғлаб туради.

Шу нуқтаи назардан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ашхабодда бўлиб ўтган ИҲТнинг навбатдаги 15-саммитида илгари сурган таклифлари иқтисодий ўсишнинг асосий драйвери савдо ва инвестиция алоқаларини кучайтириш гарови бўлиб хизмат қилади. Бу Ўзбекистоннинг янги очиқлик ва яхши қўшничилик сиёсатининг мантиқий давомидир. Зеро, Ўзбекистон барча минтақавий ташкилотлардаги иштирокини фаоллаштириб, халқаро миқёсда дадил ташаббусларни илгари сурмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон томонидан ИҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро инвестициялар оқимини кўпайтириш ва уларнинг ишончли ҳимоясини мустаҳкамлаш, шунингдек, Қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ташаббусини алоҳида қайд этиш керак. Бу ўзаро савдо ҳажмларини ошириш, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жаҳон бозорида умумий рақобатбардошликни кучайтиришга имкон беради. Илгари сурилган таклифларнинг амалда бажарилиши ИҲТ доирасидаги савдо-сотиқ жараёнида мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, транзит юк ташишни оптималлаштириш учун шароит яратишга хизмат қилади. Бу ташкилот аъзолари учун ҳам, унинг халқаро ҳамкорлари учун ҳам фойдалидир, чунки барча экспортчи ва импортчилар савдо тартиб-қоидаларини соддалаштиришдан манфаатдордир.

Ашхабод саммити ва унда кўтарилган ташаббуслар Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари нуқтаи назаридан ҳам аҳамиятлидир.

Биринчидан, эришилган аҳдномалари, келишувлар амалга ошса, аъзо давлатлар ўртасида маблағлар, товарлар ва хизматлар эркин айланиши таъминланади. Бу янги бозорлар пайдо бўлиши, янги иш ўринлари яратилиши, барқарор даромад манбаи мустаҳкамланиши, хизмат турларини кенгайтириш, демакдир.

Иккинчидан, минтақаларимизнинг транспорт йўлакларини кенгайтириш ва транзит салоҳиятини ошириш, ўзаро иқтисодий ҳамкорлигимизни янада жадаллаштиради. Шу билан бирга, янги таклиф этилган Мозори Шариф – Кобул – Пешовар темир йўлининг қурилиши Афғонистонни кенг минтақаларимизга интеграция қилиш ва барқарор тараққиётни таъминлашда улкан аҳамият касб этади. Мазкур транспорт йўлаклари ҳам маҳсулотларимизнинг арзон нархларда жаҳон бозорига чиқариш имкониятини яратади. Демак, экспортчи олган даромади, фойдаси ҳисобига ишчининг моддий манфаатдорлиги таъминланади, фаровонлиги ошиб, турмуш шароити яхшиланади.

Учинчидан, 500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларимизнинг қабул қилинган “ИҲТ истиқболлари – 2025” концептуал дастури асосида савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланилса, юртимизга, минтақамизга катта миқдорда сармоялар кириб келади, бунинг шарофатидан юртдошларимиз ҳам, ташкилотга аъзо давлатлар аҳолиси ҳам бирдек фойда кўради. Бу ҳам қўшимча иш ўринлари, аҳолининг реал даромадлари ошиши гаровидир.

Давлат раҳбарининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти (ЮНИДО) ва Марказий Осиё иқтисодиёти учун Махсус дастури (СПЕКА) билан ҳамкорликда Ташкилот доирасида Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш таклифи, шубҳасиз, ИҲТнинг мавқеини мустаҳкамлайди ҳамда бирлашма доирасида кўп томонлама ҳамкорликни амалий ва сезиларли даражада кенгайтиришга хизмат қилади. Ташкилот доирасида савдо тўсиқларини олиб ташлаш, божхона процедураларини рақамлаштириш ва электрон тижоратни жорий этишни ўз ичига олиши керак бўлган янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини қабул қилиш таклифи ҳам амалий натижаларга асос бўлади, деб ўйлаймиз.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти аъзолари, маълумотларга кўра, 8 миллион километр масофани қамраб олган юртлар бўлиб, Осиё қитъасининг 20 фоизини ва жаҳоннинг 6 фоиз қисмини ташкил этади. Бу давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айланмаси эса 600 миллиард долларни ташкил этади.

Саммитда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий саҳнадаги мавқеини мустаҳкамлайди. Мамлакатнинг кучли тараққий топган давлатлар сафидан мустаҳкам ўрин олишига пойдевор бўлади, халқимизнинг фаровонлигини, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш гарови бўлиб хизмат қилади.

 

Улуғбек ИНОЯТОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари.

“Ўзбекистон овози”, 1.12.2021, №48

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш