Таълим — билим бериш, малака ва кўникмалар ҳосил қилиш жараёни, кишини ҳаётга ва меҳнатга тайёрлашнинг асосий воситаси. Таълимнинг мазмуни ва моҳияти жамиятнинг моддий ҳамда маданий тараққиёти даражаси билан белгиланади.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Халқ таълими вазири Б. Саидовнинг ўқитувчиларнинг билим ва савиясини ошириш тўғрисидаги баёноти кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ўқитувчи биринчи навбатда зиё улашади. Аслида Ватанимизнинг эртанги куни пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.
Бироқ, ўқитувчидек шарафли номга доғ тушираётган, ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашаётганлар ҳам бор-ки, бу бутун бир миллатнинг таназзулига сабабчи бўлиши мумкин. Айниқса, таълим тизимида коррупция ҳолатларига йўл қўйилаётганини кечириб бўлмайди. Бу Ватанга, миллатга хиёнат деганидир.
Олдимизга қўйган мақсадларимизга эришиш учун аввало фарзандларимиз билимли бўлмоғи зарур. Бу эса республикамизда таълим тизимини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотларни сифатли давом эттиришни талаб қилади. Ўқитувчиларни рағбатлантириш, ойлик маошларини ошириш билан бирга, уларнинг ҳам билим савиясини мунтазам ошириб бориш зарур. Соҳага ўз касбини чин дилдан севувчи, фидойи инсонларни жалб қилиш, ёшларни ўқитувчилик касбига қизиқтириш ҳам таълим сифатини яхшилашга хизмат қилади.
Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати