Конституция куни муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди

 

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ва Марказий Кенгаши ҳамкорлигида “Конституция – фаровон ҳаётимиз пойдевори” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари, партиянинг Марказий, минтақавий кенгашлари раҳбар, масъул ходимлари ва Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”га партиядан сайланган аъзолари штирок этди.

Давра суҳбатини Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Тўлқин Тўрахонов очиб, мамлакатимиз иқтисодий-сиёсий, ижтимоий ҳаётидаги ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳуқуқий асоси Конституциямиз ва у асосида қабул қилинган қонунлар эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Мухтасар қилиб айтганда, давлатимиз ва халқимиз ҳаётида юз бераётган барча ижобий ўзгаришлар Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилган талаб ва қоидалар туфайли амалга ошмоқда.

Конституция “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқаришда қонунларимизнинг пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. У орқали инсоннинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланмоқда. Ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилма ташкил этиш, малакали тиббий хизмат кўрсатиш, сифатли таълим, ижтимоий ҳимоя тизими яратиб бериш ҳаётий мақсадга айланди. Шу сабабли Конституциямиз сиёсий ҳамда ҳуқуқий эркинликнинг буюк тимсоли сифатида халқимиз қалбидан мустаҳкам ўрин олди, мамлакатнинг ҳар бир фуқароси эъзозловчи мўътабар ижтимоий қадриятга, олий маънавий неъматга айланди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосарлари Фирдавс Шарипов, Мақсуда Ворисова, Ёшлар парламенти аъзоси Гулбону Қувватова маъруза қилиб, Асосий Қонунимизнинг мазмун-моҳияти, ундаги муҳим тамойил ва қоидалар хусусида тўхталиб ўтдилар.

Маърузалар юзасидан Ўзбекистон ХДП Навоий вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Нуруллаев, Бухоро вилоят Кенгаши раиси Зулфия Туйева, Андижон вилоят Кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов, Тошкент шаҳар Кенгаши раиси Нигора Эшметова сўзга чиқди.

Давра суҳбати иштирокчилари томонидан Конституциямиз дунёдаги энг халқчил, энг демократик ҳужжатлардан бири экани эътироф этилиб, мамлакатимиз эришаётган барча ютуқ ва муваффақиятларнинг асоси эканлиги таъкидланди.

 

Ўзбекистон ХДП Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш